Ўзбекистон | 23:59 / 06.12.2022
48859
2 дақиқада ўқилади

“Бу об-ҳавода режали чекловлар киритмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин” — бош вазир ўринбосари

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энерготаъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.

“Бизнинг вазифамиз – одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир.

Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда [вазиятдан] чиқиб кетмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз”, – деди вазир.

Жўрабек Мирзамаҳмудов Фарғонанинг Ўзбекистон туманидаги “Шўрсув цемент” номли цемент заводи ишчиларининг интернетда тарқалган жамоавий мурожаатига ҳам муносабат билдирди. Мурожаатда ходимлар завод газдан узилгани сабабли ишсиз ва даромадсиз қолишганини айтишганди.

“Фарғонадаги ҳолатга келадиган бўлсак, яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, бошқа алтернатив ёқилғида ишлаши мумкин бўлган барча объектлар ҳаво кескин шунақа пайтда тармоқдан узилади. Бу ерда бироз бўрттириб гапирилган, 10 мингта [ишчи ишсиз қоляпти] деб. Бу цемент ишлаб чиқариш корхонасининг 10 мингта эмас, юздан сал ошиқроқ ишчилари бўлган.

Ҳамма биладики, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори бор, ғишт заводлари, янгидан қурилаётган цемент заводлар барчаси кўмир, яъни алтернатив ёқилғида ишлаши керак. Ҳозир бу [Фарғонадаги] заводни табиий газга ким улаган, ким рухсат берган, буни алоҳида ўрганиб чиқамиз. Лекин корхона раҳбарлари шартнома шартларига кўра вақтида огоҳлантирилган. Ишчилар билан тегишли тарғибот ишларини олиб бориши керак эди”, – деди Мирзамаҳмудов.

Аввалроқ “Ҳудудгаз Фарғона” берган баёнотда биринчи ўринда аҳолига газ етказиб бериш учун “Шўрсув цемент” бошқа цемент заводлари қатори газдан узилгани, лекин корхона ўзбошимчалик билан тармоққа қайта уланиб олгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид