Норвегия суди "РЖД" собиқ раҳбари Якуниннинг ўғлига оқлов ҳукми чиқарди
Якунин Норвегияда ноқонуний равишда учувчисиз учоқни учиришда айбланган, Россия фуқароларига эса санкциялар остида буни амалга ошириш тақиқланган.
Норвегиянинг Тромсё округ суди «Россия темир йўллари» собиқ раҳбари Владимир Якуниннинг ўғли - тадбиркор Андрей Якунинни Шпицберген архипелагида тасвирга олиш учун дрондан фойдалангани бўйича айблов юзасидан оқлади. Бу ҳақда Elden адвокатлик фирмаси 7 декабрь, чоршанба куни маълум қилди.
Норвегияда октябр ойи ўрталарида Россия темирйўллари собиқ раҳбари ва Россия президенти Владимир Путиннинг ишончли шахсларидан бири бўлган Владимир Якуниннинг ўғли Андрей Якунин Шпицберген узра ноқонуний равишда учувчисиз учоқни учиргани учун ҳибсга олинди.
У Украинага бостириб кирганлик учун санкциялар доирасида Россия фуқароларига дронларни бошқариш бўйича қўйилган тақиқни бузганликда айбланган. Россия ва Британия фуқаролигига эга Якунин дронни бошқарганини тан олди.
Суд жараёнида тадбиркорнинг ҳимояси тақиқ кўнгилочар мақсадларда фойдаланиладиган кичик дронларга тааллуқли эмаслигини таъкидлади. Адвокатлар, шунингдек, Якунин нафақат Россия, балки Буюк Британия фуқароси бўлганлиги сабабли, унинг ишига бошқа ишлардан бошқачароқ муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлади. Норвегия оммавий ахборот воситалари Якунинни оқлаган суд ҳимоянинг қайси важларини инобатга олганига аниқлик киритмаган.
Норвегия прокуратураси VG'га суд қарори устидан шикоят қилишини айтди. Якуниннинг адвокати, ўз навбатида, ҳукмни «соғлом фикрнинг ғалабаси» деб атади, чунки қонунда, унинг сўзларига кўра, тақиқланиши мумкин бўлган учувчисиз учоқларнинг қатъий белгилаб қўйилган рўйхати йўқ.
Октябрь ойида 7 нафар россиялик Норвегияда ноқонуний равишда учувчисиз учоқни учиргани ва ноқонуний суратга олиш ишларини амалга оширгани учун ҳибсга олинди. Бош вазир Йонас Гар Стёре Норвегия аэропортлари яқинида учувчисиз учоқлар парвози муносабати билан «хорижий разведка идораларининг Норвегия аэропортлари устидан учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиши»ни қабул қилиб бўлмас деб атади. «Руслар Норвегия узра учувчисиз учоқларни учиришга ҳаққи йўқ», деди у.
Мавзуга оид
13:50 / 25.10.2024
Ўзбекистондан Дания ва Норвегияга миллий маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилади
19:30 / 24.10.2024
Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш таклиф этилди
09:10 / 16.10.2024
Россия Норвегиядаги элчихонаси штатини қисқартирди
20:31 / 12.10.2024