Жаҳон | 21:43 / 26.11.2022
9962
2 дақиқада ўқилади

Европа «Шимолий оқим»даги саботаждан сўнг, газ қувурлари ҳимоясини кучайтирди

Европа давлатлари «Шимолий оқим»даги саботаждан сўнг, газ қувурлари ва бошқа энергетика инфратузилмаларини ҳимоя қилишни кучайтирди. 

Фото: The Wall Street Journal

The Wall Street Journal хабарига кўра, Европа иттифоқи инфратузилма ва унинг ҳолатини назорат қилиш учун қуруқликда, денгизда ва ҳавода патрулларни ташкил қилган. 

Ўртаер ва Норвегия денгизидаги газ қувурларининг умумий узунлиги 9650 км, денгизда мингдан ортиқ нефт ва газ иншоотлари бор. Энергетика ва хавфсизлик бўйича экспертларнинг фикрича, «Шимолий оқим»даги саботажга ўхшаш фалокат содир бўлса, тикланиш учун бир неча ой ёки ҳатто бир неча йил керак бўлиши мумкин. 

Ҳукуматлар патруллик қилиш учун полициячи ва ҳарбийларни жалб қилмоқда. Италия сув ости кемалари, сув ости дронлари ва самолётлардан фойдаланяпти. 

«Шимолий оқим»нинг вайрон қилиниши Европа инфратузилмасининг саботажга қарши заифлигини очиб берди. Агар бу сигнал бўлса, демак, европаликларга ҳамма жойда - газ қувурларига ҳам, шамол турбиналарига ҳам зарба берилиши мумкин», деди Дания ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Йенс Кристофферсен. 

НАТО Болтиқ ва Шимолий денгизда ҳарбийлар сонини оширган. Германия, Буюк Британия ва Франция ҳарбий-денгиз кучлари Норвегияга НАТО координацияси остида ўз инфратузилмасини ҳимоя қилишда ёрдам бермоқда. Буюк Британия сув ости таҳдидларини аниқлаш учун жиҳозланган иккита кема сотиб олмоқда. Аммо Европа армияси энергия инфратузилмасини тўлиқ ҳимоя қилиш учун зарур ресурсларга эга эмас, деб ҳисоблайди Risk Intelligence компанияси раҳбари Тино Ҳансен. 

Сентябр ойида «Шимолий оқим 1» ва «Шимолий оқим 2» қувурларидан газ сизиб чиқиши аниқланган эди. Ноябр ойи ўрталарида Швеция прокуратураси газ қувурлари портловчи моддалар таъсирида шикастланганини аниқлади. 

Мавзуга оид