E-qaror электрон платформасида ҳокимларнинг қарор ва фармойишлари, кенгаш қарорлари ёпиқ шаклда акс эта бошлади. Яширилган ҳужжатларга “ушбу ҳужжат шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширинган”лиги ҳақидаги изоҳ қўшилган. Энди E-qaror платформасида ёпиқ ҳужжатларнинг ҳужжат тартиб рақами, қабул қилинган вақти ва қайси ҳокимликка тегишлилигига оид маълумотлар акс этяпти.

Шу билан бирга, платформада ҳужжат ошкоралиги функцияси қўшилган ва “барча”, “очиқ” ва “яширин” ҳужжатларни филтрлаш имконияти яратилган.

Илгари яшириб қўйилган ҳужжатлар платформада акс этмасди ва бу жамоатчиликда саволларни туғдирганди.
Хусусан, 2022 йилнинг 3 ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги E-qaror платформасида 2022 йилнинг ярим йиллигидаги шаҳар бюджети даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маҳаллий кенгаш қарорларини эълон қилди. Бироқ орадан икки кун ўтиб, ҳужжатлар йўқолиб қолди. Эътирозлардан кейин қарор яна платформада кўринди.
Адлия вазирлигининг тушунтириш беришича, қонунчиликка мувофиқ ҳокимликлар томонидан айрим ҳолларда фойдаланилиши чекланган ахборотларни (мудофаа, хавфсизлик, шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ҳамда бошқалар) ўз ичига олган қарор ва фармойишлар қабул қилинади. Шундан келиб чиқиб, кенгаш раҳбарлари – ҳокимлар қарорни эълон қилиши ёки қилмаслиги мумкин. Ушбу баёнотдан кейин аниқ бўлдики, E-qaror порталидаги ҳужжатлар ўчириб юборилмайди, балки яшириб қўйилади.















