Жаҳон | 09:07 / 13.12.2022
3431
2 дақиқада ўқилади

FT: Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар бўйича махсус вакил тайинлайди

Еврокомиссия АҚШдаги собиқ элчи О'Салливанни ЕИнинг Россияга қарши санкцияларига бутун дунё бўйлаб амал қилиш бўйича махсус вакил этиб тайинлайди, деб ёзади Financial Times манбаларга таяниб.

Фото: EPA/EFE

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар бўйича махсус вакил тайинлайди. 12 декабрь, душанба куни Financial Times'нинг манбаларга таяниб хабар беришича, у ЕИнинг АҚШдаги собиқ вакили Дэвид О'Салливан бўлади. Унинг вазифаси бутун дунё бўйлаб Европа Иттифоқининг Украинага қарши уруш учун қўллаган жазо чораларига қатъий риоя қилишни таъминлашдан иборат бўлади.

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Туркия каби давлатлар Россиянинг Европа чекловларини четлаб ўтишига йўл қўймаслигини таъминлаши кутилмоқда. Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Европа Иттифоқи Анқарадан саноат ва мудофаа маҳсулотлари экспорти устидан қаттиқ назоратни четлаб ўтишга уринаётган компаниялар томонидан Россияга тақиқланган маҳсулотлар етказиб берилишига қарши чора кўришни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, FT манбасига кўра, бу борада Сербия ва Бирлашган Араб Амирликлари Брюсселнинг диққат марказида бўлган.

Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимига кўра, Еврокомиссия 13 декабрдаёқ янги лавозимни белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Дэвид О'Салливан 2023 йилнинг январида лавозимни эгаллаши мумкин. Дэвид О'Салливан ҳозирда Ирландиядаги Халқаро ва Европа муносабатлари институти таҳлил марказига раҳбарлик қилади.

12 декабрь куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини муҳокама қилди. Аввалроқ Еврокомиссия унинг таркибига 200 га яқин россиялик компания ва жисмоний шахслар, шунингдек, учта банк кириши ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид