Манбаларга кўра, Жўрабек 1840 йили Китоб беклигига қарашли Гулгунпуш қишлоғида Қаландарқори хонадонида туғилган. Ўша пайтларда Бухоро амирлиги Китоб ва Шаҳрисабз бекликларини ҳали тўлақонли ўзига бўйсундира олмаган, икки ўртада қуролли тўқнашувлар содир бўлиб турарди.

1852 йили Бухоро амири Насрулло Шаҳрисабзга бостириб кириб, шаҳар аҳлидан ўзига қарши чиққанларни қиличдан ўтказади. Шунингдек, бир гуруҳ ўсмир ёшдаги болаларни кейинчалик сорбоз қилиб тарбиялаш мақсадида Бухорога олиб кетади. Улар орасида 12 ёшли Жўрабек ҳам бор эди.

Тўрт йил амир хизматида бўлган Жўрабек, 16 ёшида унинг ишончини қозонади ва тўқсабо унвонини олишга эришади. Бу лавозим бир қисм сарбозларга лашкарбошилик қилиш имконини берарди. Кейинчалик, Жўрабек Китоб беклигининг беги бўлади.

Таниқли олим Шариф Юсуповнинг ёзишича, Жўрабек жасур, шердек бақувват, ўткир мерган, ҳарбий жанг санъатини пухта ўзлаштирган шахс бўлган. Жўрабек ҳар қандай мураккаб ишларни уддалашга қодирлиги билан нафақат ўз ҳамюртларини, ҳатто чет эллик кўпни кўрган кишиларни ҳам ҳайратга солган.

Жўрабек Китоб беклигининг беги бўлган даврда у билан учрашган инглиз сайёҳи Скайлер бекнинг мерганлик маҳоратидан жуда лол қолган. Бу ҳақда Ю.Рассел 1878 йилда Петербургда чоп этган «Ўрта Осиё маданияти ва Шарқдаги сиёсатимиз» китобида келтириб ўтган.

Жўрабек Китоб беклигини бошқарар экан, амир билан бир неча марта турли ихтилофларга боради.

«Жўрабек табиатан адолатпарвар, инсофли одам бўлганидан ўзи ҳокимлик қилган Шаҳрисабз-Китоб музофоти аҳолисига Бухоро амири томонидан солинадиган кўпдан кўп солиқларга қарши ўқтин-ўқтин норозилик билдириб турар, уларнинг айримларининг бекор қилинишига муваффақ бўлар эди. Амир исёнкор бекдан тезроқ қутулишни истар, бек эса ҳа деганда бўй беравермас эди», деб ёзганди Шариф Юсупов «Шаҳзода, Генерал ва Фурқат» асарида.

Ана шундай вазиятда 1865 йилда аввалига Тошкентни эгаллаган Чор Россияси армияси Бухоро амирлиги учун жиддий хавф туғдира бошлайди ва унинг ҳудудига бостириб киради.

Амир Музаффар қўшинлари Россия ҳарбийлари билан бўлиб ўтган жангларда енгилади. Руслар 1866 йилда Жиззахни, 1868 йилда Самарқандни эгаллайди. Амир Музаффар руслар билан битим тузиб, Россия вассаллигини қабул қилишга мажбур бўлади.

Амирнинг руслар билан шармандали битим имзолагани Жўрабек ва унинг дўсти Шаҳрисабз беги Бобобекка ёқмайди. Улар амирнинг ўғли Абдумалик билан иттифоқ тузиб, Самарқандга қўшин тортади.