Фан-техника | 21:54 / 03.12.2022
62563
5 дақиқада ўқилади

«Кўринмас» бомбардимончи самолёт ва одамларга чип ўрнатмоқчи бўлаётган Илон Маск — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

«Кўринмас» бомбардимончи самолёт

Фото: Reuters

АҚШда Northrop Grumman компанияси янги авлоддаги B-21 Raider стратегик бомбардимончи самолёти тақдимотини ўтказди.

B-21 Raider дунёдаги ягона олтинчи авлоддаги самолёт бўлиб, Ер шарининг исталган нуқтасига учиб боради, ядровий ва оддий қуролларни олиб юра олади, такомиллашган «stels» технологияси шарофати билан энг илғор ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини айланиб ўтади. 

Пентагон раҳбари Ллойд Остинга кўра, дастлабки самолётни яратишга 7 йил вақт кетган. Истиқболда самолётнинг пилотсиз бошқариладиган кўринишлари ҳам ясалади.

B-21 Raider 2023 йилда ҳавога кўтарилиши кутилмоқда, унинг биринчи жойлашув жойи АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг Жанубий Дакота штатидаги Эллсуорт авиабазаси бўлиши мумкин.

Битта самолёт нархи 753 миллион долларга тенг. АҚШ Мудофаа вазирлиги компания билан ушбу самолётни яратиш бўйича 2015 йилдаёқ шартнома тузганди.

2023-2027 йилларда 100 дона ишлаб чиқариладиган B-21 Raider дастури учун Пентагон 19 млрд доллар ажратади.

Қуёшдан энергия олувчи электромобил

Нидерландиянинг Lightyear стартапи тўғридан тўғри қуёш нуридан энергия олиб ҳаракатланадиган дунёдаги биринчи электромобилни тақдим қилди.

Стартап асосчиси Лех Ҳуфслутнинг сўзларига кўра, қуёш панеллари машинанинг капоти ва томида жойлаштирилади. Электромобил ёз ойларида бир қувватлаш орқали Амстердамда 2 ой, Португалияда 7 ойгача ҳаракатланиши мумкин. Қуёшдан олинадиган энергия электромобилнинг кунлик юриш масофасини 70 кмга оширади.

Лигҳтеар 0 дея номланган автомашинанинг баҳоси 259 минг долларни ташкил этади. Ушбу электромобилни сотиб олиш учун 150дан ортиқ буюртмалар келиб тушган.

Курьер роботлар

Буюк Британиядаги Лидс шаҳри супермаркетларида озиқ-овқат етказиб берувчи роботлар хизматидан фойдаланиш йўлга қўйилади.

Расмийларнинг таъкидлашича, схема автомобиль билан амалга ошириладиган қисқа саёҳатлар сонини камайтиришга ёрдам беради.

Роботлар енгил вазнга эга ва одам юриш тезлигида ҳаракатланади.

Илон Маск одамларга чип ўрнатмоқчи

Америкалик тадбиркор Илон Маск ўзига тегишли Neuralink компанияси яқин олти ой ичида одам бошига чип имплантация қилиши мумкинлигини айтди. 

Миллиардернинг таъкидлашича, компания одамларда клиник синовларни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг аксариятини аллақачон тегишли идораларга тақдим қилган. 

Neuralink мақсади - бошга имплантация қилинадиган ва мия фаолияти билан компьютерни бошқариш учун ишлатиладиган қурилма яратиш. 2019 йилда Маск ушбу технология маймунларда синовдан ўтказилаётганини маълум қилди. Ўтган йили эса Neuralink ўз фикр кучи билан теннис ўйнаётган маймун видеосини эълон қилган эди. 

Бу йилги синовлар янада муваффақиятли ўтди ва маймунлардан бири ўзига ўрнатилган чип ёрдамида ноутбук экранида бир нечта сўзларни ёзишга муваффақ бўлди. 

Дунёдаги энг енгил ноутбук

Фото: Asus

Asus компанияси дунёдаги энг енгил 14 дюймли ExpertBook B9 ноутбукини тақдим қилди. Унинг нархи модификацияга қараб 1,8 минг доллардан бошланади. Ноутбук аллақачон АҚШ бозорида сотувга чиқарилган. 

Корпуси магний қотишмасидан тайёрланган моделнинг вазни 880 грамм. Қурилма 14 дюймли Full HD (1920х1080) дисплейга, 12-авлод Intel Core процессорига, Intel Iris Xe графикасига, 16 ГБ ёки 32 ГБ оператив хотирага ва 1ТБ ёки 2ТБ ҳажмдаги SSD-дискка эга. Корпус дизайни дисплейни 180 даражага эгиш имконини беради, сенсорли панел эса рақамли клавиатура сифатида ишлатилиши мумкин. 66 Вт•с қувватга эга батарея ноутбукни қайта қувватлантирмасдан 16 соатгача ишлатиш имконини беради. 

Ноутбук ҳимоя панжараси бўлган веб-камера, Harman/Kardon динамиклари ва шовқинни камайтириш технологиясига эга микрофонлар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, USB Type-A, Thunderbolt, HDMI, RJ45 (micro-HDMI) ва 3,5 мм қулоқчин улагичи ҳам бор. 

Қуёшни кузатиш учун мўлжалланган дунёдаги энг йирик радиотелескоп

Хитойда қуёшни кузатиш учун мўлжалланган дунёдаги энг йирик DSRT радиотелескопи қурилиши якунланди

Телескоп Хитой жануби-ғарбидаги Сичуан провинцияси платосида жойлашган. У ҳар бирининг диаметри 6 метр бўлган 313 та антеннадан иборат. Қурилманинг умумий майдони 1 км. 

Радиотелескопнинг асосий калибрлаш антеннаси айлана марказидаги минора тепасига ўрнатилган. Унда осмон жисмлари 150-450 мегагерц частотаси билан назорат қилинади. 

Телескоп қуёшдаги чақнашлар ва радиацияни кузатиш учун мўлжалланган. Бу ўз навбатида, коинотдаги об-ҳаво ўзгаришини аниқлаш имконини беради ва ерга яқин радиусда учадиган қурилмаларнинг ишдан чиқиши эҳтимолини камайтиради.

Мавзуга оид