Ўзбекистон | 18:41 / 25.11.2022
45228
4 дақиқада ўқилади

Аҳволи оғирлашадиган қоидабузарлар, олиш осонлашадиган ID-карта. 1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ 2022 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими ишга тушади

Президент қарорига асосан Йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда уларни такроран бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилади:

  • ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;
  • ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;
  • муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

Божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилади

Президент фармонига асосан божхона кўриги жараёнларини қамраб олган мобил электрон тизим ишга туширилади. Шунингдек, божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 40 тага етказилади.

Бундан ташқари, божхона органлари ходимлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш орқали уларни Давлат божхона қўмитасининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш тизими жорий этилади. Бунда:

  • баҳолаш жараёнлари ахборот тизимлари орқали ҳар ярим йил якуни бўйича амалга оширилади;
  • рейтинг натижаларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган ходимларга кейинги баҳолаш якунлари эълон қилингунга қадар лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.

ID-картани расмийлаштиришда ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бартараф этилади

Президент қарорига асосан:

  • фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар аниқланганлиги муносабати билан янги идентификацияловчи ID-картани расмийлаштиришда ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаби бекор қилинган ҳолда мазкур ҳолатларни электрон тизим орқали текшириш;
  • жиноий жазони ўтаб чиққан фуқароларга янги идентификацияловчи ID-картани расмийлаштиришда ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни электрон тизим орқали олиш тартиби жорий этилади.

Масъулияти чекланган жамиятнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талаби бекор қилинади

Президент қарорига асосан, тижорат ташкилотлари фаолиятига оид бир нечта талаблар бекор қилинади.

Жумладан, қуйидаги ташкилотларга нисбатан ички аудит хизматларини ташкил этиш талаби бекор бўлади:

  • масъулияти чекланган жамиятлар, бундан активларининг баланс қиймати БҲМнинг юз минг баробаридан кўп бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган масъулияти чекланган жамият, шунингдек, кредит ташкилоти мустасно;
  • активларининг баланс қиймати БҲМнинг юз минг баробаридан кам бўлган, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари.

Шунингдек, қуйидагилар ҳам бекор қилинади:

  • МЧЖнинг таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • МЧЖнинг юридик шахс ҳисобланган иштирокчилари вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тартибда тасдиқлаш;
  • МЧЖда захира жамғармаси ташкил этилганда, унинг миқдорини устав фондининг (устав капиталининг) камида 15 фоизи этиб белгилаш талаби.
Дилшод Абдуқодиров
Муаллиф Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид