29 ёшли Гулираъно Абдуллажонова Франциянинг Париж шаҳрида Халқаро савдо палатаси (ICC) ҳузуридаги халқаро арбитраж судида арбитраж ишлари бўйича маслаҳатчи ўринбосари бўлиб ишлайди. 6 тилда гаплаша оладиган Гулираъно Париждаги “Daryo” мухбири билан суҳбатда ҳаёти, ишдаги муваффақияти ва Луврдаги Ўзбекистон кўргазмаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Гулираъно Абдуллажонова, 1994 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2016 йили Жаҳон иқтисодиёти дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетини тамомлаган. Рус, француз, инглиз, турк ва испан тилларини билади.

Ҳозирда Франциянинг Париж шаҳрида Халқаро савдо палатаси (ICC) ҳузуридаги халқаро арбитраж судида арбитраж ишлари бўйича маслаҳатчи ўринбосари сифатида ишлаб келмоқда.

Ўзимни қидиришдан тўхтамадим

Болаликдан менда адолат, ҳақиқатгўйлик туйғулари кучли бўлганлиги сабабли ҳуқуқ соҳасига қизиқишим баланд эди. Шунинг учун мактабни тамомлагач, узоқ ўйлаб ўтирмасдан Тошкент юридик коллежига ўқишга кирдим. Бироқ ҳуқуқшунослар ҳар куни нима билан банд бўлиши, аниқ қайси йўналиш мени кўпроқ ўзига жалб қилишини ҳамон англай олмасдим. Бу орада инглиз ва испан тилларини ўргандим, коллежда бирин-кетин зарурий билимларни ола бошладим. Дунё кезиш, саёҳат қилиш, янгиликларни кашф қилиш истаги кучайгани сари уни бевосита юридик соҳа билан боғлашга қарор қилдим ҳамда 2012 йилда Жаҳон иқтисодиёти дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетига ўқишга киришга муваффақ бўлдим. Бу орада университетдаги фидокор ва малакали ўқитувчилардан чуқур билимлар ва ҳуқуқ соҳасидаги касбларнинг хусусиятларини ўргандик. Университетда ҳам ўзимни қидиришда давом этдим, соҳам бўйича турли йўналишларда, жумладан, кучимни жиноят ҳуқуқида ҳам синаб кўриб, Тошкентдаги жиноят судида амалиёт ўтадим.

Фото: Гулираъно Абдуллажонованинг шахсий архивидан

Француз тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганганман

ЖИДУда 2-босқичда ўқиб юрганимда хоҳиш ва қизиқишларимдан келиб чиқиб, ўқитувчиларим ва оилам билан маслаҳатлашган ҳолда инглиз тилидан сўнг иккинчи тил сифатида француз тилини танладим. Университетдаги моҳир француз ўқитувчилари сабаб яхши билим олдим. Кейинроқ тестларга тайёргарлик кўриш мақсадида хусусий дарсларга ҳам қатнадим. Аммо ушбу тилдан асосий билимни барибир университетда ўрганганман, дея оламан.