16:57 / 03.12.2022
5865

Украина нефт нархи чегарасини икки баравар пасайтиришга чақирди

Фото: AP

Украина расмийларининг фикрига кўра, Россия нефти учун Европа Иттифоқи, G7 давлатлари ва Австралия томонидан бир баррель учун 60 доллар қилиб белгиланган нарх чегараси жуда юқори

Россия Федерациясининг «иқтисодиётини тезроқ йўқ қилиш» учун уни бир баррель учун 30 долларгача камайтириш керак эди, деб маълум қилди Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак. 

«Биз ҳар доим мақсадимизга эришамиз ва Россия иқтисодиёти барибир вайрон бўлади, Россиянинг ўзи эса барча жиноятлар учун нарх тўлайди ва жавобгар бўлади. Трибунал билан ҳам шундай бўлади. Улар бундан жуда қўрқишяпти, чунки Украина буни амалга оширишини билишади, Украина ўз мақсадига эришади», деб ёзди у Telegram-каналида.

Бундан олдин Financial Times Россия ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, Ҳиндистон, Хитой ва Туркияга нефт ташиш учун 2022 йилда сотиб олинган 100 дан ортиқ эски танкерлардан иборат «соядаги флот»ни шакллантираётгани тўғрисида маълум қилганди.

Braemar юк ташиш брокери маълумотларига кўра, нефт ташишда асосан хорижий кемаларга таянадиган Москва ўзининг танкерлар флотини тўғридан тўғри ёки билвосита харидлар орқали 100 дан ортиқ кемага кўпайтирди. Россия билан боғланган операторлар ҳар бири 2 миллион баррелдан ортиқ нефтни ташишга қодир бўлган 29 тагача VLCC супертанкерларини сотиб олган. Шунингдек, ҳар бири 1 миллион баррелга яқин юк ташишга қодир 31 та Suezmax танкери ва ҳар бири 700 000 баррелга яқин юк ташиш имкониятига эга 49 та Aframax танкери харид қилингани айтилади. 

Rystad энергетика консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Россия Эрон ва Венесуэлага хизмат кўрсатадиган кемаларни сотиб олиш ва қайта тақсимлаш орқали 103 та танкерга эга бўлди. 

Top