Кучли аёлларни кўрганда ҳавас қиламиз. Лекин ожиза қилиб яратилган нозик хилқат вакилига кучли бўлиш қанчалар оғир экани ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. Филология фанлари доктори, 6 марта “Олтин қалам”, “Йил журналисти” каби қатор мукофотлар совриндори, журналист, эколог Наргис Қосимова билан ўзини осмоқчи бўлгани, ажрашганини бир йилдан сўнг билгани, болаларини ёлғиз оёққа қўйгани ҳақида суҳбатлашдик.

Болалигим жуда яхши ўтган. Қиз бола уйда ўтириши керак, ўқиб нима қиласан, эртага турмушга чиқасан, деган гаплар оиламизда мутлақо бўлмаган. Доим қизиқиш, истакларимизни ҳурмат қилиб, қўллаб-қувватлашган. Оиламизда қиз болага ҳам, ўғил болага ҳам шахс сифатида қаралган.

Ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга кирганман. Бир вақтнинг ўзида “Жиззах ҳақиқати”да иш бошлаганим айнан журналистикага қадам қўйишимда катта мактаб бўлган.

Иккинчи курсда ЎзМУнинг ўзбек гуруҳларига Москвада ўқиш учун танлов бўларди. Шундан ўтиб ўқишимни Москвада давом эттирганман. Бунда ота-онам менга қаршилик қилишмаган. Аксинча, дадам ўзлари олиб бориб, мени ётоқхонага жойлаштириб келганлар.

1997 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Турмушга чиқдим. Афсуски, мен келин бўлиб борган оилада аёлга бошқача муносабатда бўлишарди. Аёл кишига шахс сифатида қаралмасди.

Севишиб турмуш қурган бўлсак ҳам, турмуш ўртоғим мени тушунмади. Доимий равишдаги жанжаллар, калтакларга қарамай мен оиламизни сақлаб қолишга ҳаракат қилардим.

Бу аёл киши учун жудаям қийин. Ҳеч бир аёл турмушим бузилсин демайди, фақатгина ўзига инсон сифатида озгина эътибор, меҳр талаб қилади. Уни ҳам одам ўрнида кўришларини хоҳлайди. Балки моддий бойликка ўч аёллар ҳам бордир. Лекин озгинагина ўқиган, илм, билимга интилган аёллар ундай бўлмайди. Тинч ва бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлайди.

Жанжаллар тушунмовчиликдан келиб чиқарди. Мен инсон сифатида ўзимни реализация қилишни истардим. Ишлагим келарди. Турмуш ўртоғим ишлашимни истамасди. Лекин рўзғоримизни таъминламасди. Ёш болаларим билан оч қолган кунларим кўп бўларди. Уларни боқиш учун турли пишириқлар, салатлар қилиб сотган кунларим ҳам бўлди.

Мен олий маълумотли бўлатуриб бундай йўл билан пул топишим, бир тийинга зор бўлишим мантиққа тўғри келмас эди. Шундай қилиб ишга чиқишга мажбур бўлдим. Бу ҳам жанжаллар учун яна бир баҳона бўлди.