Ўзбекистон | 19:00 / 28.11.2022
12783
2 дақиқада ўқилади

«Пора бериб бошқанинг ўрнига борганларнинг ҳажи – ҳаж эмас» – муфтий ҳажга навбатлар электрон тартибга ўтишини айтди

Бировнинг навбатини таниш-билишчилик ёки пора эвазига олса ва шу асосида ҳажга борса – унинг ҳажи ҳаж бўлмайди. Шу ишни қилаётганлар ҳам, воситачилар ҳам гуноҳкор бўлади, дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров. Шунингдек, муфтий, ҳозирда ҳажга навбатни электрон тартибга ўтказиш, тизимни шаффоф қилиш ишлари бошланганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда умра учун навбатлар деярли қолмаган ёки жуда тез навбат келмоқда. Лекин ҳажга навбатлар сақланиб қолган.

«Аллақачон тизимни шаффоф қилишимиз керак эди. Ҳозир ҳаж комиссияси ҳажга навбатни электрон тартибга айлантириш ишларининг ҳаракатида. Мусулмонлар идораси тизимида ҳам Ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириш марказини очдик. Энди улар шаффоф, электрон навбатни ташкил қилиш ҳаракатида», - дейди муфтий ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевга берган интервьюсида.

Нуриддин Холиқназаров, шунингдек ҳажга навбатсиз бориш учун пора беришнинг гуноҳлигини таъкидлаган.

«Шу ўринда муфтий сифатида айтиб ўтишим керак. Агар кимдир бировнинг навбатини пора бериб олса ва шу асосида ҳажга борса – унинг ҳажи ҳаж бўлмайди. Мусулмон одам таниш-билиш қилиб, бировнинг ўрнини олиб ҳажга бормаслиги керак. Шу ишни қилаётган одам ҳам, воситачилик қилган ҳам ва пора олган ҳам гуноҳкор бўлади. Чунки бу иш билан битта мусулмоннинг фарз ибодатига тўсқинлик қилган бўлади. Айтайлик, [масъул] бир кишининг навбати келиб, ибодат унга фарз бўлиб турган бўлса, ўрнига кимнидир қўядиган бўлса – бу жуда катта гуноҳ», - дея муфтийнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Муфтий Нуриддин Холиқназаров тизимни шаффофлаштириш борасида ҳаракатларни имкон қадар тезлаштиришга ҳаракат қилишини айтди.

«Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар ҳам жуда фаол, ҳамма жойда назорат қилиб, хатолар айтиб бориляпти. Одамларда ҳам Аллоҳга тақво қилиш кўпаймоқда, коррупцияга қарши кураш ҳам кучаймоқда. Лекин шунда ҳам навбатни пора билан олмоқчи бўлганлардан бу ишини тўхтатишларини сўраймиз. Чунки Аллоҳ насиб қилиб, бу инсонга навбат келмагунича бу амал ундан соқит бўлади», - дейди муфтий.

Мавзуга оид