Жамият | 10:04
2370
2 дақиқада ўқилади

Икки ойда 45 та жиноий гуруҳ фош этилди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январ–феврал ойларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ўтказилган 6025 та махсус тезкор тадбир давомида 45 та жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу тадбирлар натижасида товламачилик, ноқонуний қурол сақлаш, қиморхона ташкил этиш, одам савдоси, орттирилган иммунитет вируси инфекциясини тарқатиш ва фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ кўплаб жиноятлар фош этилди.

Хусусан, тезкор тадбирлар давомида 116 та товламачилик, 315 та ноқонуний қурол билан боғлиқ, 86 та қиморхона ташкил этиш, 40 та одам савдоси, шунингдек, 790 та ОИВ инфекциясини тарқатиш ва фоҳишахона сақлаш каби жиноят ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, қидирувда бўлган 533 нафар шахс ушланиб, уларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланган. Январь–февраль ойларида жами 3150 та жиноят иши қўзғатилган, 2934 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 980 нафарига нисбатан эса қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тадбир бошидан ноқонуний қурол сақлаш билан боғлиқ 315 та жиноят иши қўзғатилиб, натижада 4570 та совуқ қурол олинган. Улар орасида 50 та бита, 72 та кастет, 4004 та ўткир тиғли жисм ва 444 та бошқа турдаги қуроллар бор.

Бундан ташқари, далилий ашё сифатида 5814 дона ўқ-дори ва 3 килограмм 715 грамм портловчи модда мусодара қилинган. Ижтимоий тармоқларда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи, ёшлар ва аҳоли орасида бузғунчи ёт ғоялар ҳамда жиноят олами қарашларини тарғиб қилган 47 та аккаунт блокланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид