Ўзбекистон | 08:52 / 05.12.2022
1069
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгаши ташкил этилади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ташрифи доирасида мамлакат Варшавадаги элчихонасида Польша парламенти вакиллари, экспертлар, ишбилармонлар, академик ва журналистлар доиралари, Ўзбекистон-Польша муносабатларини ривожлантириш масалаларига жалб этилган Польша вазирлик ва идоралари ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Польша Савдо-саноат палатаси Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Ежи Дрождь иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Польша ҳукуматлараро комиссияси 7-йиғилишида (2021-йил 14-апрель) эришилган келишувларни амалга ошириш зарурлигини маълум қилди. Икки мамлакат Савдо-саноат палаталари Ўзбекистон-Польша ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масаласи устида ишламоқда. Унинг сўзларига кўра, бундай механизмлар Польша учун стратегик аҳамиятга эга бўлган қатор давлатлар билан аллақачон ишга туширилган ва улар катта самара бермоқда.

Ежи Дрождь Польша томони 2023 йил май ойида бўлиб ўтадиган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия 8-йиғилишида имзолаш учун инвестиция шартномалари ва экспорт шартномалари мустаҳкам тўпламини тайёрлашдан манфаатдорлигини билдирди.

Учрашув якунида Польша ишбилармон ва илмий доиралари бир қатор фаол вакиллари, эксперт ва журналистлар Ўзбекистон-Польша ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги дипломлари билан тақдирланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид