Спорт | 19:55 / 14.12.2022
19189
2 дақиқада ўқилади

«Мушук можароси» Бразилия футбол конфедерациясига қимматга тушиши мумкин

Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Бразилия футбол конфедерациясини мушук билан боғлиқ можаро туфайли судга берди.

Бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари Бразилиянинг Ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллий форуми билан биргаликда Бразилия футбол конфедерациясини (БФК) судга берди. Улар «мушук билан боғлиқ можаро» туфайли ташкилотдан 1 миллион реал (200 минг доллар) миқдорида компенсация талаб қилган.

Ҳодиса Қатарда ўтказилаётган жаҳон чемпионатидан ўрин олган Бразилия - Хорватия ўйинидан олдин юз берди. Матбуот анжумани пайтида стол устига мушук сакраб чиқди. Бразилия миллий жамоаси матбуот хизмати ходими эса жониворни орқасидан ушлаб кўтарди ва полга ташлади. Воқеа ижтимоий тармоқларда кескин реакцияга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар матбуот ходимини мушукка нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун танқид қилишди.

Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари БФК ходимлари учун ҳайвонларни парвариш қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тренинглар ўтказишни, шунингдек, омма олдида кечирим сўрашни талаб қилмоқда. Даъво аризасига қўшилган бошқа ташкилотлар рўйхати келтирилмаган.

Бразилия миллий жамоаси чоракфинал ўйинида Хорватияга пеналтилар сериясида ютқазиб, мусобақани тарк этди.

Мавзуга оид