Ўзбекистон | 13:30
2780
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умрзоқов бошқа ишга ўтказилди

Сардор Умрзоқов президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимини тарк этди (бу лавозим тугатилган). У энди Абдулла Абдуқодиров ўрнига Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори лавозимига ўтказилган.

Фото: Президенти администрацияси

Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Сардор Ўктамович Умрзоқов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Шу муносабат билан у Ўзбекистон президентининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди (президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозими тугатилди).

Сардор Умрзоқов (1977 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, сўнгра Рединг университети (Буюк Британия) магистратурасида ўқишни давом эттирган, PhD даражасига эга.

Узоқ вақт давомида Ўзбекистон банк тизимида ва хорижда – Европа тикланиш ва тараққиёт банкида (Лондон, Буюк Британия), шунингдек, молия органлари тузилмасида, хусусан, вазирлик ғазначилигида масъул лавозимларда ишлаган.

Ўз фаолияти давомида «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси бошқаруви раиси маслаҳатчиси (2014−2017), раис ўринбосари (2017–2018) ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси (2018–2019) лавозимларида ишлаган.

2019 йил январ ойида у Инвестициялар ва ташқи савдо вазири этиб тайинланганди, 2020 йил март ойида бош вазир ўринбосари бўлган. 2022–2023 йилларда президент администрациясига раҳбарлик қилган.

2025 йил июл ойидан бери президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётганди.

Абдулла Абдуқодиров / Kun.uz

Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигига 2026 йил майидан буён Абдулла Абдуқодиров (в.б) раҳбарлик қилаётганди. У 2022 йил декабридан буён ушбу агентлик директори ўринбосари бўлиб ишлаган.

Президент матбуот хизмати хабарида Абдулла Абдуқодиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан агентлик раҳбарлигидан кетгани маълум қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид