Жамият | 15:50 / 04.12.2022
33713
10 дақиқада ўқилади

«Ҳануз ўзимни кечира олмайман» – қайнонасининг мажбурлови билан боласини аборт қилган аёлнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)

«Кунлардан бирида қайнонам эрталаб бизникига келиб касалхонага болани олдиришга боришимизни айтди. Унга бундай қилмаслигимни билдирдим. Шунда қайнонам олдимда иккита йўл борлигини айтди: «Ё мен билан бориб болани олдирасиз. Ёки икки болангиз билан уйдан чиқиб кетасиз ва ўғлимни бошқа қизга уйлантираман». Қайнонам айтганини қиладиган аёл. Шу сабабли чорасиз қолдим ва ўз боламнинг қотилига айландим».

Фото: Kun.uz

Яқинда электрон почтамга бир аёлдан мактуб келди. Унда аёл турмушга чиққанидан сўнг дуч келган оғир бир синов ҳақида ёзибди. Аёлнинг мактуби мени ўйга толдирди.

Назаримда бугун аксарият аёллар турмушнинг, рўзғорнинг оғир юки остида яшамоқда. Бу ҳам камлик қилгандай уларнинг айримлари қайноналарнинг зуғумларига ҳам чидаб яшашга мажбур бўляпти.

Гап қайнона-келин муносабатлари, қайнонанинг келинга ўтказган зуғуми ҳақида кетар экан, бир саволга жавоб тополмайман. Нега айрим аёллар ёш келинлик пайтида қайнонасидан зуғум кўрган ҳолда ўзи ҳам қайнона бўлганида келинига зуғум ўтказади, золим қайнонага айланади?

Аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасида можаро содир бўлса асосан келин айбланади. «Катта ҳеч қачон ёмон бўл деб уришмайди. Икки оғиз танбеҳга шунақа қиладими? Ёш оғирроқ бўлиши, катталарга ҳурмат кўрсатиши керак» деган гаплар гапирилади. Аммо «катта»да ҳам «икки қамчилик айб» бўлса-чи?!

Қўйида берилаётган мактубда аёл қайнонасининг мажбурлови билан қилган иши, ҳаётида оғир из қолдирган ҳодиса ҳақида ҳикоя қилади.

«Оилада энг катта фарзанд эдим. Мактабни битирмасимданоқ совчилар сўраб кела бошлади. 11-синфда эканимда ота-онам қишлоғимиздаги бир оиладан келган совчиларга розилик билдирди ва фотиҳа қилиб қўйишди.

Мактабни битирганимдан сўнг тўйимиз бўлди. Беш-олтинчи синфда ўқиб юрганимдаёқ уй-рўзғор ишларини қила бошлаганман. Турмушга чиққан пайтимда онамнинг қўлларидан барча юмушларни олгандим. Шу сабабли келин бўлиб боргач, бу тарафдан унча қийналмадим. Аммо ...

Бир қишлоқда яшаб ҳам қайсидир оиланинг ичига кириб бормагунча келин бўлиб тушаётган оиланг ҳақида ҳеч нарса билмас экансан. Ёки ҳақиқий ҳолат билганларингдан бошқача бўлиб чиқар экан.

Мен келин бўлиб тушган хонадон ҳақида қишлоқда фақат яхши гап эшитганмиз. Маъракаларда қайнонам «мен фалон мулланинг набирасиман» деб аёлларга гап бермас, ҳамма уни тақводор, Худодан қўрқадиган яхши аёл деб биларди.

Мақталган оилага келин бўлиб тушгач билдимки, қайнонамнинг барча гаплари, қилаётган нимадир яхши ишлари одамларнинг кўзи учун қилинар, оилада тамоман унинг акси эди.

Унинг бу характерини келин бўлган кунимнинг эртасигаёқ билдим. Қишлоқ жойларида рўзғордан унча кўп чиқинди чиқмайди. Пўчоқлар молга берилади, хазонлар кўмилади. Ҳовли супурганда тўпланадиган озгина тупроқ томорқага ташланади.

Гоҳида молларга бериб ёки кўмиб бўлмайдиган чиқиндилар ҳам чиқади. Ота ҳовлимда ундай чиқиндиларни қопга солиб йиғардик ва чиқинди йиғадиган машина келганда бериб юборардик.

Тўйнинг эртаси вақтли туриб ҳовлиларни супурдим. Тўй туфайли ҳамма ёқда пластик ва қоғоз идишлар, яна бошқа нарсалар бор эди. Уларни қопга сола бошладим.

Бироздан кейин қайнонам туриб келди қопларни кўриб, уларга нима солганимни сўради. Унга чиқиндиларни солганимни, чиқинди йиғадиган машина келса бериб юборишимизни айтдим.

Шу пайт қайнонамнинг қоши чимирилди. Сўнг бундай чиқиндиларни уйимиздан сал наридан ўтган сойга олиб бориб ташлашимни буюрди. Ўша пайтда унга ҳеч нарса дея олмадим.

Кейинроқ анча кунлар ўтганидан сўнг чиқиндиларни сойга ташлашга кўнглим бўлмай битта қопга йиғавердим. Қайнонам кўздан панада турган қопни кўриб қолибди. «Сизга нима девдим?» деб яна қоши чимирилди.

Унга чиқиндиларни сойга ташласам сел уларни бошқаларнинг уйи олдига оқизиб боришини, бу иш тўғри бўлмаслигини айтдим. Чиқиндиларни қопга йиғавериш учун рухсат сўрадим.

Шунда у менга «Сиз ҳали менга нима тўғри-ю, нима нотўғри эканини ўргатадиган бўлдингизми?» деб ўдағайлаб берди. Шундан сўнг бу мавзуда бошқа гап очмадим.

Қайнонамнинг бошқа ишлари ҳам шу йўсинда эди. Уч-тўртта хотиннинг ўртасига тушиб қолса ҳалол ва ҳаромдан дарс берар, аммо ўрни келганда ўзи гапирган гапларига амал қилмасди. Бундай ҳолат иккиюзламачиликни мутлақо ҳазм қила олмайдиган менга оғир ботарди.

Оилада тўлиқ қайнонам ҳукмрон эди. Бечора қайнотам қайнонамга оғиз очолмасди. Аммо бу ҳолатни бегоналарга билдиришмасди. Мабодо кимдир меҳмон бўлиб келганда қайнонам ўзини эрига итоат этувчи, оқила ва солиҳа аёл қилиб кўрсатар эди.

Меҳмонлар кетгач уларнинг олдида нимадир деб қўйган қайнотамга ҳатто бизнинг олдимизда ҳам ёмон дакки берарди.

Мен келин бўлиб тушганимдан сўнг бироз ўтиб қайнотам вафот этди. Бечора барча дардини ичига ютиб юрган экан, қайнонамнинг навбатдаги «танбеҳи»дан сўнг мазаси қочди. Юрак хуружига учраб ўнгланмади ва вафот этди. Шундан сўнг қайнонамнинг характери янада оғирлашди.

Қайнонамнинг қош-қовоғига қараб яшар эканман, менга фақат бир нарса таскин берарди. Икки-уч йил сабр қилсам қайнимни уйлантиришади ва бизни алоҳида қилиб чиқаришади.

Ўша кун келди, қайнимни уйлантиришди. Кейин қишлоқ четидаги еримиздан бизга уй тиклашди. Амал-тақал қилиб кўчиб чиқдик. Аммо қайнонамнинг зуғумларидан барибир қутулмадим.

Қайнонам бизникига ҳар кун келарди. Майли, бош устига, келаверсин. Меҳмон бўлиб кетади. Аммо у меҳмон бўлиб кетгани эмас, менга зуғум қилгани келарди. Бунга сабаб эса...

Қайним қишлоқнинг ўзига тўқ бойларидан бирининг қизига уйланганди. Қайнонам овсинимга ҳам менга қилган зуғумларини қилмоқчи бўлганида у «яхшигина» жавоб қайтарди. Шу-шу қайнонам овсинимга оғиз очолмай қолди.

Биз алоҳида бўлиб чиққанимиздан кейин ҳам овсинимга ошиқча гапира олмайдиган қайнонам бизникига келиб, менга зуғум ўтказишда давом этди.

Мен анча сабрлиман. Қайнонамнинг зуғумларига, алоҳида бўлганимиздан кейин ҳам келиб рўзғоримизга эгалик қилишга уринишига эътироз билдирмадим. Гарчи унинг ишларидан норози бўлсам-да буни сиртимга чиқармай, хўп деб кетавердим. Ота-онамга ҳам унча айтмасдим.

Ўша пайтларда эрим уста амакисига ёрдамчи сифатида ишларди. Буюртма тушмаганда мардикорлик қилиб, рўзғор тебратарди. Мен тўн тикардим. Ҳовлимизда узумзор боғимиз бор, кузда ундан олинадиган ҳосил камимизга ярарди.

Турмуш қурганимга беш йил бўлганда икки нафар – қиз ва ўғил фарзандимиз бор эди. Шу орада мен яна ҳомиладор бўлдим. Ҳомиладор бўлганимни эшитган куниёқ қайнонам етиб келди.

У мендан болани олдириб ташлашимни талаб қилди. Табиийки, кўнмадим. Шундан сўнг қайнонам ҳар кун эрталаб келиб болани олдиришим ҳақида гапирадиган бўлди.

«Қаранг, ўғлим бечора сизларни боқаман деб мардикорлик қилиб юрибди. Сиз эса белингиз оғримай нон еяпсиз. Иккита болангиз бор, етади шулар. Агар ҳадеб туғаверсангиз бир умр камбағалликдан бошларинг чиқмай ўтиб кетасизлар. Шу учун болани олдирасиз. Олдирмаганингизга қўймайман», дерди у.

Унинг гаплари жон-жонимдан ўтиб кетса ҳам эшитмаганликка олардим. Бу эса унга ёқмас ва овозини янада баландроқ кўтарарди. Ўзимча яна бир-икки кун гапиради ва бу мавзу ёпилади деб ўйловдим. Аммо ёпилмади.

Ана шундай кунлардан бирида қайнонам эрталаб бизникига келиб жўнашимни, касалхонага болани олдиришга боришимизни айтди. Унга мен бундай қилмаслигимни билдирдим.

Шунда у олдимда иккита йўл борлигини айтди:

«Ё ҳозир мен билан бориб болани олдирасиз ёки иккита болангизни олиб, ҳозироқ уйдан чиқиб кетасиз. Мен ўғлимни бошқа қизга уйлантираман»

Қайнонам ҳазиллашмаётганди. Агар ўша пайтда болаларимни олиб уйдан чиқиб кетсам у эримни уйлантиришдан ҳам қайтмасди. Тақдир синовлари олдида чорасиз қолдим ва кўзимда ёш билан қайнонамнинг олдига тушиб касалхонага жўнадим.

Касалхонада нима бўлди, эслай олмайман. Хаёлим ўзимда эмасди. Уйга келгач бир неча кун дунё кўзимга қоронғи бўлиб ўрнимдан турмай ётдим. Қайнонам келганда башарасига қарагим келмасди. Ота-онам ана шунда қайнонамнинг қилган ишидан хабар топишди.

Онамнинг қайнонамга гапирмаган гапи қолмади. Аммо у пинагини ҳам бузмасди ва менга аввалроқ гапирган гапини ушлаб олганди:

«Ўғлим бечора буларни боқяпман деб оғир ишларда ишлаб, мардикорлик қилиб юрибди. Буларга ҳозирча иккита бола етади. Шу ёғини эплаб боқсин. Сал улғайса яна бола кўраверади».

Онам қайнонамга ҳомила ҳам тирик жонлигини, уни олдириб ташлаш қотиллик эканини ва бу оғир гуноҳ бўлишини тушунтира олмади.

Ўшандан кейин бироз ўтиб қайнонам иккинчи қайнимни уйлантирди ва янги келинга зуғум ўтказиш билан банд бўлиб, бизникига камроқ келадиган бўлди. Менинг ҳам кўнглим қолиб кетгани учун уни кўришга анча-мунчада бормайдиган бўлдим.

Кунлардан бир кун нима бўлса ҳам қайнонам, бирровга кўриб келай деб йўлга чиқдим. Қайнонамнинг ҳовлисига яқинлашганимда унинг баланд овози эшитилди:

«Ҳой келин, тез бўлинг. Мана бу чиқиндиларни сойга олиб бориб ташланг. Сел келса ўзи оқиб кетади».

Унинг бу гапларини эшитиб келин бўлиб тушган пайтларимда менга ҳам шу иш буюргани эсимга тушди. «Букрини гўр тузатаркан-да» деб ўйладим.

Бир келиб мен ҳам ўғлимни уйлантираман. Ўшанда Худо хоҳласа келинимни кафтимда кўтариб юраман. У ҳеч қачон мени деб сиқилмайди ва кўзёш тўкмайди».

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид