Ўзбекистон | 20:26 / 26.11.2022
13560
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллабай ишлаш агентлиги 10 ойда 2,4 млн одам иш билан таъминланганини иддао қилди

Йил бошидан бери 2,4 миллион фуқаронинг бандлиги таъминланди, деб ҳисобот берди Маҳаллабай ишлаш агентлиги. Аввалроқ бу агентлик битта ахборот тизими учун 8,4 млрд сўм сарфлаётгани билан тилга тушганди. Статқўмга кўра, йилнинг 9 ойида иш билан банд аҳоли сони 297 мингга ошган.

Фото: ЎзА

Ўзбекистон маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари январ ойидан октябр ойига қадар банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 2,4 миллион нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлади, дея иддао қилмоқда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги.

“Хусусан, 903 минг нафар фуқаро доимий иш жойларига жойлаштирилган. 914 минг нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. 82 минг нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркорликка (ёлланма ишчилари билан биргаликда) ва 158 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган. 392 минг нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилган”, – дейилади агентлик матбуот хизматининг ЎзА эълон қилган расмий ахборотида.

“Шишириш агентлиги”

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги аҳолини иш билан таъминлаш ҳақидаги статистик маълумотларни бир неча баробарга шишириб кўрсатишга уринаётган бўлиши мумкин.

“Ҳатто ўзбек статистикаси камтарона, ҳатто ўтган эпохада ёлғон бунчалик катта шиширилмаган.

Расмий статистикага кўра, ўтган 9 ойда иш билан банд аҳоли сони 297 мингга ошган. Маҳаллабай ишлаш агентлиги ҳатто расмий статистикани 8 баробардан ҳам кўпроққа шиширган”, – дея ёзади иқтисодчи.

Давлат статистика қўмитасига кўра, 1 октябр ҳолатига Ўзбекистондаги ишсизлар сони 1,3 млн кишини, ишсизлик даражаси эса 8,6 фоизни ташкил этган.

Логотип ўғирланганми?

Камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги ушбу агентлик “Онлайн маҳалла” ахборот тизимини яратиш учун 8,4 млрд сўм (тақрибан 755 минг доллар) сарфлаётгани куни кеча маълум бўлган эди. Бунинг учун истисно тариқасида тендер ўтказмасдан шартнома тузилган.

Интернет фойдаланувчиларининг эътибор қаратишича, “Онлайн маҳалла” сайтининг логотипи “JJC Business World” иловаси логотипи билан икки томчи сувдек ўхшаш. Бу илова охирги марта 2020 йилда янгиланганидан келиб чиқилса, 2022 йилда яратилган “Онлайн маҳалла” логотипи плагиат бўлиши мумкин.

Аввалроқ, молия вазири Тимур Ишметов жорий йилнинг охиригача бюджет тақчиллиги 3 фоиздан 4 фоизгача оширилаётганини айтганди.

Мавзуга оид