Жаҳон | 18:34 / 16.12.2022
23339
4 дақиқада ўқилади

Путин 10 йил ичида илк бор йирик матбуот анжуманини ўтказмайди. Нима учун?

Манбалар Путин Украинадаги ҳарбий муваффақиятсизликлар ва Россиядаги янги «диверсиялар» қўрқуви туфайли катта матбуот анжуманини бекор қилганини айтмоқда.

Вячеслав Оселедко / AFP / Scanpix / LETA

12 декабр куни Владимир Путиннинг 2022 йилги анъанавий катта йиллик матбуот анжумани ўтказилмаслиги маълум бўлди. Буюк Британия разведкаси буни Кремлнинг тадбир давомида Украинадаги урушни «берухсат муҳокама қилиниши»дан хавотирга тушгани билан боғлади. Эртаси куни ТАСС агентлиги 2022 йилда президентнинг Федерал мажлисга мурожаати ҳам бўлмаслиги ҳақида хабар берди.

The Moscow Times манбаларига кўра, бу тадбирларни бекор қилиш қарорини сўнгги лаҳзада президентнинг шахсан ўзи қабул қилган ва бу Россия армиясининг Украинадаги ҳарбий муваффақиятсизликлари билан боғлиқ.

Владимир Путин 2001 йилдан катта матбуот анжуманларини ўтказишни бошлаган. Фақат Россия бош вазири лавозимида ишлаган бир неча йиллар истисно бўлган. 2012 йилдан буён эса мунтазам равишда, ҳар йили декабр ойида ўтказилган, уларнинг барчаси узоқ вақт давом этган (ўртача 4 соатдан ортиқ) ва диққат марказида бўлган.

The Moscow Times нашрининг Кремлдаги ва ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзишича, Путин 2022 йилда Россия армиясининг Украинадаги муваффақиятсизликлари, Херсондан чекиниши, Қрим кўпригидаги портлаш, аннексия қилинган Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасига дронлар ҳужуми, шунингдек, Саратов ва Рязан областларидаги ҳарбий аэродромларга берилган зарбалар каби воқеалар туфайли матбуот анжуманини бекор қилган.

Манбанинг ёзишича, ноябргача Кремлда матбуот анжумани ўтказилиши ва Федерал мажлисга мурожаат йўлланишига ишонишган. Ҳукумат ва президент маъмурияти бу тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрган.

«Улар ўзаро муҳокамаларда фронт чизиғи ортидаги вазият қулай тарзда ривожланмаётганини муҳокама қилишган, лекин бошлиқ — қоятош, бу синовларга дош бера олади деб ҳисоблашган. У тадбирларни бекор қилишни умуман истамайди, «катта жанр»да ишлай олиш қобилияти ва тажрибаси эса вазиятни ўзи учун фойдали томонга ўзгартира олишга имкон беради. Ахир, бугунги кунда Россия ҳақиқатан ҳам қамалдаги қалъа, Путин эса унинг коменданти», деган нашр манбаларидан бири.

Аммо декабр ойи бошида Кремлдагилар Путин иштирокидаги «катта тадбирлар» учун ахборот фони ниҳоятда ноқулай деган хулосага келади. «Хусусан, Кремл стратегик аэродромларга зарбалар берилгани ҳақидаги хабардан лол қолган», деб ёзади The Moscow Times.

Шу вақтдаёқ юзага келган катта хатарлар туфайли президентнинг матбуот анжумани ўтказилмаслиги ойдинлашади. Жумладан, Кремлнинг режаларига бевосита таъсир қиладиган янги «диверсия» содир бўлишидан хавотирга тушиши туфайли ҳам.

«Диверсия масаласи хавфсизлик кучлари билан учрашувларда атрофлича муҳокама қилинади. Улар «энди ҳеч қачон бундай бўлмайди», деб қасам ичади. Лекин матбуот анжумани олдидан бундай воқеа содир бўлмаслигига ҳеч ким 100 фоиз кафолат бера олмайди. Бу матбуот анжуманига қарши кучли аргумент эди», дейди нашр суҳбатдошларидан бири.

Шу билан бирга, The Moscow Times манбалари катта матбуот анжумани бекор қилинишига асосий сабаб президент ва унинг жамоасида урушдан чарчаган россияликларни хавотирга солаётган кўплаб саволларга жавоб йўқлиги деб ҳисобламоқда.

«Нима ҳақида гапириш керак? Саволлар кўпаймоқда, жавоблар эса борган сари камаймоқда! Қолаверса, айнан қарор қабул қилиш жараёни иштирокчилари орасида», дейди россиялик амалдорларга мунтазам маслаҳат бериб турадиган йирик корпорациянинг юқори мартабали ходими.

Президентнинг Федерал мажлисга мурожаати ҳақида гапириладиган бўлса, Россия расмийлари ушбу тадбир учун янги кун тартибини ишлаб чиқмоқда. Бунда армия, ҳукумат ва президент маъмуриятида кадрлар алмашинуви бўйича қарорлар қабул қилиниши мумкин.

Мавзуга оид