Спорт | 21:15 / 11.12.2022
37130
13 дақиқада ўқилади

Мессининг ғазаби, Неймар ва Роналдунинг кўз ёшлари: 1/4 финалнинг асосий воқеалари

Қатардаги жаҳон чемпионатининг чоракфинал учрашувлари қандай воқеалар билан ёдда қолади?

Фото: Спорт-Экспресс

ЖЧ-2022 1/4 финалида Хорватия Бразилияни қўшимча бўлимлардаги голлар алмашинувидан кейинги пенальтилар сериясида турнирдан чиқариб юборди (1:1, 4:2), Аргентина ҳам Нидерландияга қарши ёрқин кечган қарама-қаршиликдан кейин футбол лотереясида зафар қучди (2:2, 4:3), Марокаш Португалия тўсиғидан ўтди (1:0), Франция эса Англияни мағлуб этди (2:1).

Хорватия — Бразилия: бразилларнинг навбатдаги муваффақиятсизлиги

Бразилия 2002 йилги чемпионликдан кейин мундиалларда финалларга чиқа олмаяпти. Ўтган вақт мобайнида пентакампеонлар плей-офф босқичларида муваффақиятсизликлар серияси билан ўз мухлисларини ранжитишди. Тите жамоаси эса бежиз 2022 йилги жаҳон чемпионатининг асосий фаворити сифатида кўрилмаётганди. Карнавалчилар жамоаси Сербия ва Швейцарияга қарши ўйинларда керакли паллаларда ўйинни кучайтира олишган, кераксиз ўйинда Камерунга ютқазган бўлса-да, нимчорак финалда Корея тор-мор этилганди. Лекин бу ўйинларда рақиблар савияси жамоанинг ҳақиқий имкониятларига баҳо бериш учун етарли эмаслиги маълум бўлди.

Хорватия ҳимояда қамалиб олмади ва бразилларга бемалол ўз ўйинини кўрсатишга йўл қўймади. ЖЧ-2018 турниридан буён янгиланган Златко Далич жамоаси қатъият ва характерини сақлаб қолган. Дарвозабон Ливакович барча зарбаларда ҳам суперқаҳрамонлардек кўринмасди. Фаворит эса ҳеч қанақасига ўйин темпини кўтара олмади, асабийлаша бошлади ва фақат қўшимча вақтларда индивидуал маҳорат эвазига гол урди. Неймар рақиб жарима майдонидаги комбинацияни ажойиб тарзда якунлаб, ўзининг учинчи жаҳон чемпионатида саккизинчи голини урди ва терма жамоа учун урилган голлар сони бўйича Пеленинг рекордини такрорлади (77). Тите жамоаси эҳтиёткорлик билан ҳаракатлана бошлади, аммо рақибнинг дарвоза соҳасига Петкович ижросида йўлланган илк хавфли зарбасини ўтказиб юборди. Пеналтилар сериясида бразиллар хатоларга йўл қўйишди, бешинчи бўлиб нуқтага келиши мўлжалланган Неймарга навбат етиб келмади, хорватлар эса яна футбол лотереясидаги муваффақият орқали юришни давом эттирди.

Неймар ва унинг кўплаб жамоадошлари майдонни кўзда ёш билан тарк этишди. Уларни буюк Модрич ҳамда Перишичнинг ўғли ҳам юпантирди.

Тите жамоаси турнирни тарк этиши кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Лотин Америка вакиллари ҳар бир гол учун тайёрлаган рақслар, Кореяга қарши ўйинда бош мураббий сўзида туриб, футболчилар билан «кабутар рақси»га қўшилиши муҳокамалар марказида бўлди. Жамоа матбуот котибининг чоракфинал арафасидаги матбуот анжуманларидан бирида мушукка ёмон муносабатда бўлгани билан боғлиқ эпизод ҳам алоҳида муҳокама қилинди. Қатарда Бразилия ва Аргентина ўртасидаги яримфинал рўй бермагани борасида саволлар бисёр.

Нидерландия — Аргентина: Мессининг ёрқин ва қоронғи томони

Топ-жамоалар ўйини ажойиб ва керагидан ортиқ қизғин кечди. Луи ван Гаал ЖЧ-2014 яримфиналида голсиз дурангдан кейинги мағлубиятли пенальтилар сериясини ёддан чиқармаганди, у «МЮ»нинг собиқ футболчиси Ди Мариянинг фаолиятидаги энг ёмон мураббий ўзи бўлгани ҳақидаги гапларига ҳазил билан жавоб қайтарди. Нидерландиялик мутахассиснинг реванш олишга ва янги пенальтилар сериясига тайёрлиги ҳақидаги сўзлари биргина Мартинеснинг иштиёқини уйғотмади. Мессини яна ёпиб қўйиш ваъдаси Лионелнинг ўзини ўта дарғазаб қилди. Аргентиналиклар сардори унинг сўзларига майдонда ўз ўйини билан жавоб қайтарди.

Лионел Скалони аргентиналикларни уч марказий ҳимоячига асосланган схема бўйича жойлаштирди ва бунда рақиб схемасини қисман такрорлади. Икки кучли рақибнинг эҳтиёткор ўйинида ташаббус ва устунлик Месси жамоадошларида бўлди. Леода манёврлар қилиши ва бўш ҳудудларда ҳаракатланиши чеклаб қўйилди, аммо у Молина учун доҳиёна голли пас бериш учун лаҳзани топа олди. Иккинчи бўлимда сардор пенальтини аниқ ижро этди ва мундиаллардаги 10-голини урган ҳолда Батистутанинг миллий рекордини такрорлаб, Марадонани жаҳон чемпионатларидаги самарали баллар (17 та гол+пас) бўйича ортда қолдирди.

Ван Гаал ЖЧ-2014 да Коста-Рика билан ўйинда пенальтилар сериясидан олдин дарвозабонни алмаштириб, барчани ажаблантирганди, энди эса икки марказий форвард — Люк де Йонг ва Вегҳорст майдонга тушиши барчасини ўзгартириб юборди. Улардан олдинроқ майдонга тушган Бергейс ва Копмайнерс эса Вегҳорст учун голли паслар беришди. Нидерландлар 90+11-дақиқада ижро этилган стандарт вазиятдан фойдаланиб, ўйинни овертаймларга ўтказишди. Эътиборли томони 1998 йилги чемпионатда Англияга қарши Аргентина ҳам стандарт вазиятни худди шу кўринишда ижро этиб, гол урганди. Шу вақтгача терма жамоада атиги икки гол урган 30 ёшли Вегҳорст қисқа вақт ичида яна шунча гол уриб, ўз мураббийининг навбатдаги яширин жокери вазифасини ўтади.

Қўшимча бўлимларда аргентиналиклар рақибга яна кучли босим ўтказишди ва кўплаб хавфли вазиятлар юзага келтиришди. Пенальтилар сериясида эса Мартинес ван Дейк ва Бергейснинг зарбаларини қайтарди, аргентиналиклар сафида биринчи бўлиб нуқтага яқинлашган Месси гол урди, турнир давомида кўплаб вазиятларни йўққа чиқарган Лаутаро Мартинес эса ҳал қилувчи зарбани аниқ ижро этди. Ва барча ҳиссиётларга берилди.

Ўйиндаги эҳтирос ва кескинликлар ўйин давомида фақат кўтарилиб борди, бош ҳакам Матеу Лаос эса қатъий жазо чоралари кўришга шошилмади. Испаниялик рефери асосий вақтнинг охирги дақиқаларида ва пеналтилар сериясидан кейинги тўқнашувлар билан кечган ёқимсиз лаҳзалардан қочиб қутула олмади ва жами 18 та сариқ ва биргина қизил карточка кўрсатди - ўйиндан кейин Думфрис қаршисида қизил карточка кўтарилди. Отаменди ва жамоадошлари эса сериядаги ғалабани рақиб футболчиларини калака қилган ҳолда нишонлашди, улар орасида бунгача уларнинг жиғига тегиб келган Думфрис ва Вегҳорст ҳам бор эди.

Месси ҳам ўз шоусини уюштирди. Пеналтилар сериясидан кейин бошқа футболчилар Лаутаро томон чопганида, Лео майдоннинг қарама-қарши қаноти томонида ётган дарвозабон олдига келиб, ғалабани у билан нишонлади. У шунингдек шахсан ван Гаалга иккита хабар йўллади. Ўйинда пенальтидан гол урганида у рақиб мураббийлари штаби жойлашган томонга қараб туриб, қўлларини қулоқларига қўйди — «Барселона»да Месси келишидан анча олдинроқ ўйнаган (ўшанда жамоа бош мураббийи бўлган ван Гаал уни чиқиштирмаган ва жамоадан кетишга мажбур қилган) ва терма жамоада у билан жамоадош бўлган Рикельме ҳам Нидерландияга урган голини шундай нишонлаганди.

Ўйиндан кейин ҳам аргентиналик футболчи нидерландияликлар штаби вакиллари билан даҳанаки жангни давом эттирди ва «Мени тўхтата олдингизми?» иборасини такрорлади.

Ўйиндан кейинги интервюда эса Месси фақат баланд бўйли футболчиларга тўп узатишга асосланган примитив услубга ўтган ван Гаални, шунингдек бош ҳакам Лаосни танқид қилди, шу вақтда яқин орадан ўтаётган Вегҳорстни «аҳмоқ» деб атаб, уни ҳайдади ва интервюда рақибнинг ушбу 19-рақамли футболчисининг провокациялари ҳақида гапирди. Эмилиано Мартинес ҳам арбитрни ва рақиблар мураббийини ёмонлади. Бу жаҳон чемпионатининг энг яхши ўйинларидан бирининг ёмон саҳналари бўлди.

Марокаш — Португалия: африкаликларнинг жасорати

Португалия чоракфинал ўйини олдидан Роналду ҳақидаги саволлар туфайли яна бир нотинч кун ўтказди. Криштиану Швейцарияга қарши 1/8 финал ўйинида бошланғич таркибда тушмагани барчанинг диққат марказида бўлди. ОАВда шу туфайли жамоада жиддий можаро юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалди: португал матбуоти футболчи бундан кескин норози бўлгани ва жамоа лагерини тарк этмоқчилиги ҳақида ёзди. Фернанду Сантуш эса жамоанинг бош юлдузи билан мулоқот хотиржам руҳда кечгани, жамоа футболчилари эса сардор жамоани тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани ҳақида айтишди.

Роналду Марокашга қарши ўйинда яна захира ўриндиғида қолди, нимчорак финал баҳсида ҳет-трик қайд этган Рамуш Жоау Фелиш ва Бруну билан ҳужум учлигини ташкил этишди. Португаллар ҳудудий устунликни голга айлантириш учун олдинга ташланишди, бу эса жамоа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келиши хавфини туғдирди. Танаффус арафасида бундай вазиятлар юзага келди, Ан-Носири тўп учун курашда Рубен Диашдан устун келди, дарвозабон Диогу Кошта эса тўпга чиқишда хато қилди. Сантуш жамоасида ўйинни қутқариш учун бир бўлим бор эди ва бу бўлимни Криштиану майдонда ўтказди, унда вазиятлар бўлди, лекин гол бўлмади.

Марокаш бу чемпионатда Хорватия, Белгия, Канада, Испания ва Португалияга қарши ўйнаб, фақат бир бор гол ўтказди — ва бу ҳам Шимолий Америка жамоасига қарши ўйиндаги автогол эди. Буну испанларга қарши ўйиндан кейинги пеналтилар сериясида ҳам гол ўтказмади. Марокашликлар плей-оффда принципиал рақиблари бўлган Испания ва Португалияни ортда қолдирди (бу икки жамоа Россиядаги мундиалда африкаликларни гуруҳда қолдириб кетганди) ва Африканинг жаҳон чемпионатларида яримфиналга чиққан илк жамоасига айланди. Ҳакими, Зиёш ва компания турнир бошланишига бир неча ой қолганида Воҳид Халилхожичнинг ўрнига тайинланган Валид Рикрокий бошқарувида топ-4 сафидан жой олди.

Роналду финал ҳуштаги чалингач майдонни дарҳол тарк этди ва трибуналар остидаги йўлакда кўз ёшларини тия олмади. Португалиялик қаторасига бешта жаҳон чемпионатида гол урган ягона футболчи бўлса-да, унга плей-оффда гол уриш насиб этмади. Криштиануга терма жамоа билан асосий турнир финалига чиқиш ҳам армон бўлиб қолганди — жамоа финалга ЖЧ-2006 турнирида яқин келганди, ўшанда португаллар яримфиналга чиққан. 37 ёшли форвард ажойиб футболчилик карьерасини босиб ўтди, «МЮ» ва «Реал» сафида улкан ғалабаларга эришди, кўплаб шахсий совринларни қўлга киритди, терма жамоа билан Европа чемпиони бўлди ва Миллатлар Лигасида ҳам ғолиб чиқди, кўплаб рекордларни қайтадан ёзди, лекин жаҳон чемпионатларидаги орзусига етиша олмади.

Англия — Франция: Кейннинг драмаси

Франция Қатарда Европадан жаҳон чемпиони бўлган жамоалар учраган тавқи лаънатни енгиб ўтди ва XXI асрда чемпионликдан кейинги турнирда гуруҳдан чиқа олган илк Европа жамоаси бўлди, энди эса топ-4 сафидан жой олди. Дидье Дешам жамоаси Австралия ва Дания билан ўйинларда ўз футболини намойиш этган, натижаси у қадар аҳамиятли бўлмаган учинчи турда Тунисга қарши иккинчи таркибни қўйиб, ютқазиб қўйган, плей-офф стартида эса Полшани осонлик билан мағлуб этганди. Мбаппе 5 гол билан турнир тўпурарлари рўйхатида пешқадам бўлиб олган, Жиру терма жамоадаги голлари сони бўйича (52) Анрининг рекордини янгилаганди. Бу ўйинда эса Оливьенинг аниқ зарбаси турнир фаворитларидан саналган англияликларга қарши ўйинда ғалаба келтирди. Бу оқшом Льорис Тюрамни қувиб ўтиб, миллий жамоа сафида ўтказилган ўйинлар сони (143) бўйича яккапешқадам бўлиб олди.

Гарет Саутгейт жамоаси чоракфиналга қадар уч рақибни — Эрон, Уэлс ва Сенегални йирик ҳисобларда мағлуб этди, шу билан бирга қаторасига уч бўлимни голсиз ўтказди — АҚШга қарши ўйин 0:0 ҳисобида якунланди, уэлсликларга қарши ўйиннинг биринчи бўлимида ҳам ҳисоб очилмаганди. Европанинг амалдаги вице-чемпионлари ва ЖЧ-2018 яримфиналчисининг сермаҳсул ўйинида Кейн вазиятлар яратувчиси ролини бажарди, шу билан бирга нимчоракфиналда Сенегалга қарши ўйиндаги битта голи билан терма жамоадаги голлар сони бўйича рекордга яқинлашди. Французларга қарши ўйинда эса «Тоттенҳэм» форварди Рунининг натижасини такрорлади (у 80 ўйинда 53 гол урди, Руни эса 80 гол учун 120 ўйин ўтказган), аммо бу рекордни шу ўйинда янгилай олмади. Натижада инглизлар йирик турнирни яна бир бор драматик тарзда тарк этишди.

Кейн иккинчи бўлим бошида клубдоши қўриқлаётган дарвозани пенальтидан ишғол этди, бўлим охирида эса яна бир бор 11 метрлик нуқтадан ҳисобни тенглаштириш имкониятини қўлдан бой берди, унинг зарбаси дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди. Ўйин охирида мағлубият учун ўзини айблаб, ерда ўтирган Кейн қаршисига келган камера йўлини дарвозабон Пикфорд тўсиб чиқди, кейин эса ҳужумчини юпатиш учун рақиб футболчилари ҳам келишди.

Плей-офф сеткаси

Яримфинал ўйинини Аргентина ва Хорватия 13 декабр куни ўтказади, Франция ва Марокаш баҳси — 14 декабрга белгиланган.

ЖЧ-2022 турнирининг ҳал қилувчи баҳси — 18 декабр куни ўтказилади.

Мавзуга оид