Ўзбекистон | 18:02 / 13.12.2022
14538
2 дақиқада ўқилади

Вазиятни телевизорда кўриш бошқа, сизлар билан бевосита кўришиб ўрганиш бошқа – президент

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги қатор объектларни кўздан кечирган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев айни пайтда туман фаоллари ва мутасаддилар билан учрашди.

“Тошкент шаҳрида 584 та маҳалла бор. Улардаги вазиятни телевизорда, ижтимоий тармоқларда кўриш бошқа, сизлар билан бевосита кўришиб ўрганиш бошқа. Умуман, Тошкент шаҳри пойтахтимиз. Унинг ютуқлари ўзимизники, камчиликларини эса муҳокама қилиб бартараф этишимиз керак. Шу боис сизлар билан бугун очиқ суҳбатлашиб олмоқчиман.

Шаҳар ҳокимлиги сўраган маблағларни биз бериб турибмиз, яқинда ҳам 200 млрд сўм ажратдик. Мен келишимдан мақсад, қилинган ишларни мақтаниш эмас. Якунланаётган йилдан сабоқ, келгуси йилга режа! Мана шу масала диққат марказимизда бўлиши керак. Мен бежизга маҳаллага диққат қаратмайман: ҳамма дард маҳаллада, лекин шу билан бирга ҳамма даво ҳам маҳаллада.

Мен бугун булар кўрсатган жойдан юрмадим. Мен сизлардан сўраб кўчага кирмайман. Бугун кирган жойимда тартибни кўрмадим, беэга жойларни кўрдим. Наҳотки шуларни шунча ташкилот кўрмаса?! Қорлар вақтида куралмаган. Шу қадар музламаки, кексалар, ёш болалар юрса, йиқилиб жароҳат олади. Раҳбарлар қаёққа қараяпти, қани изланиш?

Албатта, Учтепа катта туман. Деярли 300 минг аҳолиси бор. Шунинг учун мен бош вазирни қайта-қайта бу туманга жўнатяпман. Агар биз муаммолар билан ишламасак, ёшлар билан шуғулланмасак, эртага бизнинг ёшларимиз билан бошқалар шуғулланади.

Яхши бўлиш учун тинимсиз ишлаш керак. Юз марта қилинган яхши ишларни битта ёмонлик, битта муаммо ювиб кетиши мумкин. Шунинг учун биз эрта тонгдан туриб енгни шимариб ишлашимиз керак.

Биз ҳозирдан келгуси йилдаги иқтисодимизни чуқур ўйлашимиз керак”, – президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид