Жаҳон | 13:26 / 28.11.2022
8027
2 дақиқада ўқилади

Россия қўшинлари ЗАЭСдан олиб чиқилиши ҳақидаги маълумот рад этилди

Запорижжя вилоятидаги Энергодар шаҳри оккупацион ҳокимияти Россия қўшинларининг шаҳардан олиб чиқилиши ҳақидаги маълумотни рад этди. 

Фото: Picture Alliance

Запорижжя атом электр станцияси Россия назорати остида қолмоқда, деб маълум қилди Энергодар «маъмурияти». 

Бундан ташқари, баёнотда ЗАЭС учун захира қувват манбасини яратиш, Энергодар аҳолисини иссиқлик билан таъминлаш учун иккита энергоблокни иссиқ ўчириш режимига ўтказиш бўйича ишлар ва ходимларни Россия бошқарув ташкилоти юрисдикциясига ўтказиш режаларига ишора қилинган.

Киев куни кеча рус қўшинлари ЗАЭСдан яқинда олиб чиқилиши эҳтимоли борлигини билдирганди.

Бундан олдин Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Рафаэл Гросси Россия назорати остидаги Запорижжя атом электр станциясида «ядро реакторлари яқинида хавфли даражада рўй берган» портлашларни ўта хавфли деб атаганди.

Гроссининг сўзларига кўра, «гап километрлар ҳақида эмас, балки метрлар ҳақида кетаётганини» ниҳоятда хавотирли.

«Ушбу йирик АЭС ҳудудида портлашлар содир бўлди, буни мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Бунинг ортида ким турганидан қатъи назар, зудлик билан тўхтатиш керак. Кўп марта айтганимдек, улар олов билан ўйнашмоқда», - деди Гросси. 

АЭХА ҳисоботида айтилишича, душанба куни агентлик ходимлари атом электр станциясининг хавфсизлигини текширади. Бироқ, «Росэнергоатом» инспекторларга чекловлар қўйган.

«Агар улар ядровий хавфсизликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган объектни текширишни истасалар, уларга рад жавоби берилади», деди «Росэнергоатом» раҳбари маслаҳатчиси Ренат Карчаа ТАСС’га.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид