Спорт | 22:54 / 01.12.2022
20477
2 дақиқада ўқилади

Ташкилотчилар ЖЧ-2026 форматини ўзгартириш ҳақида ўйламоқда 

Муқобил режага кўра, 48 та жамоа иштирок этадиган турнирда учта иштирокчидан иборат 16 та гуруҳ эмас, балки тўртта иштирокчидан иборат 12 та гуруҳ ташкил этилиши мумкин. 

Фото: Eduardo Muñoz/Reuters

2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати 48 та жамоа иштирокидаги илк турнир бўлади. 

Жаҳон чемпионати ташкилотчилари 48 та жамоани учта иштирокчидан иборат 16 та гуруҳга ажратишни режалаштирган эди. Бироқ, энди тўртта иштирокчидан иборат 12 та гуруҳга ажратиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Агар режа амалга ошса, Жаҳон чемпионати 104 та ўйиндан иборат бўлади, ҳозирда ўйинлар сони 64 тага тенг. 

Ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган ва манфаатдор томонлар келгуси ойларда чемпионат форматини яна бир бор муҳокама қилиши кутилмоқда. Ҳар қандай қарор 2023 йилда қабул қилиниши керак. 

Экспертлар фикрига кўра, агар турнир кўпроқ ўйинларни ўтказиш эвазига яна бир неча кунга узайтирилса, на ФИФА, на йирик ҳомийлар эътироз билдирмайди. Улар чипта сотиш ва бошқа имтиёзлар орқали катта қўшимча даромад олиши мумкин. 

Бироқ, бундай қарор клублар ва футболчилар касаба уюшмаларини зиддиятга олиб келиши мумкин, чунки тақвим тобора тиғиз бўлиб бораётган шароитда, топ-жамоалар еттита эмас, балки саккизта ўйин ўтказиши керак бўлади. 

Учта иштирокчидан иборат гуруҳ формати жиддий камчиликларга эга экани ҳозирданоқ тан олинмоқда. Масалан, бу сўнгги ўйиндаги норасмий келишувларга олиб келиши мумкин. Айтайлик, ҳар иккала жамоа тўплар нисбати бўйича плей-оффга чиқиш учун дурангга муҳтож бўлса.  

Нима бўлишидан қатъи назар, жаҳон чемпионати ўйинлари сони ортади. Турнир 1998 йилда 32 та жамоага ўтганидан бери 64 та ўйиндан иборат. 2026 йилга бориб, уни 48 та жамоага кўпайтириш камида 80 та ўйинга олиб келади. 

 

Мавзуга оид