Аҳолига кўпроқ газ бериш учун тармоқдан узилган цемент заводи ўзбошимчалик билан қайта улангани аниқланди
“Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали бир гуруҳ фуқаролар ўзлари ишлайдиган цемент заводига газ берилишини сўраб мурожаат билан чиққанига муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда “Фарғонада саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши натижасида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолмоқда, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишмоқда” сарлавҳаси остида мурожаат тарқалди.
Унга кўра, Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчасидаги “Шўрсув цемент” (Албус) корхонасининг ишчилари ўз корхоналарини табиий газдан узмасликларини сўраб чиқишган. “Ҳудудгаз Фарғона” ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво кескин совиши ва бунинг натижасида қазиб олинаётган ва импорт қилинаётган газ истеъмолга етмай қолаётгани оқибатида магистрал газ қувурларидаги босим минимал қийматгача камайиб кетган. Бу ҳолат Фарғона водийсида ҳам кузатилмоқда.
Бундай ҳолатда биринчи навбатда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, тиббиёт муассасаларини табиий газ билан таъминлашда босимни барқарор ушлаб туриш учун цемент заводлари вақтинча таъминотдан узилган.
Бу вақтинчалик чоралар натижасида нафақат Шўрсув шаҳарчасидаги “Шўрсув цемент”, балки шу ҳудуддаги “Турон Эко Цемент”, “Турон ПФК”, “Шаффофцемент саноат”, “Қурилиш ашё сифат” МЧЖларга қарашли ишлаб чиқариш корхоналари ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли байённомасига асосан 2022 йил 27 ноябр куни табиий газ тармоғидан муҳрлаш йўли билан узилган.
Сабаби, юқорида номлари кўрсатилган улгуржи истеъмолчилар Фарғона вилояти ҳокимлиги, “Ўзнефтгазинспекция” Фарғона вилояти ҳудудий бўлими, Магистрал газ қувурлари бошқармаси ва “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали томонидан тасдиқланган 2022-2023 йил куз-қиш мавсумида табиий газ етказиб бериш кафолатланмаганлар рўйхатида туради.
Қолаверса, истеъмолчи билан тузилган табиий газ етказиб бериш ва қабул қилиш шартномасининг 2-боб 2.5-бандида қуйидагича шарт ёзилган: Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маиший истеъмолчиларни, идоравий ва муниципал уй жой фондини, аҳоли эҳтиёжларини, шунингдек стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчиларни об-ҳаво совиб кетиши даврида газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида табиий газдан фойдаланиш қоидаларида белгиланган тартибда истеъмолчига табиий газ етказиб бериш қисқартирилиши ёки бутунлай тўхтатилиши мумкин.
“Шунингдек, шартноманинг 2.7-бандига кўра, истеъмолчи табиий газдан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ захира ёқилғисига (3 ой давомида эҳтиёжини қоплайдиган) ўтиши ва газдан фойдаланишни тўхтатиши лозим деб белгилангани сабабли табиий газдан муқобил ёқилғи туридан фойдаланиши мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз”, – дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, 29 ноябр куни юқорида номлари кўрсатиб ўтилган улгуржи истеъмолчилар табиий газ тармоғидан узилганлик ҳолати қайта назорат қилинганда ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига қайта уланиб табиий газдан фойдаланаётгани аниқланган.
Интернетдаги мурожаатда “Кнауф” корхонасининг табиий гази узилмаганига нисбатан эътироз билдирилган. “Ҳудудгаз Фарғона”нинг изоҳлашича, бу корхона табиий газ учун шартномани “УзТренд” ташкилоти билан тузган ва ҳозирда “Кнауф” корхонаси ишлаб чиқариш учун табиий газ олмаяпти.