Жаҳон | 23:01 / 03.12.2022
23007
2 дақиқада ўқилади

Россиялик аёлларни чув туширган ўзбекистонлик йигит 5 йилга қамалди 

Нодиржон Раҳмонов москвалик аёлларни 23 миллион рублга алдагани учун жазоланди. 

Фото: РИА Новости

Москванинг Бутирский суди фирибгар Нодиржон Раҳмоновни беш йил муддатга колонияга жўнатди. У уч нафар москвалик аёлни жами 23 миллион рублга алдаганликда айбдор деб топилди. 

Раҳмонов ўзининг барча қурбонларини Mamba танишув иловаси орқали топган. 

«У аёллар билан ишончли муносабатларга киришган, уларга тегишлича эътибор қаратган, шахсий-романтик ва никоҳ-оилавий муносабатларни ўрнатиш нияти борлигини маълум қилган», - дейилади суд ҳукмида. 

Шундан сўнг йигит турли баҳоналар билан, масалан, бизнес очиш учун ёки соғлиғидаги «муаммолари»ни ҳал қилиш учун пул ундирган. Аёллардан бири ҳатто унинг учун жиноятга ҳам қўл урган. 

Шуниси эътиборга лойиқки, Раҳмоновнинг пул-ишқий бизнесидаги шериги қонуний рафиқаси Олга бўлган. У синглиси ниқоби остида эрининг фирибларида қатнашган. Суд аёлни 4 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди. 

Бундан ташқари, «ташаббускор» эр-хотинга алданган аёлларга пулларни қайтариш мажбурияти юкланди. Фирибгарларнинг ҳаракатлари оқибатида етказилган зарар 23 миллион 803 минг рублни ташкил этади.

Мавзуга оид