2022 йил 15 августда Олий суд Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича чиқарилган аввалги қарорларни бекор қилиб, қайта кўришга юборган эди. Kun.uz колумнисти Шокир Шарипов шифокор билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида суҳбатлашди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бош инфекционисти, Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаган Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус пандемияси пайтида ОАВ орқали шифохонага керакли ёрдам кўрсатилмаётгани, персоналга ваъда қилинган пул мукофотлари берилмаётганини айтган, шундан кейин унинг устидан жиноят иши очилган эди.

— Келинг, хаёлан ўша пайтга қайтайлик. Пандемия бошланди. Ўша пайтдаги таассуротларингизни ёдга олинг.

Қарийб 24 соат ишлардик. Ҳатто дам олганда телефонлар ёниқ туриши керак эди, алоқада бўлиш лозим эди.

— Қаердан бунча куч?

Одамларнинг тузалиб кетишига ҳиссамиз қўшилаётгани ҳисси куч берди, беморларнинг кўпи касалликни енгиб, шифохонамиздан тузалиб чиқиши ва уларга ёрдамни шахсан биз бераётганимиз ҳисси.

— Бемор ҳаётдан кўз юмса, шифокор нимани ҳис қилади?

Шахсан менинг фаолиятимда бу бўлмаган – беморларим орасида ўлим ҳолати бўлмаган. Аммо шифохонада ўлимлар бўлади. Қандай инсон бўлишидан қатъи назар, бунда хоҳланг-хоҳламанг кўзингиз ёшга тўлади. Пандемия пайтида ҳаммамиз йиғлоқи бўлиб қолгандик. Ҳатто телефон орқали бир-биримизга фалончи бемор ҳаётдан кўз юмди, деб айтганимизда йиғлардик, қаттиқ таъсирланардик.

Психиатрияда “чегара” ҳолати деган тушунча бор, ҳар бир нарсадан жунбушга келиш ҳолати. Шундай ҳолатда эдик, кимдир нимадир деб қўйса ҳам, йиғлаворардик. Йиғисиз гаплашиб бўлмай қолганди.

— Йиғлагансизлар ва ишлагансизлар.

Ҳа, йиғлаганмиз ва ишлаганмиз… Ҳозир ҳам сизга буларни гапиряпман, кўзларим яна ёшга тўляпти. Феълим аслида қаттиқроқ, болалигимдан одамлар орасида ҳис-туйғуларимни кўрсатмай ўсганман. Лекин пандемия пайтида кўп йиғлар эдим.