Ўзбекистон | 10:07 / 12.12.2022
3892
2 дақиқада ўқилади

Словакия элчиси Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунламоқда

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Словакия элчиси Ян Борини мамлакатдаги дипломатик миссияси якунлаётгани муносабати билан қабул қилди.

Фото: Dunyo

Вазир Словакиянинг Тошкентдаги дипломатия миссиясига беш йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган элчи икки томонлама муносабатларни изчил ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини юқори баҳолади.

Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик долзарб масалалари муҳокама қилинди. Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш устувор аҳамият касб этиши таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳозирги даражаси икки давлат мавжуд иқтисодий имкониятлари, инсон ва ишлаб чиқариш ресурсларига мос келмайди. Ушбу йўналишда мулоқотни институционаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари ва Словакия Миллий кенгаши ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди. Томонлар «Ўзбекистон – Словакия – Европа Иттифоқи» ва «Вишеград гуруҳи + Марказий Осиё» форматларида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди. 

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тезроқ имзолаш зарурлиги таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид