Иқтисодиёт | 17:36 / 15.12.2022
31349
4 дақиқада ўқилади

«Йил бошидан буён Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробар ошди» – Марказий банк

Регулятор таҳлилларига кўра, геосиёсий танглик давом этиши ташқи молия бозорларида Ўзбекистоннинг “хатар мукофоти” ортишига олиб келиши мумкин. Ушбу омиллар глобал молиявий шароитлар қатъийлашиб бориши фонида ташқи молиялаштириш имкониятларининг қисқариш хавфини орттиради.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Марказий банк бошқарувининг 15 декабрдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Регулятор шарҳига кўра, жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархида мувозанатлашув кузатилаётган бўлса ҳам, ички бозорда нархларга бўлган босимлар сақланиб қолмоқда. Аҳоли инфляцион кутилмалари, умумий инфляциянинг сўнгги 3-4 ойда сезиларли ўзгармагани ва айни пайтда базавий инфляциянинг ўсувчи тренди иқтисодиётда “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Истеъмол бозорларида талаб ва таклифга таъсир кўрсатувчи ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқорилигича қолмоқда.

Ноябрь ойида йиллик инфляция суръати 12,3 фоизни ташкил этди. Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,7 ва 7,8 фоизга қимматлашган.

Ноябрь ойи натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,3 фоизни, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 14,3 фоизни ташкил этгани ҳолда ўтган ойлар даражасида қолган.

Шунингдек, йиллик базавий инфляция ноябрда 13,4 фоизгача тезлашиб, унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси 10,1 фоиз бандгача ошган.

Ташқи иқтисодий шароитларда юқори ноаниқлик даражаси сақланиб қолмоқда. Хусусан, жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларида мувозанатлашув кузатилаётган бўлса-да, уларнинг келгуси динамикаси бўйича хатар ва ноаниқликлар мавжуд.

Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида ташқи савдо операциялари бўйича экспорт тушумларида ҳам, импорт учун тўловларда ҳам ўсувчи тенденциялар кузатилган.

Экспорт ҳажми (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга, импорт – 21,2 фоизга ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ошган. Шунингдек, ушбу даврда банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 2,8 млрд долларга тенг бўлган.

Ташқи иқтисодий алоқаларда кузатилаётган ушбу вазият, ички валюта бозорини мувозанатлаштириб, миллий валюта алмашув курси барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатган, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси йил бошига нисбатан 3,5 фоизга қадрсизланган.

Хатарлар ва ноаниқликлар. Ёқилғи таъминоти билан боғлиқ масалалар транспорт-логистика ва ташиш нархларини ошириши орқали товарлар ва хизматлар нархларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аҳоли даромадларининг, шу жумладан, мамлакатга пул ўтказмаларининг юқори ўсиш суръатлари фонида иқтисодиётда ялпи талаб ҳажмидаги юқори ижобий суръатлар, ялпи таклифдаги айрим узилишлар фонида инфляцияга оширувчи босим ўтказиши эҳтимолларини юзага келтиради.

Шу билан бирга, глобал иқтисодий фаоллик ва эҳтимолий рецессия билан боғлиқ хатарлар сақланиб қолаётгани, келгуси йилда ташқи талабни камайтирувчи аҳамият касб этади. Геосиёсий танглик давом этиши эса ташқи молия бозорларида Ўзбекистоннинг “хатар мукофоти” ортишига олиб келиши мумкин. Ушбу омиллар глобал молиявий шароитлар қатъийлашиб бориши фонида ташқи молиялаштириш имкониятларининг қисқариш хавфини орттиради.

Бундай шароитда, ички молиявий ресурслардан самарали фойдаланилиши ва умумий фискал тақчиллик қисқартирилиши ташқи таъсирларни минималлаштириш имконини беради.

Ўз ўрнида, базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси ва унинг умумий инфляциядаги ҳиссаси ошиб бораётгани ички иқтисодиётда инфляцион босимларнинг узоқроқ муддатли характерга эга бўлиб бораётганини билдиради.

Мавзуга оид