Жаҳон | 21:41 / 16.12.2022
8761
2 дақиқада ўқилади

Африкадаги «Русский дом» маркази раҳбарига суиқасд уюштирилди 

Дмитрий Ситий қўлида бомба солинган жўнатма портлаган. АҚШ уни «Вагнер» ХҲК билан алоқадорликда айблаб, санкциялар рўйхатига киритган эди. 

Фото: Reuters

Марказий Африка Республикаси (МАР) пойтахти Банги шаҳрида «Русский дом» маданий маркази раҳбари Дмитрий Ситийга суиқасд уюштирилди. 

«Халқаро хавфсизлик бўйича офицерлар ҳамдўстлиги» ташкилоти хабарига кўра, унга бомба солинган жўнатма юборилган. 

«Бугун Банги шаҳрида Россия гуманитар миссиясига қарши теракт содир этилди. «Русский дом» раҳбари Дмитрий Ситий қўлида бомба солинган жўнатма портлади», дейилади хабарда. 

Ситий шифохонага ётқизилган, шифокорлар унинг ҳаёти учун курашмоқда. 

Хабарга кўра, суиқасддан олдин Дмитрий Ситий агар Россия МАР билан ҳамкорликни тўхтатмаса, ўзи ва оиласи ўлдирилиши ҳақидаги таҳдидли хатларни олган. 

Россия ТИВ ҳодисани «теракт» деб атади. 

«Биз Банги шаҳридаги «Русский дом» фаолиятига тўсқинлик қилиш, кенгроқ айтганда, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларнинг муваффақиятли ривожланишига зарар етказишни мақсад қилган ушбу жиноий ҳаракатни кескин қоралаймиз», дейилади баёнотда. 

Дмитрий Ситий 2018 йилдан бери Марказий Африка Республикасида ишлаяпти. У раҳбарлик қилаётган «Русский дом» маданият маркази Россия ва МАР ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган дастурларни амалга ошириши айтилган. Бироқ, Ситий Евгений Пригожин томонидан асос солинган «Вагнер» ХҲК ходими бўлиши мумкин. АҚШ ва Европа Иттифоқи бу компанияни Африкадаги бир қанча жиноий ҳаракатларда, жумладан қотиллик ва зўравонликда айбламоқда. 2020 йилда Ситий АҚШ санкциялари рўйхатига киритилган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид