Жаҳон | 17:24 / 02.12.2022
15953
6 дақиқада ўқилади

Киевда чироқ ёруғидаги операция ва оғир қишга тайёрланаётган донбассликлар. Уруш суратлари

Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, россияликлар Запорижжя областининг РФ назоратидаги ҳудудларидан қатор бўлинмаларини олиб кетмоқда ва ҳудуддаги аҳоли яшаш манзилларидан Россия таъсиридаги маъмурият ходимларини эвакуацияга тайёрламоқда. РФ мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Россия қўшини Донецк областидаги Курдюмовка ва Андреевка қишлоқларини эгаллаган. Шу билан бирга, Украина томони мамлакат кучлари Курдюмовкага ҳужумни муваффақият билан қайтаргани ҳақида хабар берди. Херсон РФ армияси томонидан ўққа тутиш давом этаётгани туфайли тўлиқ токсиз қолганди, кун охирига бориб шаҳарда таъминот 65 фоизга тикланган. Россия ва Украина янги асирлар алмашинувини ўтказди: ҳар икки томон 50 нафардан одамини озод қилди. Франция европалик ва украин ҳамкорлар билан Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини текшириш учун махсус трибунал ташкил этиш устида иш бошлади. Кремлдагилар Украина бўйича трибуналлар ташкил этилиши легитим бўлмаслиги ва уларни Россия тан олмаслигини билдиришди.

Қуйида 1 декабр, урушнинг 281-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Кун кадри. Киевлик шифокорлар чироқ ёруғида операция қилмоқда

Украина ҳукумати ҳамон бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясини режа асосида ўчиришга мажбур бўлмоқда. Бу нафақат турар жойлар, дўконлар ва кўча ёритиш тизимларига, балки шифохоналарга ҳам тааллуқли. Шифокорлар кўпинча қоронғида ишлашга мажбур бўлмоқда — бу фотосуратда киевлик шифокорлар мобил телефон фонари ёруғида операция ўтказишмоқда.
Abdullah Unver / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Херсондаги ҳаёт

Херсон яқинидаги Правдино қишлоғи атрофидаги ўрмонда снаряд парчалари уюми. 10 ноябр ҳолатига кўра, украин ҳарбийлари Херсон областидаги 40 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқларни озод этган, ой бошида россиялик ҳарбийлар бу ҳудудлардан чекинганди. Ҳудудда Украина назоратига қайтган сўнгги аҳоли яшаш манзили Днепр соҳилидаги Львово қишлоғи бўлганди, украин ҳарбийлари Херсондан 54 километр масофадаги бу қишлоққа 13 ноябр куни киришган.
Roman Pilipey / EPA / Scanpix / LETA
Херсонда вайрон бўлган кўп қаватли квартира олдида турган бола. Шаҳар артиллерия зарбаларидан кучли даражада шикастланган, Россия қўшини чекинишдан олдин энергия таъминоти тизимини буткул вайрон қилган
Chris McGrath / Getty Images
Херсонликлар энг зарур маҳсулотлар ва воситаларни қабул қилиб олишмоқда. Херсон озод этилгач, шаҳар мэри маслаҳатчиси Роман Головня шаҳарда «гуманитар фалокат» юзага келгани, аҳолига сув, дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаётганини айтганди.
Chris McGrath / Getty Images
Одессадан Херсонга махсус келган электр монтажчилар вайрон бўлган электр узатиш линиясини тузатишмоқда. Улар РФ армияси томонидан мунтазам зарбалар берилиши шароитида ишлашмоқда, бундай зарбаларнинг сўнггиси 1 декабрга ўтар кечаси амалга оширилган. Херсондан ташқари областнинг бошқа қатор аҳоли яшаш манзиллари ҳам шикастланган. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Ярослав Янушевичнинг сўзларига кўра, снарядлар хусусий ва кўп қаватли турар жой биноларига келиб тушган, бир киши ҳалок бўлиб, икки киши яраланган.
Chris McGrath / Getty Images
Херсонда отишмалар вақтида яксон этилган автомобиллар ва бинолар фонидаги кекса ёшли аёл
Chris McGrath / Getty Images
Херсондаги оила вакиллари 94 ёшли қариндошини эвакуация поездига олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Украина ҳукумати 19 ноябр куни шундай эвакуация поездлари ҳақида эълон қилганди. Шаҳар озод этилганидан икки кун ўтиб бу ерда илк поезд йўлга чиқли — Миколайивга. Поезд одамларни Украина жанубидаги бошқа шаҳарларга, масалан Одесса ва Кривий Риҳга элтмоқда. Бу ерлардан Херсон области аҳолиси мамлакатнинг бошқа хавфсиз ҳудудларига йўл олади.
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Донбасс шимоли совуқ кунлар арафасида

Лиман яқинида Шимолий Дон дарёси устидан ўтган кўприкнинг кўриниши — Донецк областидаги бу шаҳарни 1 октябр куни Украина армияси қайтариб олганди, ўшанда РФ мудофаа вазирлиги буни Россия армияси «нисбатан қулай позицияга кўчгани» билан изоҳлаганди.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украина ФВВ ходимлари Бахмутдаги ўт ўчирувчилар станциясида ўтин тайёрламоқда. Украина назоратидаги бу шаҳар мунтазам равишда ўққа тутилмоқда. Кўнгиллилар шаҳарда қолган тинч аҳоли вакилларини олиб кетишга ҳаракат қилмоқда.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Украиналик ўт ўчирувчилар Бахмутда ўққа учраган қишлоқ хўжалиги омбори ҳудудида ишламоқда. Томда снаряд парчаларидан ҳосил бўлган тешиклар кўриниб турибди. 
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Бахмут атрофидаги украин танклари
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Покровск вокзалида эвакуация поезди ойнасидан қараб турган бола. Донецкдан 55 километр шимоли-шарқда жойлашган бу шаҳар Украина қуролли кучлари назоратида — ва Россия қўшини томонидан ўққа тутилмоқда. Ноябр ойи бошларида маҳаллий мактаб зарбага учраганди, жабрланувчилар ҳақида хабар қилинмаган. Фото: Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

 

Мавзуга оид