Жаҳон | 09:06 / 26.11.2022
15887
3 дақиқада ўқилади

Россия баҳоргача сафарбар қилинган 100 минг кишини йўқотишга тайёр - ОАВ

Украинада ҳалок бўлган ва яраланган Россиянинг сафарбар қилинган ҳарбий хизматчилари муддатли ҳарбий хизматчилар билан алмаштирилиши керак, деб ёзади "Важные истории" нашри "ФСБ" ва Бош штабга яқин манбаларга таяниб.

Фото: Evgeniy Maloletka / AP

Россия куч тузилмалари 2023 йил баҳорига қадар Украинага қарши урушга сафарбар қилинганлар орасида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони 100 минг кишига етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бу ҳақда 25 ноябрь, жума куни Россия Федерацияси Бош штаби ва Федерал хавфсизлик хизмати ("ФХХ") доираларининг бир-бирига боғлиқ бўлмаган икки манбасига таяниб, "Важные истории" суриштирув нашри хабар берди.

"Умуман олганда, режа шундай: ҳозирча вақтдан ютиш ва сафарбар қилинганлар ёрдамида фронтни барқарорлаштириш керак. Кейин баҳорда ҳаммасини қайтадан бошлаш кутиляпти", - дея "ФХХ"га яқин манбадан иқтибос келтиради нашр. Шунингдек, у Россия Федерациясининг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти катта йўқотишларга тайёр эканини айтди: "Келгуси йилнинг баҳорига келиб ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони 100 мингга яқин бўлиши мумкин. Лекин бу ҳеч кимни қўрқитмаяпти: улар муддатли ҳарбий хизматчилар билан алмаштирилади".

Россиянинг Украинадаги жанглардаги йўқотишлари 100 мингга яқин сафарбар қилинган ҳарбийларни ташкил этиши ҳақидаги прогнозни Бош штабга яқин бўлган "Важные истории" манбаси ҳам айтди. "Ҳозирги вазифа - фронтни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш". "Одамлар йўқлиги сабабли баъзан иккинчи мудофаа чизиғида умуман ҳеч ким йўқ эди. Баъзи жойларда 20 километргача бўлган оралиқлар бўш эди. Ҳозир бу жойлар сафарбар қилинганлар билан тўлдирилмоқда", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр муаллифи Роман Анин.

Ушбу манбага кўра, Россия президенти Владимир Путин "шунинг учун ҳам қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни бекор қилмаяпти": Украинадаги йўқотишларни 2023 йил баҳорига қадар тайёрланиши режалаштирилган 120 минг чақирилувчи ҳисобидан қоплаш.

31 октябр куни Россия Бош штабининг ташкилий ва сафарбарлик бош бошқармаси бошлиғи Евгений Бурдинский "Красная звезда" газетасига берган интервьюсида кузги чақирилувчилар Россия томонидан аннексия қилинган Украина ҳудудларига юборилмаслигини ва "махсус ҳарбий операцияда қатнашмаслиги"ни айтганди.

Мавзуга оид