Жаҳон | 09:13 / 25.11.2022
3189
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия парламенти Россияни терроризм ҳомийси деб атади

Нидерландия парламенти қуйи палатасидаги аксарият партиялар Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олди ва Украинани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга чақирди.

Фото: Reuters

Нидерландия парламентининг Вакиллар палатаси Россия Федерациясининг Украинага қарши уруши туфайли Россияни терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олди. Бу ҳақда 24 ноябрь, пайшанба куни Голландиянинг ANO ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилганидек, бу қарорни партияларнинг мутлақ кўпчилиги, жумладан, Озодлик ва демократия учун халқ партияси, Меҳнат партияси, Христиан-демократик партия ва бошқалар қўллаб-қувватлади. Ҳужжатда айтилишича, Россия армияси Украинадаги тинч аҳоли нишонларига «таркибий ва қасддан» зарба бермоқда.

Парламент кучларининг аксарияти, шунингдек, Украинани гуманитар, дипломатик ва ҳарбий соҳаларда максимал даражада қўллаб-қувватлашга чақирди. Куни кеча Европарламент Россияни терроризм ҳомийси сифатида тан олиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазири Вопке Хукстранинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг терроризмнинг ҳомийси сифатида тан олиниши, масалан, АҚШдан фарқли ўлароқ, Нидерландия учун алоҳида оқибатларга олиб келмайди. Вазирнинг қўшимча қилишича, Россияга бу мақом биргаликда берилиши учун у бошқа Европа Иттифоқи мамлакатларида ёки НАТОда бундай ташаббус қўллаб-қувватланадими ёки йўқми, шуни кўрмоқчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид