Жаҳон | 16:43 / 13.12.2022
5061
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Энергетика соҳасига 800 миллион евролик ёрдам керак

Фото: Reuters

Украина ҳеч бўлмаганда ушбу иситиш мавсуми тугагунга қадар Европа энергетика тизимидан фавқулодда ёрдамга муҳтож, яъни Европа Иттифоқи давлатларидан 2 гигаваттгача бўлган электр энергияси етказиб берилиши керак. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский Парижда Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича конференциядаги видеомурожаати чоғида айтиб ўтди

Зеленскийнинг сўзларига кўра, ENTSO-E – электр энергиясини узатиш бўйича Европа тизим операторлари тармоғидан тегишли қарор талаб қилинади. 

«Бундай ёрдамни жорий нархларда тахминан 800 миллион еврога баҳолаш мумкин», - дея таъкидлади Украина раҳбари. «Албатта, бу жуда катта миқдор, аммо бу эҳтимолий блэкаут нархидан камроқ», — деди Зеленский видео-алоқа орқали. 

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Украинага трансформаторлар, шикастланган юқори вольтли электр узатиш линияларини таъмирлаш учун ускуналар, шунингдек, генераторлар ва газ турбиналари керак. 

«Террорчилик хуружлари натижасида электр станцияларимиз вайрон бўлганлиги сабабли, биз бу қишда кутилганидан кўра кўпроқ газ ишлатишга мажбур бўламиз», — дея қўшимча қилди Украина раҳбари.

Аввалроқ 10 декабрга ўтар кечаси Россиянинг камикадзе-дронлари Одесса вилоятидаги энергетика инфратузилмаси объектларига ҳужум қилганди. Бу ҳақда Одесса шаҳар кенгаши «Юг» оператив қўмондонлигига таяниб хабар берди. 

Ҳужум натижасида катта зарар етказилгани, минглаб истеъмолчилар электр энергиясиз қолгани айтилади. 

Бундан олдин Украинага Франциядан 100 та генератор етиб келганди.

Украинага Франциядан юк етказилди - юзта ўрта қувватли генераторлар Россия томонидан Украинанинг муҳим инфратузилмаси ўққа тутилаётган бир пайтда мамлакат аҳолисига қишдан омон қолишга ёрдам беради. 

Юкни Украина энергетика вазири ўринбосари Фарид Сафаров қабул қилди. Генераторлар Европа Иттифоқининг фуқаролик муҳофазаси механизми (UCPM) лойиҳаси доирасида сотиб олинган, дея хабар беради Украина Энергетика вазирлиги.

Германия энергетика инфратузилмасини таъмирлаш учун Украинага 56 миллион еврога яқин маблағ ажратди ва 350 дан ортиқ генератор беради.

Мавзуга оид