Жамият | 08:20 / 26.11.2025
6407
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 8,5 гектар ер учун 7,3 млн доллар талаб қилганлар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида Чирчиқ шаҳрида 8,5 гектар ер майдонини расмийлаштириб бериш баҳонасида тадбиркордан 7,3 миллион АҚШ доллари талаб қилган гуруҳ аъзолари 160 минг доллар олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Фото: Видеодан кадр

Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент вилоятида ер майдони билан боғлиқ йирик миқдордаги коррупцион жиноят фош этилди.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлигининг инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бош мутахассиси, Тошкент шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ёрдамчиси, 1980 йилда туғилган риэлтор ва 1996 йилда туғилган яна бир шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорлик билан шуғулланишни режалаштирган фуқаронинг ишончига кирган.

Улар Чирчиқ шаҳрида жойлашган, улгуржи савдо билан шуғулланувчи МЧЖ балансидаги 8,5 гектар ер майдонини фуқарога 6 миллион 800 минг АҚШ долларига сотиш, шунингдек, ушбу ҳудудга электр, газ таъминоти, оқова сув тармоқларини ўтказиш учун техник шартлар ва рухсатномалар, қурилиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсатларни олиб бериш эвазига қўшимча 500 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Жами 7 миллион 300 минг АҚШ доллари талаб қилингани қайд этилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағининг бир қисми — 160 минг АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (йирик миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди (олдиндан тил бириктириб пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид