“Minerva city” можароси: ер ажратишдаги қонунбузилишлар, лазейкалар ва 100 млн доллар
Ҳиндистонлик инвестор Мурари Лал Жалан ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги можаро баҳсларга сабаб бўлди. Жамоатчиликда дилемма: ким ҳақ? Kun.uz инвестор иддао қилган “100 млн доллар”ни аслида ҳоким қайси ҳисобрақамга ўтказишни сўрагани, шартномада қандай хатоларга йўл қўйилгани ҳақида инвесторнинг маслаҳатчиси ҳамда иқтисодчи экспертлар билан суҳбатлашди. Ҳокимлик таҳририятнинг суҳбатга таклифини рад этди.
Фаолларнинг баҳсларини кузатар эканмиз, уларнинг аксарияти масаланинг туб моҳияти, яъни низо қаердан келиб чиққани, вазият шу даражагача етиб келишига нималар сабаб бўлгани билан қизиқиб кўрмади.
Шу боис бу галги кўрсатувимизда инвестор ва ҳокимлик ўртасидаги низони тарафларнинг вакиллари ҳамда экспертлар иштирокида таҳлил қилишга қарор қилдик. Лекин Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари иш прокуратурада ўрганилаётгани, унинг хулосаси олинмагунча изоҳ берилмаслигини айтиб, бу кўрсатувга таклифимизни рад этди.
Биз инвестор Мурари Лал Жаланнинг маслаҳатчиси, MJ компанияси вакили Муҳаббат Отақулова билан Zoom орқали, иқтисодчи экспертлар Барногул Санақулова ва Абдулла Абдуқодиров билан эса студиямизда суҳбатлашдик.
Kun.uz: Дастлаб, барча учун шов-шувга сабаб бўлган 100 млн доллар ҳақида гаплашсак. Бу пул бирор шартномада кўрсатилганмиди ёки қўшимча шартномалар ҳам бормиди?
Муҳаббат Отақулова: Инвестицион шартномаларда бизнинг компания ўз бўйнига олган мажбуриятлари бор. Бу биргина лойиҳа учун эмас: биз ўша йили (2019 йил ҳақида гап кетяпти – таҳр.) иккита келишувга эришганмиз. Биринчиси – Бектемир туманида жойлашган (Lake city, собиқ Бахт кўли) бўлса, иккинчиси ҳозирги Янгиҳаёт туманида жойлашган 100 гектарлик майдонда Minerva city номли чиройли шаҳарча қуриш.
Бу оддий шаҳарча эмас албатта, компаниямиз энг кам миқдори 500 млн доллар бўлган шаҳарчани қуриш мажбуриятини ўз бўйнига олган. Лекин бизнинг келишувимизда инвестор 100 млн, 200 млн ёки 500 млн доллар маблағни бир пайтнинг ўзида олиб келиб қўяман, деган мажбуриятни олмаган. Бу унинг мажбуриятига кирмайди.
Ана шу лойиҳалар босқичма-босқич амалга ошириб келинаётган бир вақтда, тўсатдан март ойида Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўша интервюда айтилган учрашув бўлди. Учрашувда инвесторга Роҳатдаги ерни қайтариб бериш шарти қўйилди. Бунинг эвазига “Minerva city”нинг ривожланишида кўмак беришларини айтишди. Мурари Лал Жалан бу нарсага рози бўлмади. Чунки унинг фикри бўйича нотўғри ёки ноқонуий иш қилмаган бўлса ҳам, ўз-ўзидан “лойиҳани мен бажара олмадим” дейиш, яъни қила оладиган ишини қила олмайман деб оммага олиб чиқиши яхши эмас эди. “Йўқ, мен иккала лойиҳамни ҳам ўз вақтида бажараман, қўл қўйиб бўйнимга олган мажбуриятларнинг ҳаммасини бажаришга имконим ва қобилиятим етади”, деган маънода жавоб берган эди ўшанда.
100 млн доллар ҳақида гапирадиган бўлсак. Роҳат кўли бўйича келишув имзоланишидан олдин адашмасам 4 ёки 5 млн долларни лойиҳа учун кўчириб қўйиш талаб қилинган эди. Бу талабни тўғри тушунган инвестор ўша заҳоти 4 млн долларни [Lake city лойиҳасини амалга оширувчи] компания ҳисобрақамига ўтказиб қўйди. Март ойидаги учрашувда эса 100 млн доллар ўтказиш ҳақида гап кетган. Албатта, инвестор бунга норози бўлган. “Келишувдан ташқари ҳеч нарса қилмайман; Инвестициялар вазирлиги, шаҳар ҳокимияти ва Minerva World of Knowledge компанияси ўртасида нимага келишиб қўл қўйган бўлсак, шу бўйича иш ишлаймиз, бундан ташқари ҳеч нимани бўйнимга олмайман”, деган гапни айтган.
Kun.uz: 100 млн долларни қайси ҳисобрақамга қўйиш сўралган эди? Кўпчилик ҳоким пулни ўзи учун сўради деган тушунчага ҳам боряпти.
Муҳаббат Отқулова: Бу маблағни ҳоким ҳеч қанақа ўз ҳисобрақамига сўрагани йўқ, компаниянинг ҳисобрақамига қўйишни сўраган. Инвесторнинг ўзи ҳам бунақа талқин бўлганидан ҳайрон бўлди. Бу маблағни Роҳатда жойлашган “Lake city Township” МЧЖ ҳисобрақамига тушириш сўралган эди.
Барногул Санақулова: Биз бу ерга холис эксперт сифатида таклиф қилинганмиз. Икки юридик шахснинг ўртасидаги зиддиятга аралашишимиздан мақсад шуки, бу масала халқаро шов-шувга сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолат бўлиб кўриняпти ва биз халқ, жамият манфаатлари нуқтайи назаридан холис эксперт сифатида ушбу суҳбат жараёнида иштирок этяпмиз. Интервьюда келтирилган фактлар бироз бошқача мазмунда талқин қилиниб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамият аъзоларида бу борада ҳеч қандай саволга ўрин қолмаслиги керак. Холис таҳлил қилиш учун сизга бир нечта саволлар беришимиз керак бўлади.
Абдулла Абдуқодиров: Инвестиция шартномаларида ҳомийлик кўрсатиш ёки ҳокимлик ҳисобига қандайдир пул ўтказиш каби бўлимлар бормиди?
Муҳаббат Отақулова: Албатта, инвестор “Minerva city” ёки “Lake city” лойиҳалари учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳисобрақамига валютада пул ўтказишни ўз бўйнига олгани шартномада кўрсатилган, бу ҳомийлик учун деб ёзилган.
“Minerva city” ёки “Lake city”ни қуришимиз учун бизга ташқи коммуникациялар зарур бўлади, яъни сув тортиб келиш, канализация, газ – тўғри, булар давлат тарафидан текинга қилиб берилиши керак бўлган нарсалар, лекин шу вазифалар сабаб бўлиб қийинчиликлар келиб чиқмаслиги, лойиҳа тўхтаб қолмасдан ўз вақтида бориши учун, яъни лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳомийлик учун пул ўтказиб турилади (кимнингдир чўнтагига эмас).
Бу ҳомийлик маблағини тўлаб бериш лойиҳаларнинг бош режаси тасдиқдан ўтганидан кейин бошланади. Лойиҳанинг тасдиқдан ўтгани инвесторга лойиҳа давом этишига ишонч беради. Лекин афсуски ҳалигача “Minerva city”нинг ҳам, “Lake city”нинг ҳам бош режалари тасдиқдан ўтмаган.
Барногул Санақулова: “Minerva City” учун 100 гектар ер билан боғлиқ бўлган инвестицион шартномада ҳомийлик қанча суммани ташкил қилган, у қандай тартибда ва қаерга ўтказилиши керак эди?
Муҳаббат Отақулова: Жами 10 млн долларга яқин маблағ 2 йил давомида ойига 400 минг доллардан ошмаган миқдорда бериб борилиши кўзда тутилган. Аммо бунинг 100 млн доллар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ҳомийликдан кўзда тутилган мақсад шуки, лойиҳа учун коммикациялар ўтказиш, балл бонитетни ҳисоблаш, агрофирмага компенсация ёки шунга ўхшаган давлат харажатлари пайдо бўлганида, инвесторни ўз ишидан чалғитмаслик, иш шу муаммоларга боғланиб тўхтаб қолмаслиги учун бу ҳомийлик маблағи шу йўналишларга ишлатилиши керак.
Абдулла Абдуқодиров: Ҳозир айтилишича, ҳокимият ҳисобрақамига маълум миқдорда пул ўтказиб берилиши керак бўлган. Бу пул лойиҳа учун коммуникациялар етказиб беришга сарфланади дейилди. Кейинроқ эса, ўша ерларда бошқаларнинг ҳам ҳаққи борлиги, бу пуллар ўшаларга компенсация тарзида тўланиши мумкинлиги айтилди. Бундан кўриниб турибдики, иккала томон ҳам ўз ишини пухта бажармаган.
Мени ҳайрон қолдирган яна бир жиҳат шуки, бирор лойиҳа бажарилаётганда ҳокимликларда махсус ҳисобрақамлар очилса ва унга пуллар ташланса, бундай ҳолатлардан Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг хабари борми? Бу ҳисобрақамлар қайси қонунлар асосида очиляпти, улардаги пулларнинг сарфланиши қайси қонунлар билан регламентация қилинган, улар устидан ким назорат олиб боради?
Агар бу пуллар ҳокимликка ҳисобрақамига тушиб, ҳокимлик ўзи марказлаштирилган ёки бошқа манбалар ҳисобига қилиши керак бўлган бошқа ишларга сарфланаётган бўлса, эртага биз... Баъзи бир ҳокимларнинг гаплари бор: “Мен ўз ҳисобимдан уни қилдим, буни қилдим...” Кечирасиз, бу нима деганингиз, чўнтагингиздан сарфладингизми?
Ҳокимларнинг бунақа гапларини тушунмайман. Лекин агар бунақа қинғир йўллар билан – мен бунга қинғирдан бошқа сўз тополмайман – махсус ҳисобрақамлар тузилган бўлса, бу ҳисобларда назоратсиз пуллар турган бўлса, албатта кўкрагига уради: “Мен ўз ҳисобимдан қилдим!” Кўриб турибмиз бу ҳисоб қаердан келяпти.
Охир-оқибатда умумхалқ бойлиги бўлган ер ва ерости бойликларининг талон-торон қилишдан ёки ҳуқуқли ё ярим ҳуқуқли асосда қайта тақсимлашдан келиб тушаётган маблағлар бу. Яъни бу – халқ маблағи.
Барногул Санақулова: Ажратилган 100 гектар ер инвесторга берилишидан аввал суғориладиган ер бўлган, шундайми?
Муҳаббат Отақулова: Қўлимда Тошкент вилояти Зангиота тумани кадастр органи берган маълумотнома бор. Бу маълумотномага кўра (мен рақамларда кичик ҳажмда адашаётган бўлишим мумкин), бу ер майдонининг 45 гектари қишлоқ хўжалиги ери бўлган. Яна 2 гектарга яқин ерда “заправка” бўлган. Яна 2 гектардан ортиқроғида канализация канали бўлган. Қолгани қурилиш учун биздан аввалроқ бошқага ажратиб берилган ер майдони бўлган.
Барногул Санақулова: Демак, ўша суғориладиган 45 гектар ер қайсидир агрофирмага тегишли бўлган. Бу майдонларнинг балл бонитети ўртача неча бўлган?
Муҳаббат Отақулова: Балл бонитетини ўлчаш ва умуман ерни инвесторга ажратиб беришгача бўлган барча жараёнларнинг инвесторга алоқаси йўқ.
Барногул Санақулова: Бу ер майдони текинга, аукционсиз олинган, тўғри тушундимми?
Муҳаббат Отақулова: Тўғри. 2019 йилдаги қонунчиликка асосан, агар инвестицион лойиҳа қиймати 10 млн доллардан ортиқни ташкил қилса, аукцион ташкил қилинмасдан, ўзаро таклиф киритиш асосида берилиши кўзда тутилган.
Барногул Санақулова: Кўриниб турибдики, умумхалқ бойлиги бўлган суғориладиган, қишлоқ хўжалигида ишлатилиши мумкин бўлган 100 гектар ер Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан текинга, аукционсиз, ҳеч қандай инвестиция қилмасдан туриб, бериб юбориляпти. Қонунчилик бўйича бундай ерлар давлат муҳофазасида туради. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерларга айлантириш жараёни жуда узоқ муддатга чўзилади ва катта сармояни талаб қилади.
Тошкент вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ўртача балл бонитети 55 бўлган ерни инвесторга беришидан олдин унумдор ернинг тупроғи қазиб олиниб, қаергадир олиб бориб ташланиши керак эди. Бу ҳолат акт билан расмийлаштирилиши лозим. Чунки бу – унумдор ер. Бутун дунёда унумдор ерни асраб қолиш бўйича қаттиқ кураш кетяпти. У катта бойлик ҳисобланади.
Барногул Санақулова: Инвестицион лойиҳа доирасидаги қурилишлар даврийлиги қанақа бўлган?
Муҳаббат Отақулова: Келишувимизда кўрсатилган муддатларга кўра, университет 2 йил давомида, касалхона 3 йил давомида, меҳмонхона каби туризмга бағишланган объектлар 3 йил давомида, турар жойлар эса лойиҳани амалга оширишнинг бутун даври – 7 йил ичида қурилиши керак.
Барногул Санақулова: Университет 2 йилда қуриб битказилиши керак бўлса, ҳозир у битиш арафасида бўлиши керак. Лекин ҳали қурилиши ҳам бошланмаган, шундайми?
Муҳаббат Отақулова: Университет қурилиши бошланган, қурилиш тили билан айтганда нол ва ундан кейинги қаватига қурилиш бошланганда давлатимиз томонидан қурилиш тўхтатилган. Аввал бош режани тасдиқлатиб, кейин қурилишни давом эттирасизлар дейишди. Ҳаммаси шунга – бош режанинг тасдиқланмаётганига бориб тақаляпти.
2020 йилда бошланган қурилиш, ковидга қарамай тўхтаб қолмаган. 2021 йилга келиб ҳамма қурилишларимизга тўсиқ бошланди. Ҳалигача бош режа тасдиқдан ўтмади.
Барногул Санақулова: Умумий лойиҳадан неча гектари университет қурилиши учун мўлжалланган?
Муҳаббат Отақулова: Университетнинг битта биноси 9 гектар, иккинчиси 6 гектарга. Ҳар бири 1,5 гектардан иккита мактаб. Университет ва мактаблар ҳаммаси 18 гектарга қурилиши керак эди.
Барногул Санақулова: Minerva City лойиҳаси доирасида қурилиши керак бўлган турар жойлар ёки бошқа мажмуаларнинг қанчадир қисми Тошкент шаҳар ҳокимлигига текинга берилиши ё берилмаслиги масаласи шартномада борми?
Муҳаббат Отақулова: Йўқ. Бундай таклифлар келиб тушмаган, шунинг учун бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганмиз.
Барногул Санақулова: Демак, университетлар қурилиши керак бўлган ер 20 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Демак, бу – 100 фоиз бизнес лойиҳа. Маслаҳатчининг гапига қараганда инвесторга бошқа ҳеч қандай ижтимоий юк юкланмаяпти. Яъни лойиҳани амалга ошириш натижасида жамият кўриши мумкин бўлган ижтимоий самарадорлик масаласи жуда катта савол остида қоляпти. Бу жуда муҳим, чунки инвесторларга аукционсиз текионга берилаётган ер – халқнинг мулки, бу Конституцияда қатъий белгилаб қўйилган.
Лойиҳани ижтимоий деб бўлмайди. Биринчи бўлиб уй қуриш эмас, 2 йил ичида Minerva университети қурилиши керак бўлган (лойиҳага ҳам шу ном берилган). Турар жойлар эса 7 йил давомида қурилиши керак бўлган. Лекин инвестор негадир асосий урғу бериши керак бўлган, лойиҳани амалга ошириш учун ҳам асосий ставка қилинган университетлар қурилишига ҳам асосий пул сарфланмаган, ҳозир уларнинг нолинчи қавати ҳақида кетяпти. Нега назорат қилувчи органлар бунга эътибор қилмаяпти?
Абдулла Абдуқодиров: Одатда бундай катта лойиҳаларга доир шартномаларни тузишда ўз обрўсига эга халқаро юридик компаниялар жалб қилинади. Шартномаларни тузишда халқаро юристлар жалб қилинганми?
Муҳаббат Отақулова: Чет эллик нуфузли юристларни жалб қилишни ўша пайтда лойиқ топмаганмиз, бу Ўзбекистондаги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Инвестиция вазирлигида ишлаётган юристларнинг малакасига шубҳа билан қараш бўлади деб ҳисобланган эди. Учала томон келишувни биргаликда ишлаб чиққан.
Абдулла Абдуқодиров: Шартномада низоларни ҳал қилиш учун қайси давлат юриспруденцияси танланган?
Муҳаббат Отақулова: Инвестицион келишувнинг 6-бандида агар низолар чиқса, ўзаро келишувларни амалга ошириш, ўзаро хатлар жўнатиш орқали ечим топиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди орқали томонлар келишуви амалга оширилиши белгиланган.
Абдулла Абдуқодиров: “Minerva City” 500 млн долларлик, “Lake city” эса 200 миллион долларлик лойиҳа бўлгани айтиляпти, демак булар – жуда катта лойиҳалар. Умумий ҳолатда 750 млн доллар ҳақида гап кетяпти, бу кичик пул эмас. Бундай катта лойиҳаларни амалга ошираётганда ҳар қандай инвестор бу лойиҳа ўзи учун қанчалик даромад келтиради, қандай тўсиқ ва имкониятлар борлигини таҳлил қилади. Бунда табиатга етказиладиган зарар, ҳуқуқий нормалар, иқтисодий шароитлар (солиқлар, даромад ва харажатлар) кўриб чиқилади. Инфраструктурага кетадиган харажатлар алоҳида кўриб чиқилади. Яъни ҳамма таваккаллар, рисклар, имкониятлар ва бўлажак таҳдидлар ҳаммаси инобатга олинади.
Бунақа катта лойиҳалар 1-2 йиллик нарса эмас. Тажрибамдан биламанки, бундай лойиҳаларга инвестор томонидан жуда йирик юридик компаниялар, хусусан катта тўртлик аудит ташкилотлари жалб қилинади. Назаримда, энг катта хато мана шу – “due diligence” етарлича сифатли бўлмаган. Юзага келиши мумкин бўлган хавфлар тўлиқ ҳисобга олинмаган. Ким нима учун ва нега айнан шу томон жавоб беради деган масала ҳам очиқ қолган.
Барногул Санақулова: Биринчи бўлиб 2019 йил феврал ойида Тошкент вилояти ҳокимининг қарори, кейин Зангиота туман ҳокимлиги ҳамда 2020 йил апрел ойида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори чиқяпти. Кечириб қўясизлар, 2017 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент вилоятига қарашли айрим туманларда ер билан боғлиқ масалаларда Тошкент вилояти туманларининг ҳокимлари ва вилоят ҳокимига чеклов қўйилган. Тошкент вилоятининг рўйхатда келтирилган туманлар ҳокимлари ва вилоят ҳокимининг ерларни сотишга, аукционга қўйишга ва умуман ер билан боғлиқ ҳуқуқларни ўзгартиришга бўлган ҳуқуқлари чекланган. Қандай, қайси асосларга кўра Зангиота тумани ҳокими, Тошкент вилояти ҳокими ер ажратиш борасида қарор чиқаргани қизиқ ҳолат бўляпти. Бунга ҳам алоҳида ҳуқуқий баҳо берилиши керак.
Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори 2020 йил апрел ойида чиққан деяпти. Қизиқ-да, бу пайтда бу ерлар Тошкент шаҳрига қарамаган. Яъни бу пайтда ҳокимнинг бу ерларга юридик ҳуқуқи бўлмаган. Чунки Тошкент шаҳар ҳокимининг бу ерларга юридик ҳуқуқи 2020 йил сентябр ойидаги Сенат қарори билан вужудга келган. Демак, ҳали ерга нисбатан ҳуқуқи бўлмаган Тошкент шаҳар ҳокими ўзида йўқ бўлган ҳуқуқдан фойдаланяпти. Балки у ерлар ўтишини билгандир, аммо биз қонун билан ишлашимиз керак.
Абдулла Абдуқодиров: Нега бундай шартномалар умумхалқ оммага тақдим этилмайди? Майли, қилишга қилибсизлар, нега буни на қилишдан олдин, на қилгандан кейин экспертлар кўриб чиқмади?
Агар ўша пайт оммадан яширилмаганда иқтисодчилар, сиёсатчи ва бошқалар ўз фикрини айтарди. Балки бўладиган низоларнинг олди олинарди. Ҳозир эса, менинг тушунишимча, инвесторнинг олдига шартномада кўзда тутилмаган шартлар қўйиляпти. Инвестор шундай шароитга келтирилганки, низолар Ўзбекистон қонунчилиги бўйича кўриб чиқилади, яъни инвестор томондан бу низоларни ютиб чиқиш имкони жуда кам. Бунда ўзининг ҳам айби бор. У агар пул киритса ва пулини [иккинчи томоннинг шартнома шартларини бажармаслиги оқибатида] қайтариб ололмаса, халқаро арбитражга мурожаат қила олиши, томонлар халқаро арбитраж қарорини сўзсиз қабул қилишини шартномага киритиши керак эди.
Ҳозир эса икки томон ҳам ютқазадиган шароитни кўриб турибмиз. Ҳокимият ҳам лойиҳани умидлар билан амалга оширган, одамлар уйлари битишини кутиб турибди, инвестор норози. Бу бўлажак инвесторларга жуда катта дарс бўлиб, бошқа инвесторлар ҳам Ўзбекистонга киришдан олдин минг марта ўйлаб кўради... Ўйламайди ҳам, тўғрисини айтсам, бошини қотириб нима қилади? Шунча қийинчилик, шунча азоб кимга керак, шаффоф шароитлари бор бошқа мамлакатлар кўп, бемалол кириб, аукциондан ерни олиб, қурилиш қиласан, ҳеч қанақа муаммо йўқ, томонларнинг келишуви шаффоф, ким нима қилиши аниқ.
Бола эмасмиз энди, 30 йил бўлди мустақил бўлганимизга. Ҳамма муаммомиз шундаки, биз қонунчилик, тизим яратиб, унга амал қилиш ўрнига, доим ўзимиздаги тушунчалар билан, маънавий категориялар билан иш олиб боришга ҳаракат қиламиз. Айтилган гаплардан хулоса қилсам, шартноманинг сифати бир тийинга қиммат. Демак бу шартнома билан битадиган иш ҳам жуда катта савол туғдиради.
Барногул Санақулова: Тўғриси, инвесторнинг вакили инвестицион шартнома сатрларини ўқиб бераётган пайти бунчалик даражада арзон, бунчалик юридик лазейкаларга эга шартномани биринчи марта кўриб туришим. Лойиҳа эса жуда катта. Бунақа пайтда ҳақиқий инвесторлар нима қилади? Биринчи бўлиб “ўзининг қулоқлари”, яъни нуфузли юридик компанияларни жалб қилади. Масала ер ажратиш ҳақида бўлса, улар Ўзбекистонга келиб, ер қонунчилигини яхшилаб ўрганиб чиқади, хусусийлаштириш билан боғлиқ масалалар жиддий ўрганилади ва инвесторнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инвестицион лойиҳа тузиш ҳақида ўйлайди.
Абдулла Абдуқодиров: Лойиҳаларнинг бош режаси тасдиқланмаётгани айтилди. Тасдиқланмаган бўлса, қурилишни бошлаб нима қиласан? Бизда ҳар доим шунақа, сметаси номаълум, лойиҳаси охирига етмаган, тасдиқланмаган, лекин қурилиш кетаверади.
Мен бошида айтганимдек, учала тараф ҳам “уй вазифаси”ни бажармаган.
Барногул Санақулова: Ҳамма томонда айб бўлиб чиқяпти. Албатта, бунга биз баҳо бера олмаймиз. Бунга мутасадди ташкилотларнинг батафсил ҳуқуқий баҳоси берилиши ва бу баҳо оммага эълон қилинишини талаб қилиб қолган бўлардим.
Абдулла Абдуқодиров: Мақсад – келажакда бунақа хатолар такрорланмасин. Ва бунақа оммани жунбишга келтирадиган ишлар бўлмасин. 100 млн доллар кимдир кимдирга... Йўқ! Бу ерда жуда катта муаммолар бор. Шу жумладан, Ўзбекистоннинг имижи ҳам.
Мадина Очилова,
Абдуқодир Тўлқинов,
Абдусалим Абдувоҳидов,
Kun.uz
Мавзуга оид
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
19:10 / 13.11.2024
Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
20:55 / 02.11.2024