Жаҳон | 09:56 / 12.12.2022
13635
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Байденга «мисли кўрилмаган ёрдам» учун миннатдорчилик билдирди

Украина етакчиси Володимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байденга Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларидан кейин АҚШ томонидан Украинага кўрсатилган «мисли кўрилмаган ҳарбий ва молиявий ёрдам» учун миннатдорчилик билдирди. 

Фото: president.gov.ua

Икки давлат раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Зеленский 12 декабрь, душанбага ўтар кечаси Telegram'да. 

Унинг таъкидлашича, АҚШ қўллаб-қувватлаши нафақат Украинанинг жанг майдонида муваффақият қозонишига ҳисса қўшган, балки Украина иқтисодиёти барқарорлигини сақлаб қолиш имконини ҳам берган.

Бундан олдин АҚШ Украинага 275 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлаб қўйгани хабар қилинганди.

Унинг таркибига 80 минг дона гаубица снарядлари, HIMARS ўқ-дорилари, HUMVEE ҳарбий машиналари, генераторлар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига қарши ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари киради. 

6 декабрь, сешанба куни АҚШ Конгрессидаги тегишли қўмиталар 1 октябрда Қўшма Штатларда бошланган 2023-молия йили учун Миллий мудофаа тўғрисидаги қонунни (National Defense Authorization Act, NDAA) келишиб олди. 

Унга кўра, NDAA Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг таъминланиши устидан назорат бўйича Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (Ukraine Security Assistance Initiative, USAI) доирасида 800 миллион доллар (746 миллион евро) маблағ ажратади.

Reuters маълумотларига кўра, бу АҚШ президенти Жо Байден жорий йил бошида сўраганидан 500 миллион доллар (478 миллион евро)га кўпдир.

USAI пакети «АҚШнинг Украинани энг долзарб эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, узоқ муддатда унинг суверенитетини ҳимоя қилиш учун Украина Қуролли кучларининг салоҳиятини ошириш орқали уни қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлайди», деб маълум қилди Пентагон.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид