Узун туманидаги Чақар маҳалласида яшовчи бир нечта фуқаро Kun.uz’га мурожаат қилиб, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмонов уларнинг номларига кредит олганини билдирди. Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, бугунга келиб банк ходимлари уларни “емаган сомсага пул тўлашга” мажбурламоқда.
“Қишлоғимизга банк ходимлари келиб, кўпчиликка кредитларинг бор, тўланглар, дейишди. Одамлар ҳайрон. Кейин билсак маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси номимизга кредит олиб, тўлаб келаётган экан. Аммо шу кунларда ҳоким ёрдамчиси йўқолиб қолган. Банк ходимлари энди одамлардан пул сўраяпти. Сумма катта, айтишларича миллардлар ҳақида гап кетяпти”, дея таъкидлайди мурожаатчилардан бири.
Масалан, Чақар маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ойдин Бердиева номига 2022 йил сентябр ойида 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга йиллик 14 фоизлик кредит ажратилган. Кредит суммаси 31 млн 178 минг сўмни ташкил қилади. Онлайн равишда расмийлаштирилган кредит фуқарога иссиқхона йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун берилган. Шартнома электрон калит орқали имзоланган.


Ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмонов таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилганини мониторинг қилиш бўйича 40-сонли далолатномани имзолаб, электрон тизимга бириктирган. Унда маҳсулот сифатли етказиб берилгани, кредит ажратилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.
“Маҳсулот (хизмат) етказиб бериш бўйича Ягона электрон платформада яратилган «маркетплейс» тизимида “KAMRONBEK OZODBEK SARDORBEK” МЧЖ билан 07.09.2022 йилда 677662-сонли 31 100 000 сўмлик (Иссиқхона) шартнома тузилган.
Етказиб берилган маҳсулот (хизмат) учун 09.09.2022 йилда 5-сонли электрон ҳисобварақ-фактура имзоланган ва аризачи томонидан қабул қилинган.
Ҳоким ёрдамчиси томонидан шахсан аризачининг фаолият жойига бориб ўрганилганида маҳсулотлар (хизматлар) тўлиқ ва сифатли етказиб берилгани ҳамда аризачи тўлиқ қониқиш ҳосил қилгани аниқланди.
Жойига чиқиб ўрганиш натижасида маҳсулот (хизмат) аризачига тўлиқ миқдорда ва сифатли етказиб берилгани тасдиқланди ва кредит шартномаси шартларига тўлиқ мос келади, ушбу маҳсулотлар (хизматлар) пулини кредит ҳисобидан тўлаб бериш мақсадга мувофиқ”, дея кўрсатилган далолатномада.













