Ўзбекистон | 19:50 / 08.12.2022
31629
7 дақиқада ўқилади

Газ қиш учун ғамланиши керак. Энергетик инқироз – стратегик хатолар оқибати

Маълум-у машҳур ҳақиқат – қиш фасли совуқ келадиган мамлакатлар ерости газ омборлари яратишади, уларни мунтазам тўлдириб туришади ва шу орқали истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлашади. Зотан, янгиликларда тез-тез “Европа мамлакатлари ўз омборларини газ билан тўлдирди” каби жумлаларни ўқиймиз.

Газни ер остида сақлаш (Gas Storage Technology) технологик жараёни газни коллекторлар, яъни қатламлар, тоштуз ва бошқа тоғ жинслари қазиб бўлингандан қоладиган сиғимлар ичига жойлаш, сақлаш ва у ердан олишдан иборат.

Ерости газ омборлари – инженер-техник иншоотлар мажмуаси бўлиб, магистрал газ қувурлари ва йирик газ истеъмол қилувчи марказлар ёнида қурилади ва истеъмол миқдори ошиб кетган “чўққи” даврларда оператив равишда етишмовчиликни қоплаш, истеъмолдаги фаслий, ҳафта ва кунлик ўзгаришларни компенсация қилиш, қувурлардаги авария ҳолатлари оқибатини енгиш ҳамда стратегик захираларни яратиш учун хизмат қилади.

Сўз бирикмалари ҳақида

“Энергетик инқироз” сўз бирикмаси ҳаётимизга саноқли кунлар ичида бостириб кирди. Мазкур сўз бирикмасини нега ишлатишга мажбур бўляпмиз деган саволга масъуллар “газ етмаяпти” деган, сўз бирикмасига айланиб улгурган сўзларни ишлатишяпти. Бу сўз бирикмасига эса биз “нега газ қиш учун ғамлаб қўйилмади” деган сўзлар бирикмасини истеъмолга киритишга мажбурмиз, зеро... вазият жиддий...

“Газни ғамлаш” деганда эса истаймизми, йўқми ерости газ омборлари ёдга келади.

Ҳавога учган мантиқий таклифлар

Икки йил олдин мустақил тадқиқотчи Гулбаҳор Султонова Kun.uz билан суҳбатда газ омборларини кўпайтириш кераклигини айтиб чиққан эди.

Аслида Гулбаҳор Султонова кашфиёт қилгани йўқ, у шунчаки баъзи объектив ҳақиқатларни тилга олди:

  • янги газ омборлари қурилмаяпти;
  • албатта, газ ғамланиши керак, бусиз инқироз тайин;
  • газ омборлари етарли бўлсагина қатта-ю кичик қувурларда босимни барқарорлаштириш мумкин;
  • СССРдан қолган компрессор станциялари янгиланмаган;
  • истеъмол ўсишига қараб, компрессорлар сони кўпайтирилмаган;
  • истеъмол ҳажми ўсишига мос равишда газ етказиш инфраструктураси янгиланмаган;
  • соҳа илмий ёндашув, ҳисоб-китобсиз юритиляпти;
  • хонадонларда юз берадиган газ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳам босим беқарорлиги сабаб.

“Мантиқий” баҳоналар

Сабаблар сўралганда масъуллар истеъмол ва истеъмолчилар (аҳоли) ўсганини айтишади. Шу ўринда савол бергинг келади – аҳоли ўсмай, камайиши керакмиди?..

Истеъмол ўсиши – ўсаётган иқтисодиёт ва ўсаётган аҳоли учун – табиий ҳол. Ҳар бир давлат идораси буни объектив шартсиз фактор сифатида қабул қилиши ва ҳисоб-китобларида, ишлар режасида, мураккаб тугул оддий прогнозларида ҳисобга олиши керак.

Жорий истеъмол ҳажмини, йиллар давомида ҳажмнинг ўсиши тенденциясини билган ҳолда, оддий ҳисоб-китоблар орқали истеъмолнинг келажакдаги ҳажмини билиб олса бўлади. Табиийки, потенциал етишмовчиликни ҳам, истиқболда кутаётган инқирозни ҳам.

Ва албатта, уфқда инқироз кўринса, бу ҳақда бонг уриш ҳам – оддий мантиқ тақозо қиладиган, масъулларнинг мажбурияти бўлган тасарруф. Бўлажак инқироз ҳақида бонг урмаслик эса – жиноят... Зеро айнан тегишли ташкилотлар бонг уриши ортидан тегишли чоралар кўрилади ва... инқирознинг олди олинади.

Шуни айтишимиз керакки, Энергетика вазирлиги масъулларидан бири “биз янги газ омборлари яратишни таклиф қилган эдик, аммо баъзилар бунга қарши чиқишди” деди. Ким ўша “баъзилар”, билолмадик.

Ким айбдор ва нима қилиш керак?

Россия Украинага бостириб кира бошлаган пайтда Ғарб Россия ёқилғисига санкция жорий қилди, бутун Европа ҳамжамияти энергетик инқироз юзага келиши мумкинлигини билиб, безовта бўлди. Безовта бўлиш билан чекланмасдан, Европа Иттифоқи мамлакатлари Россия гази ўрнини босишга қатъий киришди. Хусусан АҚШ, Қатар ва Нигериядан суюлтирилган газ сотиб олиш ҳажми оширилди.

4 декабрга келиб, ЕИ ўз газ омборларини 91 фоизга тўлдирди.

Аёнки, бундай тезликда амалга оширилган импорт реструктуризацияси ва, алалоқибат, ўткир энергия дефицитининг олдини олиш учун Европа кенг миқёсли ва дақиқ режа тузди, уни ҳаётга татбиқ этди.

Ўзбекистонда юзага келган энергетик инқирозга айнан режалаштиришдаги хатолар сабаб бўлгани аниқ. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига қарасак, электр энергиясига бўлган талабнинг 20 фоизи мамлакатдаги жорий ишлаб чиқариш билан қопланмайди (яъни аҳоли 100% свет билан таъминланиши учун яна 3 триллион киловатт соат ишлаб чиқарилиши керак). Қиш фаслида бу кўрсаткич янада катталашади.

Мамлакатдаги мавжуд 6та ИЭСдан 5таси газ билан етарлича таъминланмайди; баъзиларида ёқилғи етишмовчилиги 50 фоизни ташкил қилади.

Бунга қарамасдан, газ импорти (газ – Ўзбекистондаги 85% электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ёқилғи ҳисобланади) кераклича темпда кўпаймаяпти, Хитой каби мамлакатларга газни экспорт қилиш эса нафақат давом этяпти, балки ҳажми кўпайяпти, энергетика вазирлиги мулозимларининг бунга тескари баёнотларига қарамасдан.

Нега вазирлик, яқинлашиб келаётган хатарга ишора қилувчи барча индикаторларга қарамасдан, жорий вазиятни олдини олиш учун қатъий чоралар кўрмади – тушунарсиз.

Янги газ омборларини яратиш муаммонинг узоқ муддатли ечими бўла олмаслиги аён. Мамлакат энергетик инфраструктураси батамом эскиргани ҳақида кўп гапирилди. Масалан, иссиқлик электр станцияларидаги эскирган энергоблоклар буғ-газ ускуналарига нисбатан камида икки баробар самарасиз. Аксар трансформаторлар ортиқча юклама билан ишлаяпти. Электр энергияси етказишдаги йўқотишлар эса 20 фоиздан ортиқ. Тизимни модернизация қилиш учун жиддий либерализация лозим, хорижий капитал ва ноу-хауни жалб қилиш керак. Шунга қарамасдан, номаълум сабабларга кўра, 2022 йилга мўлжал қилинган ислоҳотлар номаълум муддатга тўхтатилди.

Аҳолимизнинг газ истеъмоли 13 миллиард кубметр миқдорга етди, ИЭСларга эса 17 миллиард кубметр ажратиляпти. Бироқ ишлаб турган газ омборлари сиғими эса 4 миллиард кубметрдан ошмайди. Бошқача қилиб айтганда, омборларимиз табиий газга бўлган талабнинг 14 фоизини қондиришга ярайди, холос.

Бизда ҳозир узоқ муддатли ислоҳотлар меваларини кутишга вақт йўқ. Ислоҳотларни бошлаш билан бирга тезлик билан мавжуд газ омборларини кенгайтириш ва янги ерости газ омборларини яратиш лозим. Ва уларни қиш мавсумига тайёр бўлиш учун йил давомида тўлдириш керак – табиий газ импорти воситасида.

Шокир Шарипов,
Шаҳзод Йўлдошбоев

Мавзуга оид