АҚШ Конгрессига TikTok ижтимоий тармоғини тақиқлаш тўғрисидаги қонун киритилди
Унинг муаллифлари илова америкаликларга нисбатан жосуслик қилиши ва маълумотларни йиғиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Америкалик қонунчилар Конгресснинг иккала палатасига TikTok ижтимоий тармоғидан фойдаланишни тақиқловчи, шунингдек, Россия, Хитой ва бошқа бир қатор давлатлар назоратидаги медиа-компанияларга нисбатан санкциялар қўллаш имкониятини назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Қонун лойиҳаси республикачи сенатор Марко Рубио томонидан тақдим этилган. Бунга TikTok иловасидан америкаликларга нисбатан жосуслик қилиниши, уларнинг шахсий маълумотларини йиғиш ва дезинформацияларни тарқатишда фойдаланиш мумкинлигидан хавфсираш сабаб бўлган.
Янги қонун лойиҳаси Хитой ва Россия томонидан бошқариладиган ёки таъсири остидаги ҳар қандай ижтимоий медиа иловаларини тақиқлашга қаратилмоқда. Вакиллар палатасида худди шундай қонун лойиҳасини республикачи конгрессмен Майк Галлаҳер ва демократ Ража Кришнамурти тақдим этган.
Рубионинг фикрича, «гап ижодий видеороликлар ҳақида эмас, балки ҳар куни ўн миллионлаб америкалик болалар ва катталар ҳақидаги маълумотларни тўплайдиган дастур ҳақида кетмоқда».
«Биз биламизки, TikTok иловасидан янгиликларни манипуляция қилиш ва сайловларга таъсир кўрсатиш учун фойдаланилмоқда. Бу тақиқ Хитойга қарата жавобдир. Хитой Коммунистик партиясининг қўғирчоғи бўлган (ByteDance) компанияси билан беҳуда музокараларда энди вақт сарфламаслик керак. Энди уни тақиқлаш вақти келди. Пекин назорати остидаги TikTok бутунлай тақиқланиши керак», дейилади сенатор Рубио баёнотида.
АҚШ айрим штатларида давлат хизматчиларига ўз компютери ва телефонида TikTok иловасидан фойдаланиш тақиқланган.
2020 йилда президент Доналд Трамп маъмурияти ҳам TikTok иловасини тақиқлашга уриниб кўрган эди.
Мавзуга оид
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024
Reuters: Байден администрацияси Украинага охирги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилишга тайёрланмоқда
13:43 / 20.12.2024
Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича АҚШ билан музокаралари расман якунланди
22:32 / 18.12.2024