Жаҳон | 14:40 / 25.11.2022
10364
3 дақиқада ўқилади

Forbes: Россия бюджетининг чорак қисмини Украина билан урушга сарфлади

Forbes журнали ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши уруш харажатлари аллақачон 80 миллиард доллардан ошган. Нашрнинг қайд этишича, Россиянинг ҳарбий эҳтиёжлар учун ўз ресурслари тугаб бормоқда. 

Фото: Getty Images

Украинага қарши урушнинг тўққиз ойида Россия харажатлари қарийб 82 миллиард долларни ташкил этди, бу Россия йиллик бюджетининг чорак қисмини ташкил этади, деб хабар берди 24 ноябрь, пайшанба куни Forbes журналининг Украинадаги нашри. Қайд этилишича, бу миқдор барқарор мудофаа харажатлари ва санкциялар натижасида иқтисодиётдаги йўқотишларни ҳисобга олмаган ҳолда Украинага қарши ҳарбий тажовузни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган бевосита харажатларни ўз ичига олади. 

Россия Федерациясининг 2021 йилги бюджет даромадлари 340 миллиард долларни ташкил этганлиги сабабли, «уруш учун чек»нинг жорий миқдори ушбу мамлакат йиллик бюджетининг чорак қисмига тенг, деб таъкидлайди Forbes. Нашр Кремль учун «уруш бўйича ҳисоб тўлови» келгуси йил жуда юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлади, чунки Россиянинг ҳарбий эҳтиёжларини қондириш учун ўз ресурслари тугайди. 

Нашрнинг тушунтиришича, нефть ва газ экспортидан тушумлар камайиши, «Шимолий оқим» орқали етказиб бериш тўхтатилганидан кейин Европа Иттифоқи газ бозорининг катта қисми йўқолиши ва Россия нефтига қарши декабрдан кучга кирадиган санкциялар фонида урушни давом эттириш учун Кремлга кўпроқ пул керак бўлади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия учун урушга сарфланадиган харажатлар кузда икки баробарга ошган ва ҳозирда ҳар ой камида 10 миллиард долларни ташкил этади. 

Россия ҳар бир ҳарбий хизматчисига кунига ўртача 200 доллар сарфлайди. Ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ҳарбийларнинг иш ҳақининг умумий қиймати сафарбарликдан кейин ойига тахминан 2,7 миллиард долларни ташкил қилади. Агар ёзда ҳалок бўлганлар ва ярадорларга тўланадиган товон миқдори ойига 1 миллиард долларга яқин бўлган бўлса, урушнинг сўнгги ойида у 3,5 миллиард доллардан ошди. 

Турли ҳисоб-китобларга кўра, Россия Украинага қарши урушда кунига 10 000 дан 50 000 гача снарядлар ишлатган, бу пул билан ифодаланганда 5,5 миллиард доллардан ошади. Россия қўшинлари Украина ҳудудига 4000 дан ортиқ ракета учирди. Уларнинг ҳар бирининг нархи ўртача 3 миллион долларни ташкил қилади. 

Шунингдек, Россия Украинада ўртача 18 миллион долларлик 278 та жанговар самолётни ва ўртача 10,4 миллион долларлик 261 та вертолётни йўқотди. Россия ҳарбий авиациясининг умумий йўқотишлари пул кўринишида 8 миллиард долларни ташкил қилади. 

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага бостириб киришгача бўлган даврда захирасида турган деярли барча танкни йўқотган (24 февраль ҳолатига кўра, тахминан 3300 та танкдан 2897 таси). Ҳозирда Кремль ўнлаб йиллар давомида омборларда сақланган ва сезиларли модернизация ва молиявий харажатларни талаб қиладиган ускуналарни тиклашга ҳаракат қилмоқда. 

Умуман олганда, Украинага қарши тўққиз ойлик урушда йўқотилган барча техникалар Россияга 20,8 миллиард долларга тушди, дея таъкидлайди Forbes журнали. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид