Парижда Франция-Ўзбекистон университетлари II форуми бўлиб ўтмоқда
Жорий йил 28–30 ноябрь кунлари Париж шаҳрида Франция-Ўзбекистон университетлари II форуми ўтказилмоқда. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. Тошқулов бошчилигидаги 20 дан ортиқ олий таълим муассасаcи раҳбарларидан иборат мамлакатимиз делегацияси ҳамда Франция томондан 150 дан зиёд ректорлар, илмий ва ишлаб чиқариш доира вакиллари иштирок этмоқда.
Мазкур форумдан кутилаётган натижалар:
1. Юртимизда Франциянинг камида 2 та университети филиалини очиш;
2. Мавжуд 2 та қўшма таълим дастурини 10 тага етказиш;
3. Академик мобиллик асосида докторант, магистр ва талабалар алмашинувини баробарларга кўпайтириш.
Қувонарлиси, ушбу форум шу кунларда Франция пойтахтида ҳар йили анъанавий тарзда ўтадиган «Campus France–2022 учрашувлари» доирасида бўлиб ўтмоқда. Франция университетлари ректорлари, илмий доира вакиллари, профессорлар иштирок этган мазкур халқаро тадбир француз олий таълими ва хориждаги тадқиқотлар жозибадорлигини оширишга ёрдам берадиган махсус мулоқот майдони ҳисобланади.
Форумни «Campus France» ташкилоти раҳбари Донатен Иссард хоним кириш сўзи билан очиб, таълим соҳасида яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида ташриф буюрган Ўзбекистон делегациясига алоҳида миннатдорлик билдирди. Сўзга чиққанлар икки давлат ҳамкорлиги, жумладан олий таълим соҳасидаги алоқалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов учрашув ҳар иккала томон учун ҳам ғоят муҳим ва аҳамиятли экани, ўз навбатида, икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик йилдан йилга кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
“Ушбу форум университетлараро янги тўғридан тўғри алоқалар боғлаш, кадрлар тайёрлаш, таълим ва илм-фан соҳаларида олиб борилаётган жараёнлар борасида фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашишга хизмат қилади”, – деди А.Тошқулов.
Форум доирасида «Барқарор ривожланиш жозибадорлик вектори сифатида» номли конференция, «Марказий Осиёда янги минтақавий мобиллик маркази сари: Ўзбекистоннинг халқаро очиқлик сиёсати ва унинг Франция билан ҳамкорлик имкониятлари» мавзусида семинар ўтказилди. Уларда томонлардан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда бир қатор соҳа мутахассислари маърузалари тингланди.
Ўзбекистон олий таълим тизимининг жаҳон таълим маконига интеграциялашуви, Франция университетлари билан ҳамкорлик стратегияси, икки мамлакат лойиҳалари яратилиши ва уларнинг муваффақиятлари мавзуларидаги маърузаларида алоқаларнинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз борди.
Шунингдек, икки томон таълим масканлари раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш бўйича самарали мунозара олиб борилиб, тажриба алмашилди ва истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Форумнинг биринчи иш куни якунида Франция университетлари билан тўғридан тўғри икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, бир қатор йўналишларда қўшма таълим ва икки томонлама диплом берувчи дастурларни йўлга қўйиш, француз мутахассисларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида қисқа ва узоқ муддатли маъруза ўқиш, семинарларни ташкил этиш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш, илмий фаолиятдаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида 10 га яқин англашув меморандуми, битимлар ҳамда йўл хариталари имзоланди.
Имзоланган ҳужжатлар асосан юртимиздаги қатор таълим масканларида «Халқаро меҳмонхона менежменти» магистратура дастурини йўлга қўйиш, педагогик кадрлар малакасини ошириш, тиббиёт соҳасида симуляцион таълимни жорий этишга хизмат қилади.
Халқаро анжуман доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов «Campus France» агентлиги халқаро ташкилотининг бош директори Донатиен Иссард хоним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида кейинги пайтда олий таълим соҳасидаги ўзаро алоқалар ҳам жадал суръатда кенгаётгани мамнуният билан қайд этилиб, юртимиз муассасаларида қисқа ва узоқ муддатли маъруза ўқиш, семинарларни ташкил этиш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш, илмий фаолиятдаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида Франция университетлари билан навбатдаги ректорлар форумини 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.
Бугун форум ўз ишини икки давлат олий таълим муассасалари раҳбарларининг В2В тарзидаги учрашувлари билан давом эттиради. Учрашувлар якунида бир қатор йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича меморандумлар имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, кун тартибида ҳамкорликда маданий тадбирлар ҳам ўтказиш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
17:50 / 06.11.2024