Испанияда кучли старт, Германияда кетма-кет учинчи мағлубият. Европада кун ўйинлари
|15:42 / 05.09.20258 26813 мин
Европада ЖЧ-2026 саралашида Испания, Германия, Франция ва Португалия каби номдор жамоалар ҳам курашга қўшилмоқда; турклар ғалаба билан бошлади, гуруҳ босқичини олдинроқ бошлаган Қозоғистонда навбатдаги мағлубиятдан кейин имконият янада пасайди. Пайшанба оқшомида Европа саралашида ўтказилган ўйинлар ва гуруҳлардаги вазият.
Немислар иккинчи дақиқадаёқ бурчак зарбасидан кейин гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Словакия бу ўйинда ҳеч бир жабҳада Германиядан ортда қолмасдан, немисларнинг ҳужумларига муносиб қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Масалан, Вирцнинг фақат Дубравканинг реакцияси туфайли гол билан якунланмай қолган чиройли рейдидан кейин амалга оширилган жавоб ҳужумида Рюдигер қўпол хатога йўл қўйди. Меҳмонлар фақат Танинг ўзини зарба йўлига ташлаши туфайли голдан қутулиб қолди. Аммо якунда барибир немислар ҳимоясидаги заиф нуқта панд берди. Юлиан Нагелсманн танаффусдаёқ 21 ёшли дебютант Коллинзни захирага олди. Биринчи бўлим давомида унинг қанотида тез-тез таҳликали вазият юзага келганди ва Ҳанцконинг голи ҳам шу қанотдан бошланган ҳужум натижасида урилди. Унга ассистентлик қилган Стрелец эса иккинчи бўлим бошида амалда ўйин тақдирини ҳал қилди.
Аввалига Дубравка Горецканинг хавфли зарбасини қайтарди, жавоб ҳужумида Стрелец финти билан Рюдигернинг бошини айлантириб ташлади ва айланма зарбаси билан тўпни олис «тўққизлик»ка жойлаштирди. Германия миллий жамоаси ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди, аммо бу гол олиб келмади. Братиславадаги ўйин немислар ЖЧ саралашини илк бор мағлубият билан бошлаган ўйин сифатида тарихга кирди. Бундан ташқари, Германия ЖЧ саралашларида сафар ўйинларида 52 ўйин давом этган мағлубиятсиз сериясини тўхтатди.
Германия қаторасига тўртинчи ўйиндирки ғалаба қозона олмаяпти, қаторасига учинчи ўйинда мағлубиятга учради. Мартда италянлар устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин худди шу жамоа билан – 3:3 ўйналди (немислар 3:0 ҳисобида олдинга борган ва бу устунликни бой берганди), кейин эса уч мағлубият қайд этилди: Миллатлар лигасида Португалиядан 1:2 ва Франциядан 0:2, энди эса ФИФА рейтингида 52-ўринда турган жамоадан 0:2 ҳисобида.
Афтидан, Юлиан Нагелсманни олдинда кўп иш кутмоқда.
Европанинг амалдаги чемпионлари саралаш циклини жуда кучли бошлаб, сафардаги ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ болгарлар дарвозасига учта гол йўллади. Испаниянинг 2025 йилдаги энг сермаҳсул футболчиси Ойярсабал (4+2) 5-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Унинг «Реал Соседад»даги собиқ жамоадоши, шу ёзда «Арсенал»га ўтган Субименди уни голли пас билан таъминлади. Кейин эса Ямал катта саҳнага чиқди. У ўзи гол урмади, лекин барча голларда иштирок этди. Биринчи гол ҳам унинг қанотида бошланган ҳужум якунида урилганди, бўлим ўрталаридан ўтганда Ламиннинг узатмасидан кейин Кукуреля тўпни дарвозага михлаб қўйди, бироз ўтиб у бурчакдан оширган тўпни «Реал Соседад»дан «Арсенал»га ўтган яна бир футболчи Мерино ўз услубида тўрга жойлади. Шундан кейин Луис де ла Фуэнте шогирдлари икки кундан кейин Туркияда кечадиган ўйин учун куч тежаш мақсадида тежамкор режимда ўйнашга ўтди, аммо шундан кейин ҳам мезбонлар дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар яратилди (Меринонинг яна бир зарбаси дарвоза тўсинига борди). Пайшанба оқшомидаги эътиборга молик воқеалардан бири «қизил фурия» сафида 19 ёшли Хесус Родригес дебют қилиши бўлди, ўтган мавсумда «Бетис» сафида порлаган ушбу ёш футболчи ёзда 22,5 млн евро эвазига «Комо»га трансфер қилинди.
Танаффус арафасида Роналд Куман табассумини яшира олмаётганди. Унинг июн ойидаги икки ўйинда жавобсиз ўнта гол урган шогирдлари бу сафар Полшани ҳам мағлуб этаётганди. Биринчи бўлим ўрталарида тўпурар ҳимоячи Дюмфрис Депай амалга оширган бурчак зарбасидан кейин бош билан аниқ зарба йўллади. Полякларга эса Левандовскининг жамоага қайтиши айтарли ёрдам бермади. У бош мураббий Михал Пробеж билан баҳслашиб қолганидан кейин сардорлик боғичидан маҳрум этилган ва жамоага чақирилмай қўйганди. Аммо ёздаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин мураббий истеъфога чиқди, янги бош мураббий Ян Урбан эса жамоа тўпурарини сафга қайтарди.
Танаффусдан кейин эса «тўқсариқранглилар» куладиган ҳолатда эмасди. Мезбонлар ҳисобдаги устунликни сақлашда давом этишди ва иккинчи гол вақт масаласи бўлиб кўринаётганди. Меҳмонлар эса етакчиларини алмаштирди — жароҳатдан кейин формасини тўлиқ тикламаган Левандовски, Зелински ва Шимански захирага олинди. Шунга қарамай, Полша Кэшнинг маҳорати эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Ушбу ҳимоячининг зарбаси «тўққизлик»ка аниқ борди. Нидерландиянинг саралаш босқичидаги илк очко йўқотишидан кейин гуруҳда учта жамоадаги очколар сони бир хил - 7 тадан бўлиб турибди, лекин Нидерландиянинг захирада бир ўйини бор, поляклар ва финнларда эса ўзаро ўйин кутмоқда – улардан қайси биридир (ёки иккиси ҳам) очко йўқотиши муқаррар.
«Қайрат» Чемпионлар лигасига чиқиши ортидан Қозоғистонда яна бир байрам бўлмайдиган бўлди, ҳолбуки иккинчи бўлим давомида мезбонлар камида бир очкога лойиқ ўйин кўрсатишганди. Биргина Кенжебекнинг ўзида учта хавфли вазият бўлди, унинг зарбаларидан бири тўсинга тегди. Мезбонларда вазиятлар етарлича эди, лекин Самородовнинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини ҳам дарвозабон қайтариб қолди. Ўйинга қўшиб берилган олтинчи дақиқада эса Мужиковнинг жаримадан йўллаган кучли зарбаси устунга борди. Остонада ўтган ўйин тақдирини меҳмонлар биринчи бўлим ўрталарида стандарт вазиятдан урган ягона гол ҳал қилди, «Селтик»ка қарши ўйин қаҳрамони Анарбеков Калленнинг мураккаб зарбасини қайтарганди, аммо ҳимоячилар шу куни миллий жамоада дебют қилган дарвозабонга ёрдам бермади ва Мур қайтган тўпни дарвозага киритишига қаршилик кўрсатишмади. Пайшанба оқшомида «аждарлар» сафида юбилей 50-ўйинини ўтказган тажрибали форвард Уэлс гуруҳда биринчи ўринга олиб чиқди. Ўйин давомида 14 бор зарба йўллаганига қарамай, бирорта гол уролмаган Қозоғистон эса учинчи мағлубиятини қабул қилди ва энди иккинчи ўриндаги жамоадан беш очкога ортда қолмоқда.
Лихтенштейн – Белгия 0:6
Голлар: Де Кейпер, 29 (0:1). Тилеманс, 46 (0:2). Теат, 60 (0:3). Де Брюйне, 62 (0:4). Тилеманс, 70 – пеналти (0:5). Фофана, 90+1 (0:6)
Лихтенштейн: Бюҳел, Трабер, Хофер, Малин, Зеле (А. Хаслер, 63), Люхингер (Ф. Волфингер, 84), Н. Хаслер (Цюнд, 84), Геппел, С. Волфингер (Майер, 76), Люк-Нотаро, Саглам (Пицци, 63)
Белгия: Куртуа, Дебаст, Теат, Де Кейпер (Кастан, 67), Мене (Морейра, 79), Тилеманс, Ванакен, Де Брейне (Троссар, 67), Доку (Де Кетеларе, 61), Фофана, Опенда (Салемакерс, 61)
Огоҳлантиришлар: С. Волфингер, 16. А. Хаслер, 69
Гуруҳ жадвалида ҳозирча учинчи ўринда турган Белгия (жамоа иштирокини фақат ёзда бошлаган ва камроқ ўйин ўтказган) эса аутсайдарга қарши ўйинда ҳеч қандай муаммога учрамади. Лихтенштейн биринчи бўлимда муносиб қаршилик кўрсатди ва биргина гол ўтказиш билан чекланди, аммо иккинчи бўлимда мезбонлар ҳимояси пароканда бўлиб кетди. Юри Тилеманс дубл расмийлаштирди. Биринчи голни олис масофадан ажойиб зарба йўллаб, иккинчисини пеналтини аниқ ижро этиш орқали урди. Шу куни Тибо Куртуа ва Кевин Де Брюйне майдонда эканига қарамай, айнан Юри сардорлик боғичида жамоани бошлаб тушганди. Шу ёзда АПЛга ўтган Максим Де Кюйпер эса «гол+пас» бўйича 2 (1+1) очко ишлади. Ўйинга якуний нуқтани «Лион»да мавсумни кучли бошлаган 20 ёшли Фофана қўйди – 6:0.