Немис машинаси словакларга ҳеч қандай имкон қолдирмади: Германия ва Нидерландия ЖЧ-2026’нинг 33 ва 34-иштирокчисига айланди.
Фото: Global Look PressФото: Global Look Press
17 ноябр оқшомида ЖЧ-2026 Европа саралашида яна уч гуруҳда гуруҳ ўйинлари якунланди ва икки жамоа мундиал йўлланмасини расмийлаштирди. Яна икки жамоани ўтиш ўйинлари кутмоқда.
Германия миллий жамоаси биринчи турда кутилмаганда Словакияга ютқазиб қўйганди (0:2). Шу туфайли Юлиан Нагелсман жамоаси кейинги тўрт ўйинда ғалабали серия қайд этганига қарамай, охирги тургача ЖЧ-2026 йўлланмасини расмийлаштира олмаганди. Жавоб учрашувида немисларни дуранг ҳам қониқтирган бўларди, аммо улар словакларга раҳм қилиб ўтирмади. Германия энг йирик ғалабасини шу рақибга қарши ўйинда қайд этди – 6:0.
Мезбонлар биринчи бўлимдаёқ тўртта гол уришди, Ник Волтемаде терма жамоадаги қаторасига учинчи ўйинда номини таблога ёздириб қўйди, «Галатасарой» дубли Лерой Сане дубл қайд этди, Серж Гнабри, Ридле Баку ва 19 ёшли Ассан Уэдраого (дебют ўйинида ва майдонга тушганидан икки дақиқа ўтиб) биттадан гол уришди. «Ливерпул»да мослаша олмаётгани учун танқидга учраётган Флориан Вирц Саненинг икки голига ассистентлик қилди. Германия 1954 йилдан буён узлуксиз равишда жаҳон чемпионатларига чиқиб келмоқда ва 2026 йил ёзида ҳам катта натижаларни кўзлаган. Словакияда ҳам жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун имконият сақланиб қолмоқда. Аммо бунинг учун ўтиш ўйинларида икки ўйинда ғалаба қозониш керак бўлади.
Шимолий Ирландия аллақачон иккинчи ўрин учун ҳам имкониятни йўқотганди ва сўнгги тур жамоалар учун қуруқ расмиятчиликка айланди. «Омадсизлар дербиси»да мезбонлар ғалабани қўлга киритди. Ўйиндаги ягона голни 44-дақиқада Жейми Донли пеналтидан урди. Шимолий Ирландия 1986 йилдан буён жаҳон чемпионатларидан қолиб кетмоқда. Аммо Миллатлар Лигасидаги яхши иштироки туфайли ушбу жамоада ҳам турнирга сараланиш учун сўнгги имкон бўлади – ўтиш ўйинлари орқали.
Ўтган турда поляклар билан ўйинда дуранг қайд этиб, муддатидан олдин йўлланмани ҳал қила олмагач, нидерландлар устози Роналд Куман танқидлар остида қолганди. Чунки назарий жиҳатдан, сўнгги турда жамоа биринчи ўринни бой бериши мумкин эди: бунинг учун жамоа Литвага йирик ҳисобда мағлуб бўлиши ва Полша ўз ўйинида йирик ҳисобда ғалаба қозониши талаб этиларди. Амалда эса нидерландлар сўнгги турда хотиржамлик билан вазифани ҳал қилди.
Тейани Рейндерс биринчи бўлимдаёқ ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда эса Коди Гакпо, Хави Симонс ва Дониэлл Мален биттадан гол уриб, «Йохан Круифф Арена»га йиғилган мухлисларни хурсанд қилди. Айниқса, Симонснинг голи жуда чиройли чиқди: у рақиб ҳимоячисини икки бор алдаб ўтди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Юқорида айтилганидек, Полшанинг ЖЧга тўғридан тўғри йўлланма қўлга киритиш имконияти фақат назарий жиҳатдан мавжуд эди. Малта билан учрашувнинг биринчи бўлимидан кейин эса жамоа ўтиш ўйинлари орқали йўлланмага эга бўлиш имконияти ҳам жуда пастлиги кўриниб қолди. Роберт Левандовски 32-дақиқада ҳисобни очган бўлса-да, малталиклар дарҳол жавоб голини уришди. Танаффусдан кейин жамоалар яна биттадан гол алмашишди: Павел Вшолекнинг аниқ зарбасига мезбонлар яримҳимоячиси Тедди Теум пеналтидан урилган гол билан жавоб қайтарди. 11 метрлик жарима зарбаси белгиланишидан олдин ноёб ҳолат кузатилди: поляклар учинчи голни уришганди, аммо бош ҳакам Игор Паяч VAR хонасидагилардан меҳмонларнинг голли ҳужуми бошланишидан олдин жарима майдонида фол ишлатилгани ҳақида хабар олди. Арбитр Карол Свидерскининг голини бекор қилди ва Малта учун пеналти белгилади.
Аммо полшаликлар барибир савия ҳисобига ғалабани илиб кетди. Ўйиннинг 85-дақиқасида Пётр Зелински меҳмонларга ғалаба келтирувчи голни урди – 3:2. Олдинда полякларни ўтиш ўйинлари кутмоқда, улар 2022 йилги мундиалга ҳам қўшимча саралаш орқали йўл олишганди.
Бу гуруҳда сўнгги тур қуруқ расмиятчиликка айланди. Хорватлар аллақачон гуруҳда биринчи ўрин масаласини ҳал қилган, черногорияликлар эса сўнгги тур ўйинлари натижаларидан қатъи назар, учинчи ўриндан юқори кўтарила олмасди. Аммо, айтиш мумкинки, Черногорияда мотивация борасида муаммо йўқ эди. Биринчидан, Югославия бўйича собиқ қўшнига қарши ўйин доим алоҳида аҳамият касб этган. Иккинчидан, футболчилар кейинги цикл учун ўзини кўрсатиши керак эди.
Мезбонлар илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олишди ва 17-дақиқагача икки гол уришди. 3-дақиқадаёқ Милутин Осмаич ҳисобни очди, кейин эса Никола Крстович чиройли ва аниқ зарба йўллади.
Аммо Хорватия ютқазишга ўрганмаган. Бўлим давомида «шашкачилар» Иван Перишичнинг пеналтидан урган голи орқали ҳисобни қисқартирди, танаффусда Златко Далич ҳимоя чизиғини янгилади ва иккинчи бўлимда бошқа гол ўтказилмади. Меҳмонлар тўлиқ куч билан ҳужумга ўтишди ва аввалига Якичнинг аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштиришди. Модрич захирадан ўйинга қўшилганидан кейин эса Хорватия ғалабани илиб кетди. Никола Влашич қарши ҳужумни чиройли гол билан якунлади. Саккиз турда 22 очко – Хорватия ЖЧ-2026 саралашини мағлубиятсиз якунлади.