ЖЧ-2022 турнирида яна бир сенсация қайд этилди, бундеслигадаги японлар Германияни нокаутга учратди

ЖЧ-2022. 1-тур. E гуруҳи
Германия – Япония 1:2
Голлар: 1:0 – 33, пенальти Гундўған, 1:1 – 75 Доан, 1:2 – 83 Асано.
Германия – Нойер, Зюле, Рюдигер, Шлоттербек, Раум, Гундўған (Горетцка, 67), Киммиҳ, Ҳавертц (Фюллькруг, 79), Мюллер (Ҳофманн, 67), Гнабри (Мукоко, 90), Мусиала (Гётце, 79).
Япония – Гонда, Сакаи (Минамино, 74), Йосида, Итакура, Нагатомо (Митома, 57), Эндо, Камада, Кубо (Томиясу, 46), Танака (Доан, 71), Ито, Маэда (Асано, 57).

Немисча жумбоқ

Ҳозирги Германия миллий жамоаси ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Биринчиси — Ҳанси Флик саралаш циклини ғалаба марши билан бошлади. Тўғри, у ерда рақиблар Арманистон, Лихтенштейн, Исландия, Руминия ва Йоахим Лёвнинг даври якунланишига сабаб бўлган Македония эди.

Иккинчи вариант эса «немис машинаси» таърифига мутлақо мос тушмайди. Миллатлар Лигасида бу режим фақат Италия тор-мор этилган (5:2) кунда ёқилди. Қолган беш ўйинда — тўрт дуранг ва уйда Венгриядан мағлубият. Бундай натижалардан кейин жамоага оптимизм сусайди, терма жамоада яхши ўйнай бошлаган Вернер жароҳат олгач эса, позитивлик янада камайди.

Аввалги замонларда эса Германия деганда хаёлда дастлаб юқори савияли марказий ҳужумчилар гавдаланарди. Герд Мюллер, Румменигге, Клинсман, Феллер, Бирҳофф, Клозе... Ҳозир эса заявкада биргина классик марказий форвард бор — шошилинч равишда таркибга жалб қилинган Мукоко, у чемпионат очилиш куни 18 ёшга кирди. Табиийки, гуруҳнинг биринчи ўйинида дортмундлик вундеркинд бошланғич таркибдан жой олмади, страйкер вазифаси «Челси»да Томас Тухел даврида бу ишни яхши уддалаган Ҳаверцга топширилди.

Футболчидаги универсализм ва ҳужум чизиғида кучли ижрочилар кўплиги инобатга олинганда, бу энг ёмон вариант эмас. Сане жароҳат олиб сафдан чиққан бўлса-да, бу ҳужум чизиғида танлов катта, Флик эса Мюллер, Мусиала ва Гнабрини танлади. Захирада эса яна бир қанча ҳужумкор футболчилар, жумладан ЖЧ-2014 финалидаги олтин гол муаллифи Гётце қолди.

Ярим бўлим давом этган карахтлик

Қоғозда немислар рақибнинг бошини айлантириб ташлайдигандек кўринган бўлса-да, амалда уларнинг хаёли ўйиндан олдин ФИФАнинг алоҳида сардорлик боғичи тақишга қўйган тақиқига акция ўтказиш билан банд эди. Немис футболчилари жамоавий фотосуратга тушиш вақтида оғизларини ёпиб олишди ва биринчи бўлим ўрталарига қадар майдонда ҳам жим юришди.