Иқтисодиёт | 20:54 / 22.08.2025
10687
11 дақиқада ўқилади

Трамп, доллар ва сўм: АҚШ валютасида пул жамғариш энди аввалгидек жозибали эмасми?

АҚШ долларининг сўмга нисбатан курсида узоқ йиллардан бери кузатилган доимий ўсиш тенденциясига қарама-қарши ҳолат юзага келди. Расмий курс йил бошидаги 12 904 сўмдан 22 август ҳолатига 12 413 сўмгача пасайди. Албатта, бу кўпчиликни ўйлантиради, чунки аксарият йирик олди-сотдилар долларда амалга оширилади.

Хўш, Америка валютаси билан нималар содир бўляпти?

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп ва доллар

Бир неча ўн йилдан бери доллар халқаро тижоратнинг қони ва Қўшма Штатлар қудрати сақланиб туришида барқарор омил бўлиб хизмат қиляпти. Мураккаб геоиқтисодий жараёнлар, глобаллашув тенденцияси ва бир қутбли дунё кўп қутблига айланиб бораётган шароитда ҳам, халқаро савдода доллар етакчилигини сақлаб қолди. Аммо Доналд Трампнинг глобал иқтисодий тартибни АҚШ фойдасига қайта шакллантиришга бўлган уринишлари долларнинг захира валютаси сифатидаги ролига зарба бера бошлади.

Хусусан, ташқи савдога тарифларнинг кескин оширилиб, кейин бир қисмининг бекор қилиниши – Америка миллий валютаси ва ғазначилик облигацияларининг кучсизланишига сабаб бўлди. Натижада доллар индекси йилнинг дастлабки олти ойида 10 фоиздан кўпроққа пасайиб, 1973 йилдан бери энг ёмон кўрсаткични қайд этди.

Бундай вазиятда долларни четлаб ўтувчи молиявий маҳсулотларга талаб ошди. Жумладан, Осиёдаги бой инвесторлар АҚШ активларига бўлган қарамликни камайтириш устида ишлашяпти. Уларнинг фикрича, Трампнинг тарифлари мамлакатни жуда нотурғун ва олдиндан айтиб бўлмас даражага олиб келган.

АҚШ молия вазири Скот Бессент инвесторларни “кучли доллар” сиёсати ўз кучида қолаётганига ишонтиришга ҳаракат қиляпти. У қисқа муддатли тебранишлардан хавотир олмаслик кераклигини айтди. Трамп эса доллар мавқейига таҳдид қилган давлатларга қарши 100 фоизлик тарифлар киритиш билан таҳдид қилди.

Доллар ўрнига муқобил вариантлар борми?

Қўшма Штатларнинг геосиёсий рақиблари – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка томонидан асос солинган BRICS гуруҳи анчадан бери янги трансчегаравий тўлов тизимини яратиш устида ишлаб келади. Айни пайтда АҚШнинг Европадаги яқин иттифоқчилари ҳам евронинг мавқейини мустаҳкамлаш имкониятини ўрганиб чиқишяпти.

Корнел университети профессори Эсвар Прасаднинг ёзишича, Трамп олиб бораётган сиёсат АҚШдаги институционал тизимни емиряпти. Айнан шу тизим – доллар ҳукмронлиги, ички ва ташқи инвесторларнинг АҚШ валютаси асосидаги молия тизимига бўлган ишончини таъминлаб келган энг муҳим таянчлардан бири эди. Бундан ташқари, Трамп АҚШ марказий банки – Федерал захира мустақиллигига ҳам ҳужум уюштирди. У ФЗТни фоиз ставкаларни пасайтиришга мажбур қилиш билан бирга, ташкилотга ўзининг монетар сиёсат ва тартибга солишдаги талаблари бўйича итоаткор бўлган одамни тайинлаш ниятини ҳам билдирди.

Марказий банк мустақиллигига бундай ҳужум – унинг инфляцияни назорат қилиш ва ишсизликни пасайтириш каби асосий вазифаларни бажариш қобилиятига жиддий путур етказиши мумкин. Бу эса долларнинг узоқ муддатли ижобий қийматига хорижий инвесторларнинг ишончини пасайтиради.

Прасаднинг таъкидлашича, охирги ўн йилликларда дунё молия тизимида АҚШ долларининг етакчи ўрни ҳеч қачон бугунгидек заиф кўринмаган. Аммо, айни пайтда уни тўлиқ алмаштира оладиган ишончли ва кучли альтернатив валюта ҳам мавжуд эмас. Яъни АҚШ валютасининг айни пайтдаги гегомонлиги унинг мукаммаллигидан эмас, балки долларнинг рақобатчилари етарли даражада кучли эмаслигидандир.

Айрим иқтисодчилар евро халқаро молия тизимида каттароқ рол ўйнай бошлаши мумкинлиги ҳақида гапиришяпти. Аммо, Евроиттифоқ ичидаги сиёсий ва институционал келишмовчиликлар, молия бозорларида катта ҳажмдаги юқори сифатли активлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ликвидлиги пастлиги бунга имкон бермаслиги мумкин.

Хитой Марказий банки ҳам юанни доллардан қочмоқчи бўлганлар учун альтернатив сифатида тарғиб қиляпти. Бироқ Хитойдаги қатъий капитал назорати шароитида молиявий активларнинг эркин оқими тўлиқ таъминланмаганлиги бу ғоянинг оммавий қўллаб-қувватланишига тўсиқ бўляпти.

Марказий банклар ва инвесторлар ҳозирги кунда энг ишончли актив – олтинга сармоя киритишяпти. Аммо олтинни сақлаш қийин, шунингдек, доллар каби савдо ёки молиявий битимларда фойдаланишда қулай эмас. Доллар ўрнини босиши мумкин бўлган вариантлар қаторида Bitcoin ва бошқа рақамли активлар ҳам тилга олинади, аммо ҳеч бир давлат кафолатсиз криптавалюталарга ўтишга тайёр эмас.

Кучли долларнинг АҚШ учун аҳамияти

Биринчидан, агар доллар ўзининг кучли мавқейини йўқота бошласа, АҚШ ўзининг паст фоиз ставкаларидан айрилади. Чунки чет эллик инвесторлар долларда чиқарилган облигацияларга камроқ маблағ тика бошлайди.

АҚШ облигацияларини сотиб оладиган кўплаб йирик инвесторлар – Япониядан, Хитойдан ёки Европадан. Агар доллар заифлашса, улар долларда фойда топса ҳам, ўз валютасига қайта ҳисоблаганда даромади камаяди. Масалан: евро кучайса, европалик инвестор АҚШ облигациясидан 4 фоиз фойда олса-да, валюта курси туфайли бу даромад 1–2 фоизгача тушиб кетиши мумкин.

Натижада, АҚШ банклари маблағ жалб қилиш учун кўпроқ тўлов қилишга ва ички кредитларни ҳам қимматроққа беришга мажбур бўлади. Масалан, ипотека кредитларининг қимматлаши иқтисодиётни секинлаштиради, чунки бу аҳолининг дам олиш, овқатланиш, кийим-кечак харид қилиш ва бошқа харажатларга ажратадиган маблағини камайтиради. Ҳа, заифроқ доллар ташқи савдо балансини яхшилаб, экспортни қўллаб-қувватлайди, аммо импортни қимматлаштиради. Бу, ўз навбатида, америкаликлар оддий одамларни камбағаллаштира бошлайди.

Энг катта зарбани эса федерал ҳукумат ҳис қилиши мумкин. АҚШ йилига қарийб 2 триллион долларлик бюджет тақчиллигини ғазначилик облигациялари орқали молиялаштиради. Агар инвесторлар евро ёки иенада чиқарилган активларга кўпроқ эътибор қаратадиган бўлса, АҚШнинг қарз жалб қилиш харажатлари ошади. Аслида бу жараён аллақачон сезилмоқда: 2022 йил бошидан буён 30 йиллик ғазначилик облигациялари даромадлилиги икки баравардан кўпроққа ошди ва ҳозирда 4,9 фоиз бўлиб турибди. Бу эса АҚШ янги қарз олиш учун ҳам, мавжуд қарзларини қайта молиялаш учун ҳам анча кўпроқ пул тўлаши кераклигини англатади. Шундоқ ҳам АҚШ ҳукуматининг қарзлари бўйича йиллик фоиз тўловлари мамлакатнинг мудофаа харажатларидан ҳам ошиб кетди.

Иккинчидан, долларнинг ҳукмронлик мавқейини йўқота бошлаши АҚШнинг геосиёсий қудратига ҳам зарба беради. Валюта заифлашса, хориждаги ҳарбий базаларни сақлаш анча қимматга тушади. Глобал транзакцияларда долларнинг улуши камайиши эса АҚШ жорий қиладиган иқтисодий санкцияларнинг таъсири ва самарадорлигини пасайтиради. Бундан ташқари, террорчиликни молиялаштириш ёки пул ювиш каби ноқонуний фаолиятларни назорат қилиш қийинлашади.

Сўмнинг долларга нисбатан барқарорлашуви

Сўмнинг долларга нисбатан муттасил равишда ўз қийматини йўқотиши ўзбекистонликлар учун ўзгармас тенденциядек бўлиб қолган. Масалан, 2020-2024 йилларнинг дастлабки 9 ойида қадрсизланиш қуйидагича бўлганди:

  • 2020 йил – 7,9 фоиз;
  • 2021 йил – 1,8 фоиз;
  • 2022 йил – 1,3 фоиз;
  • 2023 йил – 7,6 фоиз;
  • 2024 йил – 2,3 фоиз.

Жорий йил бошидан 22 августгача бўлган даврда эса сўм долларга нисбатан 3,4 фоизга мустаҳкамланди.

Бунга юқорида келтирилган долларнинг умумий қадрсизланишидан ташқари, қуйидаги омиллар ҳам таъсир қиляпти:

Биринчидан, Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари сўмнинг мустаҳкамланишига ёрдам беряпти. Жумладан, глобал ноаниқликлар фонида олтин нархининг кескин ўсиши кузатилди. Хусусан, йил бошидан бери қимматбаҳо металл нархи 27 фоизга ошди. Ўзбекистон эса энг йирик олтин экспортёрларидан бири ҳисобланади. 2025 йилнинг дастлабки 6 ойида 18 тонна соф олтин сотуви амалга оширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари таркибида олтиннинг ўрни жудаям катта ҳисобланади. Мазкур қимматбаҳо металл нархининг ўсиб бораётгани фонида Ўзбекистон захиралари ҳажми йил бошига нисбатан 7,56 млрд долларга ошди. Бу эса ўз-ўзидан Марказий банкка валюта бозорига таъсир қилиш учун кўпроқ имконият яратади.

Иккинчидан, экспортнинг ўсиши ва ташқи савдода тақчилликнинг қисқариш тенденцияси юз беряпти. Жумладан, жорий йилнинг 6 ойида экспорт ҳажми 16,88 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга кўпайди. Олтин экспорти эса 55 фоизга ўсиб, қарийб 6,5 млрд долларга етди. Экспортнинг бундай юқори ўсиши фонида ташқи савдо дефицити 3,2 млрд долларгача қисқарди. Бу эса миллий валюта учун қулай шарт-шароитлар яратади.

Бундан ташқари, йил бошидан бери рубл курсининг 21 фоизлик мустаҳкамланиши юз берди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонга пул ўтказмаларининг ўсишини тезлаштирди. Жорий йилнинг биринчи ярмида пул ўтказмалари ҳажми 8,2 млрд долларни ташкил этиб, олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизга ўсди.

Сўм курсининг мустаҳкамланиши Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ижобий жиҳати – импорт арзонлашади. Миллий валютанинг мустаҳкамланиши импорт қилинадиган товарлар ва хизматларнинг сўмдаги нархини пасайтиради ва умумий инфляцияни секинлаштиради. Шунингдек, давлат қарзининг қарийб 90 фоизи чет эл валютаси, хусусан, долларда жалб қилинган. Сўмнинг мустаҳкамланиши қарзларга хизмат кўрсатиш харажатларини ҳам камайтиради.

Салбий жиҳати – Ўзбекистондан амалга ошириладиган экспорт товарларининг рақобатдошлиги камаяди. Кучсиз сўм ўзбек маҳсулотини хорижий харидорлар учун арзонлаштиради, чунки таннарх пасаяди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, доллар халқаро молия тизимидаги катта таъсирини сақлаб қолишда давом этяпти. Бугунги кунда АҚШ пули барча валюта айирбошлаш операцияларининг қарийб 90 фоизида, халқаро савдонинг эса ярмидан ортиғида ишлатилади. Дунё мамлакатлари марказий банкларининг захиралари ҳам асосан долларда шаклланган бўлиб, бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни ташкил этади. Мана шу омил Вашингтонга йирик бюджет тақчиллиги билан яшаш ва америкалик истеъмолчиларга фаровон ҳаёт кечириш имконини беради. Буларнинг барчаси чет эллик инвесторларнинг АҚШ активларига бўлган катта қизиқиши ҳисобига молиялаштирилади. Трамп маъмуриятининг мустақил институтлар ва қонун устуворлигига таянадиган кучли иқтисодиётга зиддиятли сигналлар бериши эса доллар индексини пасайтириб юборди.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид