Европа Иттифоқи давлатлари Россиянинг 19 млрд евролик активларини музлатиб қўйди
AFP агентлигининг 9 декабрь куни келтирган статистик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари ЕИ санкциялари доирасида Россия компаниялари ва олигархлари ҳисобларидаги 19 миллиард еврони музлатиб қўйган.
Бельгия 3,5 миллиард евро маблағни музлатиб қўйгани билан рўйхатнинг биринчи ўрнида, ундан кейинги ўриндан Люксембург 2,5 миллиард евро ва Германия 2,2 миллиард евро музлатилган маблағ билан жой олди.
Малта (инвестициялар эвазига русларга «олтин паспортлар» тарқатган мамлакат) Россия активларини музлатиб қўйган давлатлар рўйхатини ёпиб берган. Малта тахминан 150 минг еврони музлатиб қўйди.
Бундан олдин Европа комиссияси Россиянинг музлатиб қўйилган активларини мусодара этиш режасини таклиф қилганди.
«Биз Россия Марказий банкининг 300 миллиард евролик захираларини блокладик ва россиялик олигархларнинг 19 миллиард евролик пулларини музлатиб қўйдик», — деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда ЕИ ва унинг ҳамкорлари ушбу маблағларни бошқариш ва сармоя сифатида йўналтиришни ўз зиммаларига олишлари мумкин. Ундан тушган маблағ Украинага етказилган зарарни қоплаш учун юборилади.
«Буни амалга ошириш учун биз ҳамкорларимиз билан халқаро шартнома устида ишлаймиз. Биргаликда бунинг қонуний йўлларини топишимиз мумкин», деди фон дер Ляйен.
Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи БМТ кўмагида Россия тажовузкорлиги жиноятларини тергов қилиш ва айбдорларни жазолаш учун ихтисослаштирилган суд яратишни таклиф қилмоқда.
Мавзуга оид
13:31
Ўзбекистон ва Россия қўшма корхоналарни кўпайтиришни муҳокама қиляпти
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024