Жаҳон | 21:10 / 05.12.2022
11592
2 дақиқада ўқилади

Доналд Трамп АҚШ Конституциясини бекор қилишга чақирди

Унинг фикрига кўра, бундай чақириқ сайловдаги қонунбузарликлар туфайли оқланиши мумкин. 

Фото: Getty Images

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп яна бир бор ўзини 2020 йилги президентлик сайловида ғолиб деб атади ва мамлакат Конституциясини «бекор қилиш»га чақирди. Унинг фикрига кўра, бундай чора овоз бериш ва овозларни санаш вақтидаги қонунбузарликлар туфайли оқланиши мумкин. 

Оқ уй унинг баёнотини кескин қоралади ва бу сўзларни «миллат руҳини таҳқирлаш» деб атади. 

Трамп 2020 йилги сайловда ғалаба қозонгани, аммо натижалар Жо Байден фойдасига сохталаштирилгани ҳақидаги асоссиз даъволарини таъкидлашдан тўхтамаяпти. 

Бу сафар ҳам Трамп сайловда ғалаба қозонганини яна бир бор таъкидлади ва «йирик технология компаниялари»ни Оқ уйга қайтишига тўсқинлик қилиш учун демократлар билан тил бириктирганликда айблади. 

«Бундай турдаги ва кўламдаги оммавий фирибгарлик барча қонунларни, қоидалар ва моддаларни, ҳатто Конституциядагиларни ҳам бекор қилишга имкон беради. Бизнинг буюк асосчиларимиз (АҚШ асосчилари назарда тутилган) сохта ва фирибгарликка асосланган сайловларга умуман рози бўлмас эди!», деди Трамп. 

Бунга жавобан Оқ уй матбуот котиби Эндрю Бейтс «Конституцияга қилинган ҳужум ва бунинг мақсади миллат руҳини таҳқирлаш билан баробар. Бундай чақириқ оммавий қораланиши керак», деди. 

Бейтс Конституцияни «муқаддас ҳужжат» деб атади ва Американи фақат (сайловда) ғалаба қозонган тақдирда яхши кўриш мумкин эмаслигини қўшимча қилди. 

Байден 2020 йилги президентлик сайловида 7 миллиондан ортиқ овоз устунлиги билан Трамп устидан ғалаба қозонган эди. У сайловчилар коллегиясининг 306 та овозига эга бўлди (Трамп 232 та). 

Мавзуга оид