Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизларни тадбирга жалб қилиш таклифи тўгарак раҳбари ва ота-оналардан чиққан — ҳокимлик
Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлигига кўра, тўгарак раҳбари ва ота-оналар “Беш ташаббус” мусобақасининг шаҳар босқичида ғолиб бўлган ёш раққоса қизлар шу тадбир доирасида эътироф этилишини хоҳлаган. Ҳокимлик тадбир ташкилотчиларига нисбатан чора кўрилганини маълум қилиб, барчадан узр сўради.
Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги кечқурун ўтказилган расмий тадбирга совуқ бўлишига қарамай юпун кийимдаги ўқувчи қизлар рақс тушиш учун жалб этилгани ҳолатига изоҳ берди.
Унга кўра, 30 ноябр куни Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги ва сектор раҳбарлари иштирокида “Ёшлар дафтари”да турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш бўйича тадбир бўлиб ўтган.
“Тадбир кун тартибида кўзда тутилмаган бўлса-да, 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида ташкил этилган “Туморча” рақс тўгараги раҳбари ва ота-оналари томонидан фарзандлари “Беш ташаббус” доирасида шаҳар босқичидан 1-ўринни олиб, вилоят босқичида ҳам 29 ноябр куни иштирок этиб келишганини билдирган ҳолда, танловда яхши баҳоланган рақсларини намойиш этиш ва уларнинг бу ютуқларини ҳам ташкилотчилар томонидан эътироф этиш таклифи билан чиқишган”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, шаҳар сектор раҳбарлари томонидан мусобақа ва танловларда яхши ўринларни олган ёшларни тадбирларда эътироф этиб бориш анъана тусига айланиб қолган. Шу сабабли тадбир ташкилотчилари таклифни маъқуллаб, уларга ҳам имконият беришган.
“Улар ота-оналари билан гулхан атрофида бирга иссиқ кийимларда ўтиришган (бу ҳолат расм ва видеода ҳам акс этган). Фақатгина даврада ўйнашда ва тақдирлаш жараёнида расмга олиш учун қисқа вақтда рақс кийимида бўлишган холос. Бу ерда ташкилотчиларни оқлашдан йироқмиз, фақат тадбирга рақс тўгараги қизлари устози ва ота-оналари ташаббусига кўра ютуқларини баҳам кўриш учун келишганини англашимиз зарур”, – дейилади Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги баёнотида.
Таъкидланишича, тадбирнинг асосий мақсади “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ёшларга субсидия ва меҳнат қуролларини топширишдан иборат бўлган. Тадбир 17:30 да бошланиб, “ёшларнинг хоҳишига кўра гулхан атрофида кўнгилочар дастурга уланиб кетган ва кеч соат 19.30 да тугаган”.
Ҳокимлик ёш қизларнинг юпун кийимда тадбирга мажбуран жалб этилгани ҳақидаги гап-сўзларни рад этди.
“Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, ёшлар тадбирини ташкил этишда эътиборсизлик қилган масъулларга чоралар кўрилди ва камчиликлари кўрсатиб ўтилди. Барчадан узр сўраган ҳолда, жамоатчиликнинг кескин танқидига олиб келадиган бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслигимизни маълум қиламиз ва бу тадбир биз учун аччиқ сабоқ бўлди”, – дейилади расмий ахборотда.
Хабарда масъулларга қандай чора кўрилганига аниқлик киритилмаган.
Мавзуга оид
12:12 / 20.03.2026
“Афросиёб” поездлари Шаҳрисабзга ҳафтасига 3 марта қатнай бошлайди
19:30 / 07.11.2025
Сунъий интеллектли аппаратдан премиум палаталаргача: Шаҳрисабздаги “Оқсарой” клиникаси қандай имкониятларга эга?
18:13 / 28.08.2025
Жиззахда ота фарзандларига зўравонлик қилди
18:10 / 19.06.2025