Иқтисодиёт | 19:41 / 09.12.2022
22073
6 дақиқада ўқилади

Аксилмонопол қўмита айрим товарлар нархини назорат қилмоқчи. Бу маҳсулотлар тақчиллигига олиб келиши мумкин

Қўмита бензин, кўмир, цемент каби юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар ҳамда гўшт, ун, нон, шакар, ўсимлик ёғи каби муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархини назорат қилмоқчи. Нархларни асоссиз оширганлар жавобгарликка тортилиши мумкин. Иқтисодчи бу чора зарарли экани ва узоқ муддат тақчилликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархларини назорат қилиш ва барқарорлигини таъминлаш бўйича қарор қабул қилиниши кутилаётгани ҳақида хабар қилди.

Қўмита бунга айни кунларда АИ-80 маркали бензин нархи ошгани аҳоли орасида танқидий муҳокамаларга сабаб бўлаётганини асос сифатида кўрсатмоқда. Хабарда бу ҳолатларга қарши ҳуқуқий таъсир чоралари етарлилиги кенг муҳокама қилинаётгани қўшимча қилинган. 

Қарор лойиҳасига асосан Монополияга қарши курашиш қўмитаси:

- 45 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар (бензин, кўмир, металл, цемент ва ҳоказо);

- 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмол маҳсулотлари (ун, гўшт, нон, шакар, ўсимлик ёғи ва ҳоказо) нархлари асоссиз оширилмаслигини назорат қилади.

Мазкур вазифани бажариш учун Монополияга қарши курашиш қўмитаси:

- мониторинг қилади, уларнинг тебранишига таъсир этган омиллар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади;

- мавжуд захираларни хатловдан ўтказади;

- тақдимнома ва кўрсатмалар киритади;

- жавобгарликка тортиш чораларини кўради. 

«Бу – орқага қадам»

Иқтисодчи Миркомил Холбоев Аксилмонопол қўмитанинг нархлар назорати борасидаги даракларига муносабат билдираркан, бу чора «яна бир орқага қадам» экани ҳақида ёзди

«Биламан, ҳозир  қарор қабул қилувчилар учун ҳам, халқ учун жудаям қийин ва синовли давр. Бундай вақтларда қарор қабул қилувчилар халқнинг ғазабини  ва норозилигини қўзғамаслик учун   кўпчиликка ёқадиган, лекин самарасиз ва зарарли қарорни қабул қилишга ҳам тайёр бўлади.  Нархлар назорат қилиниши эса табиийки, кўпчилик томонидан ижобий қабул қилинади. 

Балки бу қарор қисқа муддатда бироз иш бергандек ҳам бўлар, лекин узоқ муддатда  нархларни назорат қилиш кўпроқ зарарли бўлиши билан бирга халқ кутган натижага ҳам олиб келмайди», деб ёзди у. 

Холбоевнинг қўшимча қилишича,  нархларни назорат қилиш амалда муаммони ечмайди,  балки унинг янада катталашишига замин яратади. 

Беларусда нархлар ошиши тақиқланганидан кўп ўтмай дўконлар ёпила бошлади

Жорий йил 6 октябрда Беларусда нархларни ошириш тақиқланди.  Шундан сўнг нархларни тартибга солиш тўғрисидаги қонун кучга кирди ва нархларни «асоссиз» оширган тадбиркорлар ҳибсга олина бошлади.

Айрим ҳудудларда тадбиркорлар ишини тўхтатгани, ишчилар ишга чиқмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Иқтисодчилар тез орада дўконларда маҳсулот қолмай, иқтисодиёт жар ёқасига келишини айтди. 

Октябр ойи охирига келиб, турли ҳудудлардаги тадбиркорлар савдо дўконларини ёпди

Ўзбекистонда нархлар назорат қилинмаслиги айтилганди 

2022 йил 28 октябр куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовдан Беларусдаги каби сиёсатга муносабати сўралди. Нормуродов Беларуснинг нархларни оширмаслик сиёсатига муносабати салбийлигини таъкидлади.

«Бундай йўл билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Президентимиз Марказий банкка раҳбар бўлаётганимда бизга бошқариладиган нарх-наво керак эмас, бозор белгиласин, бозордаги нарх мўътадил бўлишига Марказий банк қўлидан нима келса, таъминлашингиз керак, дегандилар. Шу пайтгача мазкур вазифани бажаряпмиз. Иқтисодий вазият ёмонлашган тақдирда ҳам Марказий банкнинг қарашлари ва фикри унақа усулдан бормайди», деганди Мамаризо Нурмуродов.

Давлат нархларни сунъий тушириши нега хавфли?

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uzʼга берган интервьюсида давлатнинг бозорга ўринсиз аралашуви жиддий оқибатларга олиб келишини Аргентинадаги гўшт саноати мисолида тушунтириб берганди

Аргентина дунёдаги энг катта гўшт экспортчиларидан бири бўлган. Бундан бир неча йил олдин, бутун дунёда гўшт нархи қимматлаша бошлаган пайтда аргентиналик тадбиркорлар яхши фойда қилган, бироқ шу пайтда мамлакатнинг сиёсий бошқарувчилари: «гўшт нархи кўтарилиб кетди, одамларимиз қийналяпти», деган важ билан гўшт экспортига 40 ё 50 кунлик тақиқ қўйишган.

Кейин нима бўлган? Албатта, гўшт нархи тушган. Минглаб тонна гўшт маҳсулотларини экспорт қилаётган мамлакатда чекловлар ўрнатилса, ўз-ўзидан ички бозорда маҳсулот кўпайиб кетади. Аммо бунинг оқибатида бир қанча вақтдан кейин мамлакатда гўшт кескин қимматлашиб, Аргентина дунёдаги энг кўп гўшт экспорт қилувчи мамлакатлар қаторидан чиқиб кетган.

Бунинг сабаби – рағбатлар нотўғри қилиб қўйилганида.  Гўшт саноатига пул тикиши мумкин бўлган эҳтимолий инвесторлар ўз маблағини бошқа соҳага йўналтирган. Чунки улар давлат исталган пайтда экспортга тақиқ қўйиб қўйиши мумкинлигини кўришган.

Тадбиркорлар чўчиб қолиши учун давлат бу ишни бир марта қилиши етарли. Инвестор пул тикди, гўшт етиштирди ва энди сотаман деганда тақиқ қўйиб қўйишди.

Мамлакатда гўшт нархи ошиши бошқа нарсалар ҳам қимматлашишига сабаб бўлган. Гўшт ишлаб чиқариш занжирида катта музлаткичлар, транспорт воситалари, гўштни экспорт қилиш учун қадоқлаш кабилар йўлга қўйилган бўлган. Яъни ҳукуматнинг битта қарори билан бутун бир саноат ўлган деса бўлади.

Мавзуга оид