Жаҳон | 10:35 / 10.12.2022
7929
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага Leopard 2 танклари етказиб берилишига қарши эмас

Германия Украинага Leopard 2 танкларини етказиб беришдан бош тортиб, бу борада Ғарбда ишлаб чиқарилган танкларни Киевга етказиб бермаётган НАТОнинг бошқа аъзолари позициясига ишора қилаётганди. Бироқ Вашингтоннинг бу борада ҳеч қандай эътирози йўқ.

Фото: AP

АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали амалдори биринчи марта унинг мамлакати Германияни Украинани замонавий танклар билан таъминлашга тўсқинлик қилаётгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман 9 декабрь, жума куни Берлинда АҚШнинг Украинага Германиянинг Leopard 2 танклари ҳамда Patriot ҳаво мудофааси ва зенит-ракета тизимларини етказиб беришга эътирози йўқлигини, Киев уларни қатъийлик билан талаб қилаётганини айтди. Бу ҳақда dpa агентлиги хабар бермоқда.

«Иккала ҳолатда ҳам бизнинг позициямиз ўзгармайди: Германия нима қилиши кераклиги Германиянинг ўзи томонидан ҳал қилинади», деди Шерман. Унинг қўшимча қилишича, Берлин «Германиянинг ўзи учун тўғри қарор» қабул қилади.

Германия канцлери Олаф Шольц бир неча бор Германия Ғарбда ишлаб чиқарилган танкларни Украинага битта ўзи етказиб беришни истамаслигини таъкидлаган, шунинг учун баъзи таҳлилчилар НАТОнинг бундай етказиб беришни қабул қилиб бўлмаслиги борасида бирлашган қарори мавжуд, деган фикрда эди. Шу пайтгача НАТО давлатлари Украинага фақат совет иттифоқида ишлаб чиқарилган танкларни етказиб берган.  

АҚШ вакилининг сўзлари Германиянинг Украинани Leopard 2 билан таъминламаслик бўйича иттифоқчилик мажбуриятлари йўқлигини англатади. Бироқ, Берлин бу борада бошқа сабабларга кўра қарор қабул қилиши мумкин.

Мавзуга оид